Бухоронинг сувда акс этган қалби: «Лаби Ҳовуз» ансамбли

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан қадим ва навқирон Бухорода ўтказилиши кўзда тутилган биринчи санъат Биенналеси халқаро майдонда ҳаяжон билан қаршиланмоқда.
Маълумки, Бухорода 829 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган. Бугун ушбу маданий мерос объектларини асраш ва техноген жараёнлар таъсирининг олдини олиш, аҳоли ва туристлар учун қулай ҳаракатланиш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳайратли. «Арк» қўрғони, «Лаби Ҳовуз» ансамбли, «Мағоки атторон», «Тоқи Саррофон» ёдгорликлари, «Чор Минор» ва «Истеза» мадрасалари, «Самарқанд» ва «Дарвозаи Саллохона» дарвозалари, «Зиндон» ва «Масжиди Калон» ва бошқа тарихий объектлар меҳмонларни қаршилашга шай.
Айниқса, «Лаби Ҳовуз» ансамбли диққатга сазовор.
Бухоронинг сувда акс этган қалби
Бухоро. Юракнинг бадиий тарихи, ислом маданиятининг сержило юзи, кўҳна шаҳарнинг абадий қалби. Унинг бу қалбида бир сув кўзгуси бор — Лаби Ҳовуз. Бу маскан — тарихий меъморий мўъжиза, фикр ва руҳнинг ҳам сувдаги аксидир.
Лаби Ҳовузнинг жим-жит тиниқлигида асрлар акс этган. Бу ерда сув - оддий табиий неъмат эмас. У қалб ифодаси. Сув юзида гўзал бир уйғунлик билан мавжланиб турадиган масжид қиёфаси сузади: аркли хонақоҳ ва муҳташам айвонлар, асрларга тенг дову-дарахтлар — Бухоронинг илоҳий ва маънавий қалбида нима бор бўлса, сув шуларни қайтариб туради. Бу ерда сувга боқсангиз, замоннинг юзида сузиб юрган минглаб саёҳатчиларни кўрасиз. Заррин нурда силлиқланган кўзгуда кўҳна карвонлар сояси кезади, бунда одамларнинг орзу-тилаклари шивирини, авлиё-анбиёлар дуосини, шайх Нақшбанднинг сукутини эшитиш мумкин.
XVII асрда Шайбонийлар даврида барпо этилган, Кўкалдош ва Нодир девонбеги мадрасаси ҳамда Нодир девонбеги ханақоҳининг қоқ марказида жойлашган Лаби Ҳовуз ушбу йирик тарихий бинолар билан биргаликда ягона бадиий ва маънавий муҳитни ҳосил қилади. Айниқса, ҳовуз атрофидаги чинор дарахтлари, бежирим ва гўзал тарзда ўрнатилган ўриндиқлар унинг табиий ва маданий гўзаллигини янада оширади. Бу ерга келган ҳар бир инсон буюк мўъжизани фақат кўз билан эмас, қалби билан ҳам кўради. Одам бу ҳовуз олдида ўзига назар ташлайди. Негаки, сув — қалб каби жавобсиз қолмайди: инсон сиймосини ўзига қайтариб беради. Ҳовуз атрофидаги чинорлар сувга эгилади — улар гўё тафаккурга ботган ҳаётни кузатади. Ҳовузда эса вақт сузади. Бир палла қуёш нурида унинг акси тўлқин бўлиб рақсга тушса, бир паллада қуёш ботиши билан сув юзида одам ўзини кўради. Бу сув худди қалб каби: гоҳ яширин ва гоҳ ошкор...
- «Лаби Ҳовуз» форс-тожик тилида «Ҳовуз бўйи» маъносини билдириб, мавжланаётган ҳовуз атрофидаги иншоотларни, унинг кенг хиёбонини ифодалайди. Ҳовуз 1620 йилда Нодир Девонбеги маблағлари эвазига бунёд этилган. Қадимдан - бозори шаб (кечки бозор) бўлган бу майдонда кейинчалик катта ҳовуз қазилган. Ҳовузнинг атрофлари синчлар билан мустаҳкамланган, харсанглардан зинапоялар, мармардан тарновлар ишланган бўлиб, шағал ва тупроқ билан тўлдирилиб шиббаланган. Шаҳарни асосий сув билан таъминловчи Шоҳруд ариғи қирғоғида жойлашган ушбу ҳовузнинг эни 36 м, бўйи 45,5 м бўлиб, чуқурлиги 5 м ни ташкил этади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Бухоро шаҳристонининг ўзида 103 та ҳовуз бўлиб, улар ўз вақтида шаҳар қон томири саналган. Ҳовузлар фақат, иқлимни мўътадил ва салқинлаштириш учун эмас, аҳолини сув билан таъминлаш учун хизмат қилган. Биргина Лабиҳовуздан саксонта мешкоб сув олиб, шаҳар аҳлига обиҳаётни етказиб турган. Ҳовузларга сув тарихда “Руди зар” номи билан машҳур бўлган Шоҳруд ариғидан оқиб келган. Лаби Ҳовуз ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин. Бухоронинг ҳар бир ғиштида ҳикоя, ҳар бир бурчагида афсона бор. Лаби Ҳовуз ансамбли ҳақида ҳам халқ орасида турли ривоятлар юради. Улардaн бирига кўра, бу мажмуа маҳр эвазига берилган бир жуфт зирак баҳосига қурилган. Бу ривоят ўтмишда саховат ва фидойилик, нафақат, шахсий ҳаётда, балки шаҳар ободончилиги учун ҳам муҳим бўлганини кўрсатади,- дейди Ўзбекистон Миллий педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожонов.
Ҳа, 1510-1530-йилларда қурилган Лаби Ҳовуз ансамбли ҳақида кўплаб тарихий фактлар мавжуд.
Яна бир тарихий манбага кўра, Лаби Ҳовуз аҳоли учун сув манбаи, балки дам олиш, суҳбат қуриш, савдо-сотиқ ва диний фаолият маркази бўлган. У ерда карвонлар тўхтаб, меҳмонлар дам олган, шоирлар шеър ўқиган, файласуфлар мунозара қилган. Шу жиҳатдан у Бухоронинг фақат архитектураси эмас, балки руҳияти, маданияти ва қалбини намоён этади.
Ҳовуз бўйларида тарихий танаси олтин мерос сифатида асрлар оша кўз қорачиғидек асраб келинаётган ва атрофга салобат тўкиб турган дарахтларнинг бақувват томирларида улкан тарихни кўрасиз. Бу бақувват томирлар мана шу ҳовуз сувларига туташ: бугун ва тарихни боғлаб турибди. Маҳаллий аҳоли ҳамда минглаб сайёҳларнинг севимли масканига айланган Лаби Ҳовуз атрофи замонавий кафе ва ресторанлар, ҳунармандлар дўконлари билан янада жозибали. Бунда ҳар куни миллий либосдаги артистлар ва мусиқа жамоалари орқали Бухоро маданияти тўлиқ намоён бўлади. Ҳовуз сувида акс этган чинорлар, қадимий бинолар ва қуёш нурлари ҳақиқатан ҳам уни «Бухоронинг сувда акс этган қалби» деб аташга тўла асос беради.
Зеро, сувда қалб акс этади, чунки сув қалбдек самимий, қалбдек шишасифат. У ҳар бир тош, ҳар бир гул безагини, ҳатто, инсон юрагидаги ҳисни хам акс каби қайтаради. У ўтмишни эслайди, бугунни акс эттиради ва келажакка боқади. Унда кўринган ҳар бир акс — фақат биноларнинг тасвири эмас, балки инсон юрагидаги эҳтирос ва тилакларни ҳам мужассамлайди. Шундай экан, Лаби Ҳовузга қараганда, сувда ўзингизни кўрасиз. Чунки, Лаби ҳовузда ҳаёт сувда эмас, қалбда акс этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter