Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Оёғи ердан узилиб қолган» идоралар...

«Оёғи ердан узилиб қолган» идоралар...

Турар жойи бўла туриб, унга эгалик қила олмаётган минглаб ҳамюртларимизнинг орзуларини рўёбга чиқаришда муҳим қадам ташланиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаб бериш борасида Давлатимиз раҳбарининг фармони қабул қилинган эди. Лекин... Буни била туриб амал қилмаётган мутасадди шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бизни таажжубга солади ва бундай хайрли ишларни амалга оширишга ғайир кўз билан қараётган кимсаларга нисбатан кескин таъсир чоралар қўллашга мажбур қилади, уларнинг ҳам шу жамият аъзоси, ҳамюртимиз эканлиги эса кишини ўйлантиради.

Давлат раҳбарининг ушбу хайрли ишларни назарда тутувчи «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги 2018 йил 20 апрелдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида чиқарилган ҳукумат қарорининг ижроси ўрганилди ва ... 7 900 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ҳар ким тегишича олди: 98 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка, 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 19 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Маълумотларга кўра, Давлат хизматлари марказларига Тошкент вилоятида ушбу акцияни умид билан кутган, ўз уйига ўзи қонуний эгалик қила олмаётган фуқаролардан 42 885 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг атиги 13 340 таси (31 фоиз) тегишли комиссиялар томонидан кўриб чиқилган ва шундан 5 311 таси (39,8 фоиз) бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг қарорлари чиқарилиши таъминланган, 2362 та (17,7 фоиз) аризага туман (шаҳар) комиссиялари томонидан рад жавоби берилган, 3900 та (29,2 фоиз) ариза бир марталик йиғим тўланмаганлиги сабабли ниҳоясига етмаган, 1767 та (13,2 фоиз) ариза юзасидан тайёрланган қарор лойиҳалари эса жойлардаги ҳокимлар томонидан имзоланмасдан ташлаб қўйилган.

Янгийўл туманида 196 та, Бўстонлиқ туманида 163 та, Бекобод ва Зангиота туманларида 143 тадан қарор лойиҳалари ҳокимлар томонидан имзоланмаган.

Янада ачинарлиси шундаки, комиссиянинг ишчи органи томонидан аризаларнинг 12721 таси муҳокамага қўйилмаган, қолганларини кўриб чиқиш эса мутасадди идораларнинг хизмат вазифаларига нисбатан муносабатларига боғлиқ бўлиб турибди.

Хусусан, комиссиянинг ишчи органи, яъни кадастр хизмати идораларига келиб тушган юқоридаги 12721 та ариза кўриб чиқилмаган, яъни иморатларнинг техник планлари шакллантирилмаган ва комиссия аъзоларига «Кадастр 2.0.» электрон тизими орқали муҳокама қилиниши учун юборилмаган.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ҳозирги кунгача келиб тушган аризалардан қолган жами 35 212 таси (82,1 фоиз) ўрганиш жараёнида туриб қолган.

Сабаб нима?! Жавоби шу — айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги, хайрли иш нималигини унутиб қўйганлиги ёки ниманидир кутаётганлиги, яъни эскича ишлаш услубидан қутула олмаётганлиги бўлиши мумкин.

Акс ҳолда аризани кўриб чиқиш учун бор-йўғи 11 иш кунига тенг муддат белгиланган бир пайтда, ойлаб кўриб чиқилмасдан ташлаб қўйилмаган бўлар эди.

Масалан, Тошкент вилоятининг Зангиота туман ҳокимлигида Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман комиссияси ҳамда унинг ишчи органи томонидан фуқаро Д.Қ.нинг ўзбошимчалик билан қурган уйига нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаб беришни сўраб берган аризасига асосан туман давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 27 август куни юборилган сўровнома йил тугаган, аниқроғи орадан 135 кун ўтган бўлса-да кўриб чиқилмаган.

Хусусан, Тошкент вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр» Давлат корхонасининг Зангиота тумани филиали ушбу аризага асосан Давлат хизматлари маркази томонидан юборилган юқоридаги сўровномани бирор бир сабаб ва асоссиз 34 кун ушлаб туриб, 2018 йил 1 октябрь куни куни ижрога қаратган, яъни комиссия аъзоларига юборган бўлса, комиссия аъзоларидан бири бўлган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бу сўровномага орадан 23 кун ўтганидан кейин 24 октябрь куни, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази орадан 26 кун ўтганидан кейин 27 октябрь куни, туман давлат солиқ инспекцияси орадан 34 кун ўтганидан кейин 5 ноябрь куни, қурилиш бўлими орадан 37 кун ўтганидан кейин 8 ноябрь куни жавоб беришган.

Юқорида қайд этилганидек, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими эса 2018 йил 1 октябрда юборилган юқоридаги сўровномага орадан 135 кун ўтган бўлса-да, аниқроғи шу кунга қадар жавоб беришни лозим топмаган.

Мазкур бўлим томонидан яна 35 та сўровномаларга мутлақо жавоб берилмаган, яъни беэътибор қолдирган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, қурилиш бўлими, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси идораларининг масъул шахслари эса 2018 йил 23 октябрда муҳокамага чиқарилган сўровномаларга жавоб беришни ўзларига мақбул кўришмаган. Мазкур идоралар томонидан яна 8 та сўровномага мутлақо жавоб берилмаган.

Комиссиянинг ишчи органига ўтган йилнинг октябрь, ноябрь, декабрь ойларида келиб тушган юзлаб аризалар эса шу кунга қадар кўрилмаган.

Давлат раҳбари «оёғи ердан узилиб қолган» деганда шундай идора ходимларини ҳам назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Президент томонидан берилган имтиёзга, ёрдамга муҳтож фуқаронинг аризасига нисбатан бундай муносабат комиссия аъзолари ҳамда унинг ишчи органи учун одатий ҳолатга айланиб бораётганлиги янада ачинарли.

Бундан ташқари, шу кунда муҳокамада турган 11087 та мурожаатдан 5117 таси Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимида, 5073 таси Ички ишлар бўлимларида, 4787 таси Қурилиш бўлимларида, 2284 таси Давлат солиқ инспекцияларида, 954 таси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  инспекциясида кўрилмасдан қолиб кетган, яъни улар томонидан тегишли маълумотнома ва хулосалар тақдим этилмаган ҳамда муҳокамаси якунланган 2336 та мурожаат юзасидан расмийлаштирилган далолатномалар комиссия аъзолари ва раиси томонидан тасдиқланмаганлиги ҳам тушунарсиз.

Бундай муносабатнинг энг кўп салмоғи, мурожаатлар юзасидан расмийлаштирилган далолатномалар комиссия аъзолари ва раиси томонидан далолатнома тасдиқланмаганлиги ҳолатлари Бекобод (438 та), Янгийўл (315 та), Бўстонлиқ (250 та) туманлари, Ангрен (282 та) ва Нурафшон (116 та) шаҳарларига тўғри келади.

Айрим мансабдор шахслар «Хайрли ишни ҳар ким ҳар куни қилмоғи керак» деган халқимиз нақлидан ўзларига тўғри хулоса чиқариб олишлари шарт. Акс ҳолда қонун устуворлиги ва жазонинг муқаррарлигини эсга солишга тўғри келади.

Умид Юсуфжонов,
Давлат хизматлари агентлигининг
Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг