Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инвесторлар давлат тиббиёт муассасасига сармоя киритиши мумкин

Инвесторлар давлат тиббиёт муассасасига сармоя киритиши мумкин

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бериб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим қадам бўлди. Унга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисосликлар 50 тадан 126 тага кўпайди. Хусусий клиникаларга қатор молиявий имтиёзлар берилди. Бундан ташқари, лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди, лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармасининг ташкил этилиши ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Натижада, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиб, кўрилган чоралар туфайли 2018 йилда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 889 тага кўпайиб, умумий сони 4670 дан ошди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат давлат ҳамда хусусий секторларнинг бирлагикда ишлаши, инвесторларнинг Ўзбекистон ҳудудида, давлат секторида фаол фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Эндиликда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция кириш имкониятига эга. Хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали  амалга оширилади.  Битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланиб, бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги лозим бўлади.

Бундан ташқари, хориждан тиббий асбоб-ускунани ҳар қандай юридик шахс олиб келган тақдирда уларга нисбатан божхона имтиёзлари қўлланиладиган бўлди. Мазкур қарори билан хорижий тиббиёт ускуналарини олиб кираётган тадбиркор ва инвесторлар учун умумий қиймати 200 миллион АҚШ доллари тенг бўлган имтиёзли кредитлар линияси очилади. Ушбу қарор билан белгиланган механизмларда давлат тиббиёт муассасаларида хусусий тиббиёт муассасалари учун тенг имкониятлар берилиб, инвесторларнинг давлат тиббиёт муассасаларига кириб, ҳамкорликда фаолият ташкил қилиш имконият яратиб беради.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг