Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эҳтиёжманд оилаларни баҳолаш, ишлайдиган оналарга нафақа ва ваучер тизими — ижтимоий ҳимояда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Эҳтиёжманд оилаларни баҳолаш, ишлайдиган оналарга нафақа ва ваучер тизими — ижтимоий ҳимояда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

2027 йил 1 январдан бошлаб аҳолини ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини аниқлаш ҳамда оилаларни Ижтимоий реестрга киритишда янги кўп ўлчовли баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда оилаларнинг молиявий ҳолати билан бир қаторда сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси ва оилада болалар сони каби омиллар ҳам ҳисобга олинади. Бу президентнинг тегишли фармонида кўзда тутилган.

Янги тизимда оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланади. Натижага кўра, оилалар тегишли тоифаларга ажратилиб, уларга ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабргача оилаларни кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларга ажратиш ва тегишли хизматларга йўналтиришнинг янги тизимини амалиётга жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Президент Администрациясига киритиши белгиланган.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақаси тўлаш тартиби жорий этилади. Айрим давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари эса ваучер орқали тақдим этилади.

Ваучер тизими — давлат ижтимоий ёрдамини олувчи фуқарога хизмат ёки тўловдан фойдаланиш ҳуқуқини электрон шаклда тақдим этиш механизми. Ваучер «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида шакллантирилади ва белгиланган муддат давомида амал қилади. У орқали болаларни боғчага жойлаштириш, ўқувчилар учун қўшимча таълим, даволаниш ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиш харажатлари қопланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Ижтимоий реестрга кирган ходимлар учун айрим солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, корхоналар ходимлари, биринчи навбатда Ижтимоий реестрга кирган ходимлар учун амалга оширган айрим харажатларини фойда солиғи базасидан чегириш ҳамда ер ва мол-мулк солиқларидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Ушбу харажатларга корхона ўз ходимларининг фарзандлари учун мактабгача таълим объектларини қуриш ва улар топширилгандан кейин уч йил муддатгача сақлаш, шунингдек, ходимлар учун корхонада ишлаган даврида вақтинчалик яшаш учун уй-жойлар қуриш ва улардан фойдаланиш харажатлари киритилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг