Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олимлар Тошкент ҳавоси ифлосланишининг сабабларини тушунтирди

Олимлар Тошкент ҳавоси ифлосланишининг сабабларини тушунтирди

Тошкентда куз-қиш мавсумида ҳаво ифлосланишининг кучайишига шамолнинг сусайиши, ҳарорат инверсияси, ёғингарчиликнинг камлиги ва чанг массаларининг кириб келиши таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар бу омилларни ўрганиш ва ифлосланиш манбаларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти бўлим мудири, география фанлари доктори, профессор Бахтиёр Холматжоновга кўра, совуқ мавсумда атмосфера ҳавосининг табиий айланиши секинлашиши мумкин. Шамол тезлиги пасайганда ифлослантирувчи моддалар ҳавода узоқроқ сақланиб, ер юзасига яқин қатламда тўпланади.

Қишда кузатиладиган ҳарорат инверсияси ҳам бу жараённи кучайтиради. Бунда ер юзасига яқин совуқ ҳаво қатламининг устида илиқроқ ҳаво жойлашади ва ҳавонинг вертикал аралашуви чекланади. Антициклонал жараёнлар ҳам кучсиз шамол ва ҳаво алмашинувининг сусайишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳавони ифлослантирувчи манбалар

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги Ихтисослаштирилган атмосфера лабораторияси марказида ҳавони лифлослантирувчи моддаларнинг келиб чиқиш манбалари ўрганилмоқда.

Марказ раҳбари, техника фанлари доктори Зикрилла Алимовнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг барча туманларида махсус фильтрлар ёрдамида ҳаво намуналари олиниб, лабораторияда таҳлил қилинмоқда. Тадқиқотлар ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва уларнинг ҳаво сифатига таъсирини баҳолашга қаратилган. Келгусида бу тажрибани республика бўйлаб кенг жорий этиш режалаштирилган.

Ёғингарчилик меъёрдан қарийб олти баравар кам

Иқлим ўзгариши миллий маркази директори, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Фаррух Сатторовнинг таъкидлашича, табиий омиллар ва ноқулай метеорологик шароитлар ҳам Тошкентдаги ҳаво сифатига таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йил 26 октябрга қадар пойтахтда 3,9 миллиметр ёғингарчилик кузатилган. Ойлик меъёр эса 23,7 миллиметрни ташкил этади. Ёғингарчиликнинг камлиги ҳаводаги чанг заррачаларининг ёмғир орқали ювилиб кетишини сусайтиради.

Мутахассис келтирган маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликда совуқ ярим йилликда кучли шамол ва ёғингарчилик камлиги билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар олдинги даврга нисбатан 57 фоизга кўпайган.

Сунъий йўлдошларда чанг массалари қайд этилди

Ҳаво сифатидаги ўзгаришлар мониторинг станциялари билан бирга сунъий йўлдошлар орқали ҳам кузатилмоқда. SILAM модели маълумотлари ва AQI ҳаво сифати индекси таҳлили чанг массалари Тошкент ва унга туташ ҳудудларга кириб келган даврларда ҳаво сифати кўрсаткичлари ҳам кўтарилганини кўрсатган.

Европанинг EUMETSAT платформаси ҳамда Meteosat сунъий йўлдоши тасвирларида 25–26 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва атрофида йирик чанг массалари кузатилган. Улар пойтахт ва Тошкент вилоятидан ташқари, қисман Сирдарё ва Жиззах вилоятларини ҳам қамраб олган.

Мутахассислар прогнозига кўра, чанг массалари таъсири ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ноқулай шароитлар келгуси ҳафта бошигача давом этиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, ҳаво сифатини яхшилаш учун ифлосланиш манбаларини аниқлаш билан бирга, шамол, ёғингарчилик, ҳарорат инверсияси ва чанг массалари ҳаракатини ҳам ҳисобга олиш зарур. Бу омилларни комплекс ўрганиш экологик чораларни илмий асосда ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг