Амирнинг «солиқ дафтари»да яширинган Бухоро тарихи
Бухоролик журналист, тарихий-илмий тадқиқотчи Ибодат Ражабова билан «Тупроқ остидаги тарих: Бухоро кентлари номи орасида яширинган сирлар сарлавҳаси остида» қадимий шаҳар ва қабристонлар тарихи борасидаги изланиш ва ўрганишлари борасида суҳбатлашган эдик. Тажрибали мустақил тадқиқотчи Ибодат Ражабованинг ҳар бир изланиши қадим Бухоро тарихий тилсимларини очишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
- Бу галги тарихий изланишларни мустақил тадқиқотчи Ҳамза Салимов билан бирга ўргандик. Бухоро тарихи шу қадар тилсимга бойки, у билан яқиндан танишсангиз, Бухоронинг жавоҳир диёр эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Бу галги тадқиқотимиз кўпчилик олимларни ҳам ҳайратга солди,-дейди биз яна суҳбатга чорлаган ҳамкасбимиз.
Савол: Бухоро тарихини ўрганишда «солиқ дафтари» деган манба ҳақида кўп гапирилган. Бу қандай ҳужжат ва унинг аҳамияти нимада?
Ибодат Ражабова: Бухоро амирлиги даврига оид бу ҳужжатлар юртнинг ижтимоий, иқтисодий ва этнографик тарихини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга. Амирлик ҳар йили 1743 та қишлоқдаги 63 минг 456 та хўжаликдан йиғиладиган солиқлар ҳақида маълумот юритган. Бу рўйхат халқ орасида «солиқ дафтари» номи билан машҳур бўлган. 1924 йили Ўзбекистон Марказий районлаштириш комиссияси мазкур маълумотларни «Халқ турадиган жойларнинг рўйхати» номи билан нашр этган. Кейинроқ, 2017 йилда музейшунос Ахтам Аҳмедов архив манбаларини қайта ўрганиб, араб алифбосидаги матнларни илмий муомалага киритди. Бу ҳужжат шунчаки, оддий рўйхат эмас. Унда қишлоқларнинг номи, аҳоли таркиби, хўжаликлар сони, масжидлари, марказдан узоқлиги, қайси кентдан тарқалгани ҳақида жуда қимматли маълумотлар сақланган.
Савол: Бу манба билан танишганингизда, биринчи навбатда нималар сизнинг эътиборингизни тортди?
Ибодат Ражабова: Энг қизиқ жиҳати, бугунги кунгача яшаб келаётган кўплаб қишлоқ номларининг ортида минг йиллик тарих ётганини кўриш бўлди. Ғиждувон, Хайробот, Шофиркон, Баҳоуддин, Пешкў каби ҳудудларга қарашли қишлоқларнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар билан танишар эканмиз, номлар оддий атама эмас, ўтмишнинг тирик хотираси эканига ишонч ҳосил қилдик. Айниқса, 220 та қишлоқнинг келиб чиқиш жойи сифатида қайд этилган Сиплон кенти мен ва яна бир мустақил тадқиқотчи Ҳамза Салимовни жиддий изланишга ундади. Тадқиқот давомида «Сиплон»ни ўрганиш биз учун алоҳида аҳамият касб этди. Эътибор қилган бўлсангиз, «Сиплон» номи бугунги кун хариталарида учрамайди. Лекин, амирлик даври ҳужжатларида у катта тарихий марказ сифатида намоён бўлган. Масалан, «солиқ дафтари»да. Унда Авшор маҳалласи12 та хўжалик, ўзбек миллати, келиб чиқиши Сиплон кентидан, Ваҳмкор - 9 та хўжалик, Сиплондан тарқалган. Худди шунингдек, Кўли Ҳорун, Кулонхона, Навметан, Работи Қози, Тали Алиён, Ўтрор каби кўплаб қишлоқлар ҳам Сиплон билан боғланган. Бу маълумотлар Сиплон оддий қишлоқ эмас, балки, атрофидаги кўплаб аҳоли масканлари шаклланган қадимий марказ бўлганини кўрсатади.
Савол: Қадимий жой номларини ўрганишда қандай усулларга таянасизлар?
Ҳамза Салимов: Жой номлари тарихнинг тилда сақланган излари ҳисобланади. Уларга фақатгина бугунги талаффуз сифатида қараб бўлмайди. Сўзнинг қадимий шакли, маъно қатлами, тарихий манбалардаги кўриниши ўрганилиши керак. Масалан, Соктаре номи қадимдаги «Суғдтаре», яъни суғдлар яшаган кент маъносидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Гаждумак эса ўзгарган шаклдаги қадимий атама бўлиб, у «бозор» маъносини англатади. Шофиркондаги Тезгузарнинг асл шакли «Диза гузар» бўлиб, қалъа ёки кентга ўтиш жойини билдиради. Ревгарий қумли тупроқли ҳудуд маънасини берса, Заҳкаш - зах сув чиқадиган жой, Жилвон эса қадимий сўғдча «чўпон, чўлбон» маъносидаги сўзлар билан боғлиқ. Демак, ҳар бир ном ортида бир давр, бир касб, бир табиат манзараси ёки бир тарихий воқеа яширинган.
Савол: Сиплон номининг изини қаердан қидирдингизлар?
Ибодат Ражабова: Изланишларни биз аввал туманлар ҳудудларидаги қабристонлар ва ёши улуғ одамлар орасида олиб бордик. Чунки, кўп ҳолларда йўқолган шаҳарлар номи қабристонлар, тепаликлар ва маҳаллий хотираларда сақланиб қолади. Қоракўлдаги бир қабр атрофидаги баҳс ҳам ана шундай изланишларга сабаб бўлди. Айримлар бу қабрни Дашти Кўлаки қабри, деб билса, бошқалар уни машҳур олим Олим Қорабоғий қабри, деб ҳисобларди. Масалани ойдинлаштириш жараёнида Қорабоғий авлодларидан бири билан суҳбатлашдик. У киши бу қабр Олим Қорабоғийники эканини, унинг аждодлари Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидан Бухорога келиб, илм билан шуғулланишганини айтди.
Мустақил тадқиқотчилар билан суҳбат давоми энг муҳим маълумуот Сипадмун қабристони ҳақидаги хабар бўлди.
Савол: Сипадмун ва Сиплон ўртасида қандай боғлиқлик бор?
Ибодат Ражабова: Жуда қизиқ савол. Бу савол бизнинг изланишларимизнинг асосий нуқтасига айланганди. Самъонийнинг «Насабнома» асарида Сибадмун қишлоғи ҳақида маълумот келтирилган. Унда: «Сибадмун - Бухоро шаҳристонидан ярим фарсах узоқликдаги қишлоқ», деб қайд этилган. Шунингдек, унда шу қишлоқдан чиққан Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Калободий ас-Сибадмуний ва Абу Солиҳ Маъруф ибн Мансур ас-Сибадмуний каби олимлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Бу жой кейинчалик Сафедмун, Сипадмун, Сиплон каби шаклларга ўзгарган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Жой номларининг асрлар давомида товуш жиҳатидан ўзгариши табиий жараён. Бир ном турли даврларда турлича талаффуз қилинган.
Савол: Сиплоннинг янада қадимий қатламларини излашда қайси манбаларга мурожаат қилдингиз?
Ҳамза Салимов: Тархий ҳақиқатни тиклаш учун биргина манба етарли бўлмайди. Архив ҳужжатлари, ёзма манбалар, халқ хотираси, жой номлари ва археологик белгилар бир-бири билан солиштирилиши керак. Сиплон масаласида бизга Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сидаги маълумотлар қизиқ йўналиш берди. Чунки, бу асарда Афросиёб ва унинг авлодлари билан боғлиқ кўплаб номлар келтирилади. Уларнинг айримлари бушунги қишлоқ ва тепалик номларида савланиб қолинган. Масалан, илгари Оржон, Уржон, Уржонтепа каби жой номларини ўрганиш жараёнида уларнинг қадимий илдизлари Афросиёб авлодлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрдик. Ва шу тажриба бизга Сиплон изланишларида ҳам муҳим йўл кўрсатди.
Савол: Демак, Сиплон Афросиёб даври билан боғлиқ бўлиши мумкинми?
Ҳамза Салимов: Тарихий манбалар ва жой номларини қиёсий ўрганиш шу эҳтимолни кучайтиради. Фаразимизча, бу ҳудудда қадимда «Сурха» номи билан боғлиқ катта бир кент бўлган. «Сурха» номи билан аталган бу маскан кейинчалик турли даврларда бошқача талаффуз қилинган бўлиши мумкин. Хабарингиз борки, замон ва даврлар щтиши билан номлар ҳам тарихда ўзгариб боради. Масалан, Сурха → Сурхаён → Сибадмун → Сипадмун → Сиплон → Сафедмун. Бу ўзгаришлар тил қонуниятлари, маҳаллий талаффуз ва тарихий жараёнлар таъсирида юзага келган бўлиши мумкин.
Савол: Бу фикрни тасдиқловчи қандай далиллар бор?
Ибодат Ражабова: Албатта. Бир нечта муҳим белгилари бор. Биринчидан, Сиплон номи амирлик даври Сиплон номи амирлик даври ҳужжатларида катта ҳудудий марказ сифатида тилга олинади. 220 та қишлоқнинг келиб чиқиш манзили сифатида қайд қилиниши – бу кентнинг нуфузи баланд эканидан далолат беради. Иккинчидан, Самъонийнинг «Насабнома» асаридаги Сибадмун қишлоғи ҳақидаги маълумотлар бу ҳудуднинг Бухоро шаҳрига яқин қадимий аҳоли маскани бўлганини кўрсатади. Учинчидан, бугунги Сафедмўй қабристони ўрнида қадимда аҳоли яшаган жой бўлганини кўрсатувчи тарихий белгилар бор. Чунки, кўплаб қадимий шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлганидан кейин қабристон сифатида фойдаланилган.
Савол: Қадимий шаҳарларнинг қабристонга айланиши тарихда кўп учрайдими?
Ибодат Ражабова: Ҳа, бу оддий тарихий жараён. Босқинлар, сиёсий ўзгаришлар, сув йўлларининг бузилиши ёки савдо йўлларининг ўзгариши натижасида кўплаб қадимий шаҳарлар ҳаётдан чиқиб кетган. Аммо, одамлар ўз аждодлари яшаган жойларни унутмаган. одамлар ўз аждодлари яшаган жойларни унутмаган. Улар эски шаҳар харобаларини муқаддас жой сифатида асраб келганлар. Шунинг учун баъзан бир қабристон тагида бутун бошли шаҳар тарихи ётиши мумкин.
Савол: Сиз Сафедмўй ҳудудида ҳам ўрганишлар олиб боргансиз. Бу ерда қандай хулосага келдингиз?
Ибодат Ражабова: Ҳақиқатан ҳам «Насабнома»да келтирилган маълумотларни текшириш учун Бухоро шаҳрининг жанубий томонидаги ҳудудларга бордик. Сафедмўй қабристони жойлашган ҳудуд катта ва қадимий маскан эканини кўрдик. Маҳаллий аҳоли хотираси, қабристон номи ва ёзма манбалардаги маълумотлар бир-бирига яқин келади. Самъоний «Бухоро шаҳристонидан ярим фарсах узоқликдаги Сибадмун қишлоғи» ҳақида ёзган. Масофа ва жойлашув нуқтаи-назаридан бу маълумотлар Сафедмўй ҳудуди билан мос тушади.
Савол: Сиплондан тарқалган қишлоқлар ҳақида ҳам қизиқ маълумотлар бор экан. Улар нимани кўрсатади?
Ибодат Ражабова: Улар Сиплоннинг таъсир доираси жуда кенг бўлганини кўрсатади. Масалан, Навметан, Работи Қози, Ўтрор, Тали Алиён каби қишлоқлар «солиқ дафтари»да Сиплондан тарқалган, деб кўрсатилади. Навметан номи ҳам қизиқ. Бугунги куннинг айрим одамлари, ҳатто, тарихий ҳақиқатларни бачкана қарашлари билан безашга ҳаракат қилишади. Бу жудаям кулгили ва ўз ўрнида ачинарли ҳам. Навметанни – нав – янги, метанни - газ билан боғлашади. Яъни «янги газ». Бу билимсизликдан, тарихий номлар билан қизиқмасликдан дарак. Навметан номи эса аслида, қизиқ. У “янги макон”, “янги яшаш жойи” маъноларини англатади. Бу эса кўчиб чиққан аҳолининг янги ҳудудларда жойлашганини кўрсатади. Сиплондан чиққан аҳоли серсув ариқлар бўйларига жойлашиб, янги қишлоқлар барпо этган. Шу тариқа бир қадимий марказ атрофида ўнлаб янги аҳоли масканлари пайдо бўлган.
Савол: Жой номлари орқали халқнинг турмуш тарзи ҳақида ҳам маълумот олиш мумкинми?
Ҳамза Салимов: Албатта, ахир, жой номлари халқ ҳаётининг тарихий ойнаси-ку! Масалан, айрим номлар борки, улар касбларга боғлиқ. Масалан, Пизишкон - табиблар яшаган жой, Кемухгарон - китоб муқоваси тайёрловчилар маскани, Пинжон - пиллакорлар билан боғлиқ ном. Ушот, Ушин, Ушмиён - токзор ва узумчилик билан боғлиқ атамалар. Бу номлар ўша жойларда қандай касблар ривожланганини кўрсатади.
Савол: Сизлар бу изланишларни бир китоб ёки катта тадқиқот сифатида кўряпсизларми ёки...?
Ибодат Ражабова: Тарихий китоб учун, албатта. Чунки, 220 та қишлоқ ва уларнинг Сиплон билан боғлиқ тарихи бир мақолага сиғмайди. Ҳар бир қишлоқнинг номи ортида алоҳида бир қисса бор. Уларнинг ҳар бири Бухоро тарихининг бир саҳифаси. Биз баъзан катта тарихни фақат подшоҳлар, урушлар ва сиёсий воқеалар орқали тасаввур қиламиз. Аслида эса тарих қишлоқ номи, ариқ номи, тепалик ва қабристонларда ҳам яшайди.
«Тарихий мерос сотилмайди» Бухоро жавоҳирларини излаётган мустақил тадқиқотчилар ҳикояси
Мустақил тадқиқотчилар билан суҳбатлашар эканмиз, улар бир бухоролик тажрибали олим билан хорижлик тадқиқотчиларнинг ҳам ўзаро мулоқоти ҳақида сўзлаб беришди.
Ибодат Ражабова: Бухоро – юқорида айтганимдек жавоҳир диёр. Унинг ҳар бир ғишти, ҳар бир кафт тупроғи тилсим. Бу тилсимларни «ечиш» учун эҳ-ҳе-е, жон куйдирганлар ва жон куйдираётганлар қанча. Изланишлари зое кетмасин. Билсангиз, мустақил тадқиқотчиларимиздан бирининг илмий изланишларига хорижлик тадқиқотчилар ҳам қизиқиш билдиришган. Ҳозирча исмини ошкор қилмаймиз. Чунки, бунинг ўзига хос объектив ва субъектив жиҳатлари бор. Хуллас, унга хорижлик тадқиқотчилар, тўғрироғи, турк олимлари Афросиёб тарихи билан боғлиқ махсус жамғарма тузганини айтиб, топилган маълумотларни уларга бериш ҳақида таклиф қилган. Аммо, тадқиқотчимиз хорижлик тадқиқотчиларнинг фикрига қўшилмай, уларнинг таклифини кескин рад этган. У: «Тарихий далиллар — бу оддий товар эмас, Бухоро тарихи, Афросиёбга оид маълумотлар, аввало, шу заминнинг маънавий бойлиги. Бу жавоҳир, бу мулк Бухорода бўлиши шарт, зарур. Унинг ўзи, ўғиллари шу тупроқда абадий уйқуга кетганлар. Бизнинг улар руҳини безовта қилишга ҳақимиз йўқ! Матбуот сўзидан кейин, марҳамат, ким олиб фойдаланса, фойдалансин. Тўрт сўмга сотсаг-у, бу турк олими изланишлари бўлсинми?! Бухоро олдида гуноҳкор бўлмаймизми, ука?!..» -дея жавоб берган.
Тўғри, албатта, хорижлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш мумкин. Илмий аламшинув керак. Лекин ўз тарихимизнинг асосий манбалари ўз юртимизда сақланиши шарт. Бизнинг вазифамиз топилмаларни халққа етказиш.
Савол: Демак, тадқиқотчининг асосий мақсади...
Ибодат Ражабова: фақатгина ўтмишни тиклаш эмас, уни англаш ҳам. Жой номлари бизга аждодларимиз қаерда яшагани, қандай меҳнат қилгани, қандай шаҳарлар қурганини айтиб беради. Сиплон тарихи ҳам шу ҳақиқатни кўрсатади: ер остида қолган шаҳарлар, ўзгарган номлар ва унутилган манбалар орқали Бухоронинг яна бир буюк саҳифаси очилмоқда. Тарих – халқ хотираси. Хотира эса асраш учун берилган омонатдир.
Суҳбатдош: Лайло Ҳайитова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter