Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Кўзларимни “чирт” юмиб кетаяпман...”  ёхуд муҳожирликни узайтирган орзу-ҳавас

“Кўзларимни “чирт” юмиб кетаяпман...”   ёхуд муҳожирликни узайтирган орзу-ҳавас

Фото: сунъий интеллект

Тақдир экан, Туркияда 8 ой яшадим ва миграция мавзуси бўйича бу мамлакатда меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ватандошим билан суҳбатлашдим ва уларнинг ҳар бирига “Бу ерга келиб ишлашингиздан мақсад нима?” деган саволни бердим. Суҳбатдошларимнинг деярли ярми “тўй қиламан” дея жавоб берди, қолганлари эса “Ўзбекистондан уй оламан”, “автомобиль сотиб олишим керак”, “ҳамма данғиллама уй қуряпти, мен ҳам яна 5 йил ишласам, эски уйимни бузиб, ўрнига қаср қураман”, “шаҳар марказидан уй, машина оламан ва битта дўкон қилсам, бўлди, мазза қилиб яшайман” каби жавоблар бўлди.

Ўғлини уйлантириш учун май ойида Туркиядан қайтган Самира билан суҳбатлашдим. У Андижонда устачилик қиладиган ўғлининг бошини икки қилиш учун Истанбулда 3 йил емай-ичмай пул тўплади, ҳатто кийим-кечак ҳам сотиб олмади, деярли. Бир ой аввал тўй ҳам ўтибди.

— Уч йил тўплаган пулим тўйга кетди. Камига тўёналарни ҳам сарфладим. ЗАГСга 10 та машина қилдик, улардан 2 тасига 200 доллардан бердик. Базм кечасига 2 та машҳур қўшиқчи чақирдик, 150 нафар меҳмон учун стол тузадик. Киши бошига 200 минг сўмдан бўлди. Тўйдан кейинги маросимларнинг ҳаммасини бир кун кейин ўтказдик: “Куёв қочди”, “Қуда чақирув”, “Йўқланди”, “Кўрди”. Қуда томонга сарпо, озиқ-овқат, йўл харажатлари дегандек. Ҳозир қўлимда деярли пулим қолмади. Ўғлим ҳали ишга чиққани йўқ. Шу келин томондан келаётган мазарга қараб ўтирибмиз. Олиб келманглар демоқчиман, аммо кейин кунимизни қандай кўрамиз деяпман. 

— Оддийроқ тўй қилсангиз ҳам бўларди-ку? Бунчалик харажатга сизни нима мажбур қилди?

— Орзу-ҳавас. “Пул топилади” дебман...

Шу ўринда 4 ой аввал катта қизини турмушга узатган истанбуллик Демирбейдан тўйдаги сарф-харажатлари ҳақида сўрадим:

— Бизда меҳмонлар тўйга овқат егани эмас, асосан, ўйин-кулгу қилгани келишади. Мен бир тўйхонани 2 ой олдин 300 долларга банд қилдим. Столга биз курабия каби арзон 2-3 хил ширинлик ва 2 турда сув ёки шарбат қўямиз. Тўйдаги харажат оз, яъни биз меҳмонларни турли таомлар билан сийлашни хуш кўрмаймиз. Албатта, бойлар шундай қилиши мумкин. Аммо оддий бир турк оиласи ҳар кишидан 100-150 лира атрофида оладиган тўёнаси эвазига ортиқча харажат қилмайди.

Чиндан ҳам, турк фильмларини кўрганимизда, тўй маросимидаги меҳмонлар деярли қуруқ стол атрофига йиғилиб олиб суҳбатлашишади. Баъзи столларда гулдан бошқа нарса бўлмайди. Туркиядалигимда бир танишимнинг тўйида қатнашдим. Тўғрисини айтсам, ўша куни тушлик ҳам қилмагандим, тўйхонага борсам, столда бир стакандан сув ва тирноқдек келадиган пишириқдан бошқа нарса йўқ экан. Ҳеч кимнинг столдагилар билан иши ҳам бўлмади. Тўй давомида турклар рақсга тушишдан бўшамади. Мен 3 соатдан сўнг оч қолиб уйга қайтаётганимда, тўй энди авжига чиққанди...

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида хориждан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд долларни ташкил этган. Бунда Туркиядаги муҳожирларнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Уч йил ичида қийналиб топилган 32 минг доллардан ошиқ маблағини тўй ва у билан боғлиқ маросимларга сарфлаб юборган Самира бугун яна Туркияга кетиш тараддудига тушган. Чунки унинг мактабда ўқийдиган яна икки нафар фарзанди бор. Самира ишлагани кетса, болалар акаси ва янгасининг қўлида қолади. Акаси пул топса, озиқ-овқатга пули бўлади, топмаса — йўқ. Агар Самира тўйга сарфлаган пулининг ярмига ўғли ва келини учун бирор тадбиркорлик бошлаб берганида эди, бугун улар янги келиннинг оиласи томонидан келаётган мазарга қараб қолмас эдилар. Балки Самира ҳам Туркияга кетмаган бўлармиди.

Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги Капали чарси бозоридарўмол сотувчи Аҳметбей шундай дейди:

— Сиз ўзбеклар “шик” яшашни севадиган халқсиз. Бу ерга келишади, оғир меҳнат қилишади, емай-ичмай пул тўплашади ва сўнг ватанларига қайтиб бориб, дабдабали тўй қилишади, 5-10 хонали уйлар қуришади, машина олишади. Ўзлари ёки фарзандлари учун эмас, бошқаларни қойил қолдириш учун яшайди ўзбеклар...

— Бундан кейин кичик фарзандларимнинг келажаги учун ишлайман, — дейди Самира. — Йиллар давомида пул тўпламасдан, ҳар ой кичикларимнинг харажатлари, ўқишларига пул жўнатиб тураман. 1-2 ой иш топиб жойлашгунимгача болаларим акаларига омонат. Кўзларимни “чирт” юмиб кетаяпман...

Самира каби, ўзга юртда соғлиқ ва ҳаётини бой бериб топилган маблағни бир кечалик ёки бир неча кунлик шоҳона базмга совуриш — бу фақат исрофгина эмас, балки ўз қўлимиз билан фарзандларимизнинг эртанги кунини хавф остига қўйиш ҳам демак.

Қачонки, биз учун оиланинг тинчлиги ва фарзандларнинг келажаги — “Эл нима дейди?”, “Бошқалардан кам бўлмайлик” каби умрни ейдиган стереотиплардан устун қўйилмас экан, муҳожирлик карвони узайишда давом этаверади. Аслида чинакам бахт ва фаровонлик кўзбўямачилик билан қурилган қасрларда эмас, оила бағрида, тотувликда ва ҳар бир топилган имкониятдан оқилона фойдаланишда мужассам. Самиранинг кўзларини “чирт” юмиб муҳожирликка яна юз тутиши эса жамиятимизни хушёрликка тортиши керак бўлган оғриқли ҳақиқатдир.

Сабоҳат Раҳмон, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг