Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Сумалакдан топилган ризқ: бозорга чиқарилади, хорижга жўнатилади, буюртма олинади (видео)

Сумалакдан топилган ризқ: бозорга чиқарилади, хорижга жўнатилади, буюртма олинади (видео)

Фото: Xabar.uz

Сумалак Наврўзнинг шоҳ таоми. Сумалакнинг ибтидоси, эҳтимол, Наврўз нишонлана бошланган даврларга тақалар. Балким, ундан-да олдинроқ ёки сал кейинроққа. Не бўлганда ҳам сумалак пишириш бир санъат. Таъми, ранги, қуюқ-суюқлигини меъёрига келтира билиш ҳаммага эмас.

Сумалак қанчалик қадимий неъмат бўлмасин, сумалакпазлик касб сифатида шаклланганига ҳали кўп бўлмади. Касб деганда. меҳнати эвазига ризқ топиш, бажарган иши билан рўзғор тебратиш назарда тутилмоқда.

Тошкент бозорларига биринчилардан бўлиб сумалак чиқарган Гулжаҳон Бекмуродова 70 ёшда. Онахон бугунда ҳам ҳар куни бир дошқозондан сумалак пиширади.

Пазандалик ортидан «очилган йўл»

Гулжаҳон ая жуда самимий аёл. Қўллари чаққон-чаққон ҳаракат қилар экан, касби сирларидан олдин  бошидан кечирганларини  бор-борича гапираверади.

– Асли Шаҳрисабзданмиз, – дейди онахон. – Тошкентга келганимизда аввалига роса қийналганмиз. Бозорларда чой, кофе сотганман. Картошка ва сабзи олиб сотган вақтларимиз ҳам бўлди. Биринчи марта сумалакни 30 йил аввал бозорга олиб чиққанман. Аслида болалигимдан сумалак тайёрланишини кўриб улғайганман. Кейинроқ сумалак қозони бошида онам билан ёнма-ён турганман, онам қўли гул сумалакчи эди. Тошкентга келиб ижарама-ижара юрган кунларимизда ана шу ҳунарим асқотди.

Шундай қилиб, Гулжаҳон ая  айтмиш  «бизнес»га йўл очилган. Даромадларининг боши Тошкентда уй-жой учун тўпланган. (Бугунда ана шу файзли хонадондан ҳар куни сумалакнинг ажиб  бўйи уфуради). «Сумалакпазлик  орқасидан ўғил уйлантирдик, қиз чиқардик, бировдан камимиз йўқ» – дейди онахон.

Тансиқ неъматнинг савдога чиқиши  кўплар учун айни муддао бўлди.

Америкага, Россияга, Кореяга...

Сумалакка солинадиган тошгина бепул. Қолган ҳамма масаллиқнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Бир қоп ун, 30 килограмм буғдой, икки литр ёғ, бир ҳовучча ёнғоқ... Жами 500 минг сўм атрофида сарфланадиган маҳсулот. Лекин буларнинг бари қўл остида бўлса-да, сумалакни ҳамма ҳам эплолмайди. Гулжаҳон аяни биладиганлар улардан сумалак пишириб беришни илтимос қилишади. Ая эса ўз қозони ва капгири, ўтини билан, ҳатто барча масаллиқларни ҳам машинага орттириб  кутилаётган жойга  боради. «Сумалак 18-20 соат қозонда бўлади, қарийб бир кеча-кундуз ўша хонадонда бўламиз, хизматимиз учун 300-400 минг сўм оламиз» дейди онахон. Лекин олдиндан ёздириб қўймаса, навбат етмайди, деб қўшиб ҳам қўяди.

Айрим ҳолларда чиройли, хуштаъм сумалак ҳам жиғилдонни қайнатишини Гулжаҳон ая айтар экан, бунга буғдойни ундира билмаслик сабаб бўлади, дейди ва унинг қозони чўян эмас, алюминий эканини ҳам эслатади.

Сумалакпаз онахон у пиширган баҳор неъмати Америка, Россия, Корея, Германия ва бошқа қатор давлатларга ҳам жўнатилишини фахр билан гапирди. Болалари, жигарларига илинади-да ўзбек.

«Илиқ бўлганда баклашкаларга солиб берамиз, 3-4 кунда айнимайди ёки қайноғида банкаларга ёпиб берамиз» тушунтиради у.

«Шогирдларим – яқинларим»

Сумалакпазлик жисмонан оғир меҳнат. Ҳар куни бир қозон сумалакни, ҳатто қирчиллама ёшдаги инсон ҳам ёлғиз ўзи пиширишолмайди. Гулжаҳон ая синглиси, қизлари жиянлари билан биргаликда ишлашини айтади.  Шундан, аянинг шогирдлари ҳам айнан яқинларидир.

Суҳбатдошим вирус балоси Ўзбекистоннинг сумалак борасидаги шуҳратига халал берди, деб ҳисоблайди. «Гиннес китоби учун 8 тонналик қозонда биргаликда сумалак пиширамиз деб ёзиб кетишган эди. Касал чиқиб, қолиб кетди» афсусланади ая. (Қизиқ, бир қоп унли сумалакни ҳам энг узоқ вақт пишириладиган неъмат деб рекордда қайд қилиш мумкин эмасми?)

Бир вақтлар, саксонинчи йилларда, Наврўзни нишонлаш таъқиқланганди. Ўшанда, йиллар оша шаҳарларда сумалак пиширишни биладиганлар камайиб кетаверди. Ўзларича пиширмоқчи бўлганлар эплай олмай қозон-қозон масаллиқлар ариқларда оқизилган ҳоллар сир эмас. «Биз марказдан узоқда эдик. Ўшанда ҳам онам билан ўзимиз, яқинларимиз учун тайёрлаганмиз, шунинг учун мен сумалак сирларини унутмадим-да», дейди Гулжаҳон ая кулиб.

–  Сумалак мавсуми тугаса, кейин нима қиласиз?

– Нишолда-да, айланай, эркаклар ёрдам беради, қозонимиз бўш қолмайди, элимиз дуосини олиб юраверамиз

Сумалакпаз ая қайта-қайта шукур келтиради ва «Меҳнат қилган хор бўлмайди» деган гапини такрорлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг