Ўзбекистон Каспий денгизида қўшма флот ташкил этишни режалаштиряпти
Ўзбекистон ва Озарбайжон Каспий денгизида қўшма флот ташкил этиш ҳамда «Ўзтемирйўлкарго» АЖ билан «Озарбайжон Каспий денгиз транспорти компанияси» ЁАЖ ўртасида қўшма корхона тузишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ҳуррам Тешабаев Report агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар мультимодал ташувлар самарадорлигини ошириш, логистика занжирларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда экспортчиларнинг транспорт харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Ҳуррам Тешабаевнинг сўзларига кўра, томонлар Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – Ўрта коридорнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бу доирада ўзбекистонлик экспортчилар учун юкларни қайта юклаш хизматларига чегирмалар бериш, ягона тариф ечимларини жорий қилиш, логистика жараёнларини соддалаштириш ҳамда контейнер ва экспорт юкларига устувор хизмат кўрсатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, вазир ўринбосари Боку халқаро денгиз савдо порти бугунги кунда Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Унинг айтишича, сўнгги йилларда ушбу йўналиш орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури кенгаймоқда ҳамда икки мамлакатнинг транспорт-логистика операторлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter