BAT Uzbekistan «Раҳмдиллик» бошпанасига бу гал 150 дона техника ва жиҳозлар совға қилди
Бундан 30 йиллар олдин Самарқанддаги куйиш жароҳатларини даволаш марказида жарроҳ бўлиб ишлаган Бибисора Орипова шифохонага олиб келинган беморлар орасида оилавий зўравонлик қурбонлари, ўзини ёқиб юборган аёлларга кўп бора дуч келган. Тўғри уларни шифокор сифатида даволаш мумкин, аммо шифохонадан чиққач, бу аёлларни қандай ҳаёт кутаётгани бошқа масала эди. Чунки бундай тақдири аянчли аёлларнинг кўпчилигини яқинлари ҳам уйига олиб кетишни истамасди.
Уч нафар фарзанди бор бир аёлнинг қисмати Бибисора опага айниқса қаттиқ таъсир қилди. Аёл оғир жароҳат олганидан кейин ҳам унинг муаммолари тугамади. Фарзандлари билан бир маҳаллада яшаса-да, уларни кўриш имкони йўқ эди. Болалар онасини кўриш учун икки хонадон ўртасидаги панжарадан мўралашар, она ҳам уларни кўришга уриниб, икки томон бир-бирига термулиб йиғлашини кўриш жуда ачинарли эди. Бу манзара Бибисора опанинг хотирасида қолди. У аёлларга фақат шифохонада ёрдам бериш етарли эмаслигини, уларнинг даволанишдан кейин ҳам бориб яшайдиган хавфсиз жойи бўлиши кераклигини тушунди.
Шу тариқа, 1996 йилда ўз уйида «Раҳмдиллик» бошпанасини ташкил этди. Дастлаб оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг айримларига ўз уйидан жой берди. Кейинчалик бу ташаббус нодавлат ташкилотига айланди.
«Раҳмдиллик» нодавлат нотижорат ташкилоти бугун ҳам Самарқандда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар ва болаларга ёрдам бериб келмоқда. Бошпанага нафақат Самарқанд вилоятидан, балки яқин ҳудудлардан ҳам мурожаат қилишади. Айрим аёллар бу ерда бир неча ой, баъзилари эса йиллаб яшашади.
Улар бу ерда тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олади, касб-ҳунар ўрганади, иш топиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, зарур ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашилади. Мақсад, аёлларни оғир вазиятдан олиб чиқиш билан бирга, уларнинг мустақил ҳаётга қайтишига ёрдам бериш. Бугунги кунда бошпанада 30 га яқин аёл ва 18 нафар бола истиқомат қилади, бир йил давомида эса қарийб 500 киши ёрдам олади. Бошпана, шунингдек, уй-жой масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади ва Самарқанд вилоятининг чекка туманларидаги ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлайди.
Бошпананинг бундай фаолиятини йўлга қўйиш ва давом эттириш учун эса фақат инсонпарварлик ташаббусининг ўзи камлик қилади. Кундалик эҳтиёжлар, озиқ-овқат, коммунал тўловлар, маиший жиҳозлар ва бошқа харажатлар ҳам бор. Шунинг учун «Раҳмдиллик» шелтери турли ташкилотлар кўмагига таяниб келади.
10 ноябрь куни «BAT Uzbekistan» компанияси ҳам бошпанага навбатдаги ёрдамини тақдим этди. Бу сафар муассасага 150 дона маиший техника ва жиҳозлар олиб келинди. Уларнинг орасида музлатгичлар, кир ювиш машиналари, газ плиталар ва ҳатто сув кулерларигача бор.
Бу кўмак компаниянинг «Раҳмдиллик» бошпанаси билан кўп йиллик ҳамкорлик давомидаги энг йирик ёрдам дастурларидан бири ҳисобланади.
«BAT бизга биринчи марта ёрдам бераётгани йўқ. Компания ходимлари ҳеч кимдан ёрдам кутиб бўлмайдиган пайтларда ҳам ўзлари келиб, қандай кўмак кераклигини сўрашган. Яқинда болалар хонасини ҳам таъмирлаб беришди. Биз учун бундай муносабат жуда қадрли», — дейди Бибисора Орипова.
Ҳар хил тақдир ва ҳар хил характерга эга бошпанада яшовчи 17 оила учун микротўлқинли печ, ошхона жиҳозлари ёки телевизор оддий маиший буюм эмас, балки кундалик турмушининг муҳим қисми ҳисобланади. Айниқса, аёллар ва болалар бу ерда бир неча ой, баъзан йиллаб яшашини ҳисобга олсак, қулай шароит яратишнинг аҳамияти янада ортади.
«BAT учун жамиятни қўллаб-қувватлаш алоҳида хайрия ташаббуси эмас, балки барқарор ривожланиш бўйича глобал стратегиямизнинг бир қисмидир. Ўзбекистонда биз ушбу ёндашувни аниқ ва узоқ муддатли лойиҳалар орқали амалга оширамиз. «Раҳмдиллик» бошпанаси билан ҳамкорлигимиз кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. Биз учун ёрдамнинг амалий натижа бериши, яъни кундалик шароитларини яхшилаш, аёллар ва болаларга мустақил ҳамда хавфсиз ҳаёт сари қадам қўйишга кўмаклашиш муҳим», — деб таъкидлади BAT Ўзбекистон Бош директори ўринбосари Сергей Красовский.
Маълумот учун: BAT 1994 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритади. Компания мамлакат иқтисодиётига 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Унинг таркибига Самарқанд фабрикаси ва Ургут ферментация заводи киради.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter