Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси: чекловлар қонунийми?

Чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси: чекловлар қонунийми?

Фото: «Norma.uz»

Ўзбекистонда хорижга чиқиш стикерларининг бекор қилиниши ва хорижга чиқиш учун янги паспорт жорий этилиши ҳақида илк бор президентнинг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисида»ги фармонида айтилган эди. Мазкур фармон талабларини бажариш учун жорий йилнинг 8 июл куни Ўзбекистон паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокама учун ҳукумат порталида эълон қилинди. Афсуски, «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддаси талабларига зид равишда лойиҳа ўзбек тилида эмас, фақат рус тилида берилган.

Қарор лойиҳасида, жумладан, 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон фуқароларига чет элга чиқишлари учун икки йиллик хорижга чиқиш стикерлари ўрнига 10 йиллик чет элга чиқиш паспорти жорий этилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, лойиҳанинг 3-боби чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш ҳолатларини ҳам санаб ўтади («Глава 3. Ограничения в праве на выезд за границу»).

Янги кўринишдаги паспорт ва мамлакат ичкарисида ишлатиладиган ID картанинг жорий этилиши қанчалик тўғрилиги етарлича муҳокама қилинди. Мазкур мақолада эса эътиборингизни қонун лойиҳасининг амалдаги қонунчиликка кўра қонунийлигига қаратамиз. 

Чет элга чиқиш ҳуқуқи

Конституциянинг 28-моддасига биноан Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир. Демак, кишининг чет элга чиқиши унинг конституциявий ҳуқуқи бўлиб, мазкур ҳуқуқ фақат қонун асосида чекланиши мумкин.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари қонуности ҳужжати ҳисобланади. Муҳокама қилинаётган ҳужжат эса ўз номи билан қарор, яъни ижро ҳокимияти қабул қиладиган ҳужжат бўлиб, қонун эмас, қонуности ҳужжати ҳисобланади. Демак, мазкур қарор қонун мақомига эга бўлмагани учун унда қандай қоида белгиланган бўлишидан қатъи назар, унинг асосида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас.

Қолаверса, 2017 йил 7 февралда 2017 — 2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилиши керак бўлган чоралар иловада берилган, унинг 76-бандида «алоҳида асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқини суд томонидан чеклаш тартибини киритиш» вазифаси белгиланган. Яъни чет элга чиқиш ҳуқуқи ижро ҳокимияти томонидан чекланиши ноқонуний бўлиб, мазкур ваколатни фақат суд ҳокимияти амалга ошириши мумкин. Шунга қарамасдан муҳокама қилинаётган чет элга чиқиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси юқоридаги талабни қўпол равишда бузиб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини совет давридан қолиб кетган «мақсадга мувофиқ эмас» баҳонаси билан икки йилга чеклашни назарда тутади. 

Конституциянинг қонун ости ҳужжатларидан устунлиги

Конституциянинг 15-моддасига биноан Ўзбекистонда конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Конституциянинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас дейилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида қонунлар ва қонуности ҳужжатлари конституция асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унга зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган. 16-моддада эса қонуности ҳужжатлари ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қонунларга мувофиқ бўлиши шартлиги таъкидланган. Қонуности ҳужжати ва қонун ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган қонун қўлланади.

Мазкур ҳолатда қонун ҳужжатлари ўртасидаги тафовут яққол кўринади. Бир томонда конституция билан кафолатланган чет элга чиқиш ҳуқуқи. Иккинчи томонда эса ушбу ҳуқуқни чекловчи қарор. Конституция асосий қонун, барча қонун ҳужжатлари уни ижро этиш учун қабул қилинади ва унга зид бўлиши мумкин эмас. Қарор эса қонуности ҳужжати. Конституция қонуности ҳужжатига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлгани сабабли қарор фуқароларнинг чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклай олмайди. 

Халқаро ҳуқуқ нима дейди?

Ўзбекистон БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактини ратификация қилган. Яъни Ўзбекистон юқоридаги халқро пактда белгиланган қоидаларни бажаришни ўз зиммасига олган. Мазкур халқаро ҳужжатнинг 12-моддасига биноан ҳар ким хорижга чиқиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ фақат қонун билан и) давлат хавфсизлиги, ии) жамоат тартиби, иии) соғлиғи ва ив) бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадидагина қўлланиши мумкин. Қарор лойиҳаси эса қонун эмас ва юқорида тилган олинган тўрт асос шартларини бузади. 

Ноаниқ тушунчалар муаммоси

Қарор лойиҳасининг 3-бобида чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш ҳолатлари санаб ўтилган («Глава 3. Ограничения в праве на выезд за границу»). Турли асослар орасида кишининг чет элга чиқиши «мақсадга мувофиқ бўлмаганда» («нецелесообразность выезда») каби мужмал тушунчани кўриш мумкин. Мазкур асос амалдаги қоидаларда ҳам мавжуд (III бобнинг «з» банди). Аммо қарор лойиҳасида чет элга чиқиш айнан қандай асосларга кўра «мақсадга мувофиқ» бўлмаслиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Ваҳоланки, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши керак. Қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш қоидаларида қонунчиликда мавжуд бўлмаган тушунчалардан фойдаланилганда уларнинг таърифи берилиши кераклиги айтилади (21-хатбоши). Бунда тушунчанинг мазмуни тўлиқ очиб берилиши керак (22-хатбоши). Мазкур қарор лойиҳасида эса юқоридаги талабларнинг биронтаси бажарилмаганини кўрамиз, чунки «мақсадга мувофиқ» бўлмаслик тушунчасига таъриф берилмайди. Бу эса ноинсоф мулозимлар ваколатини суиистеъмол қилиши учун имконият яратиб беради. 

Қарор лойиҳасида қўйилган хатолар учун ким айбдор?

Ҳақли равишда «нисбатан қисқа бўлган қарор лойиҳасида шунча ҳуқуқий хатога қандай йўл қойиш мумкин?» деган савол туғилади. Ҳақиқатан қонунчилик талаблари сўзсиз бажарилганда бу қадар қўпол хатоларга йўл қўйилмаган бўлар эди. Жумладан, амалдаги қонунчилик талабларига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтиши керак (22-модда). Бундай экспертизадан асосий мақсад ҳужжатнинг конституция ва қонунларга мувофиқлигини текширишдир.

Мазкур ҳолатда қарор лойиҳаси биринчи навбатда ҳужжатни қабул қилувчи органнинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак эди. Бундай экспертизани Адлия вазирлиги ҳам бажариши мумкин. Қизиғи, қарор лойиҳасида Ички ишлар ва Адлия вазирликлари қарор талабларидан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига қўшимча ва ўзгартиришлар таклиф қилишлари белгиланган. Аммо конституция ва қонунларга мувофиқлик борасида ҳеч қайси вазирлик бош қотирмаган кўринади. 

Хулоса ўрнида

Қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарали бўлиши учун узвий ҳуқуқларни чекловчи қоидалардан тамоман воз кечиш керак. Чет элга чиқиш ҳар бир кишининг конституциявий ҳуқуқи. Мазкур ҳуқуқ фақат қонун билан чекланиши мумкин. Қонунда чекловлар белгиланган тақдирда ҳам, уларни қўллаш асослари аниқ кўрсатилган бўлиши шарт. Бунда «мақсадга мувофиқ эмас» каби мужмал тушунчалар қўлланмаслиги лозим.

Давлат органлари қабул қилаётган ҳужжатлар миллионлаб фуқароларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини қамраб олади. Бу эса юқори сифатли ҳуқуқий экспертиза ўтказилишини талаб этади. Акс ҳолда ислоҳотлар самара бермайди, фуқароларнинг қонун устуворлигига ишончи камаяди ва давлат органларига нисбатан ишончсизлик ортаверади.

Миракмал Ниязматов,
адвокат

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг