Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода талаба қизга «ишқнома» ёзган тьютор қамалди ва ишдан бўшатилди

Бухорода талаба қизга «ишқнома» ёзган тьютор қамалди ва ишдан бўшатилди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда «Бухорода талаба қизга шилқимлик қилган тьютор қамалди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар азалдан илму маърифатга бешик бўлган шариф шаҳар учун ёқимсиз чизгига айланди. Негадир, шу ҳолатни ёритишни оддий хабар орқали эмас, мулоҳазали ёндошишни истадик. Зудлик билан Бухоро вилоят Суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов билан боғландик.

Ҳолат юзасидан бизга тақдим этилган Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди қарори билан танишар эканмиз, мазкур ҳужжатда салоҳиятли илм қўрғонида ўқитувчининг ўз лавозими, мавқеи ва ўзига билдирилган ишончнинг қадрини йўқотганини кўрамиз. 

Айтиш жоизки, ҳеч қандай лавозим, таниш-билиш ёки мавқе инсонга бошқа бир шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳуқуқини бермайди. Айниқса, таълим соҳасидан ишлайдиган ҳар бир ходимнинг масъулияти жуда катта. Талаба ўқитувчидан фақатгина фан бўйича билим олмайди, унинг муомаласи, маданияти, одоби ва атрофдагиларга муносабатидан ҳам ўрнак олади. Ваҳоланки, ўқитувчи ва талаба ўртасидаги ишонч эса жуда нозик тушунча. У бузилса, тиклаш осон эмас.

Судья Фаррух Қаҳоров раислигида Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган маъмурий иш ҳам бунга яққол мисол. 

Суд қарорида маълум бўлишича, асли Жондор туманидан бўлган, Осиё Халқаро университетида тьютор вазифасида ишлаб келаётган А.А. кечки пайтда университет талабаси Г.Ш.га телефон орқали қўнғироқ қилган. Суҳбат давомида унга ишқий муносабат ва жинсий яқинликни таклиф қилган. 

Шунингдек, ўз талабасига номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган сўзларни айтган. Энг оғриқли жиҳати, бу оддий икки инсон ўртасидаги суҳбат эмас, улар ўртасида ўқитувчи ва талаба муносабати мавжуд бўлган. 

Ўқитувчиси томонидан келаётган смс ва овозли хабарлардан қўрқиб кетган талаба қиз унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишини қайта-қайта билдирган. Шунга қарамасдан, А.А. талаба қизга «ишқнома»лар ёзиб, узлуксиз қўнғироқлар қилишдан тўхтамаган.

А.А. судда ўз қилмишини тан олган. У ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабабли маст ҳолатда бўлганини, айтган гапларидан пушаймонлигини, жабрланувчилар кечирим сўраганини ва бундан ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган. Бу, албатта, айбдор ўз хатосини англаганини кўрсатади. Аммо, ҳақиқий хулоса фақат «бошқа такрорланмайди» деган иддао билан эмас, бундай хатонинг илдизини англашдан бошланади. Суд ҳужжатларида кўрсатилган «шунчаки қўнғироқ қилдим», «шунчаки гаплашдим», «маст эдим» деган баҳоналар ўз талабаси қалбига етказилган ноқулайликни бекор қила олмайди.

Шу ўринда савол туғилади: инсон ўз хатосини мастлик билан изоҳласа, унинг оқибати йўқолиб қоладими? Йўқ, албатта! 

 — Маст ҳолат айбдорни ўз ҳаракатлари учун жавобгарликдан озод қилмайди, аксинча, суд мазкур ҳолатни ҳуқуқбузарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолайди,—дейди судья.

Судья Фаррух Қаҳҳоров қарор қабул қилишда фақатгина ҳуқуқбузарликнинг содир этилганини эмас, унинг олдини олиш заруратини ҳам инобатга олган. А.А.нинг айбига иқрорлигини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида, маст ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этганини эса оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳолаган. 

Натижада айбдор Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 411-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган ва унга нисбатан уч сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Уч сутка ўтар-кетар» қабилидаги қараш ҳуқуқий жавобгарликнинг моҳиятини тўғри англамасликка олиб келади. Унутмаслик керакки, шу уч сутка шахсни ўз ҳаркатларининг оқибатлари ҳақида жиддий ўйлашга ундайдиган ҳуқуқий чорадир.

Бу воқеа яна бир ҳақиқатни эслатади: инсоннинг обрўси йиллар давомида шаклланади, уни йўқотиш учун эса биргина нотўғри қарор кифоя. Шу сабабли ҳар қандай лавозим эгаси, айниқса, ёшлар билан ишлайдиган мутахассис ўз ҳаракатларига икки карра масъулият билан ёндашиши керак. 

Маълумот ўрнида: Осиё Халқаро университети ректорининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ўз хатти-ҳаракатини бошқара олмаган А.А. зудлик билан ишдан бўшатилган. «Ҳеч қачон бундай шахслар ишда қололмайди»,—деди ректор.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг