Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Парламент чипта харидидаги таниш-билишчилик иллатига эътибор қаратди

Парламент чипта харидидаги таниш-билишчилик иллатига эътибор қаратди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда рақамлаштириш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилганига қарамай, авиа ва темирйўл транспорти учун чипта харид қилиш жараёнида коррупция ва таниш-билишчилик ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Ушбу муаммога Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 8 февраль куни ўтказилган йиғилишида эътибор қаратилди.

Қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасида Транспорт вазирлигининг «Авиа ва темир йўл транспортларида фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти тингланган.

Қайд этилишича, авиа ва темир йўл транспорти соҳаларини ислоҳ қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, тизимга хусусий секторни кенг жалб қилиш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2023 йили Ўзбекистонда 11 та халқаро аэропорт ва учиш-қўниш майдончалари орқали 85702 та авиақатнов амалга оширилиб, 10 млн 409 минг йўловчига, 70,870 минг тонна юк ва почтага хизмат кўрсатилган. Авиакомпаниялар сони 9 тадан 15 тага етказилган. Шунингдек, миллий авиапаркка хориждан 28 та ҳаво кемаси олиб келиниб, уларнинг умумий сони 75 тага етган.

Темир йўл транспортида ҳам маҳаллий йўловчиларни ташиш йўналишлари 6 тага оширилиб, 29 тага етказилган. Йўналишларда 44 та йўловчи поезд ҳаракатланган бўлиб, шулардан 6 таси юқори тезликда ҳаракатланувчи, 6 таси тезюрар, 16 таси йўловчи поездлари ҳамда 18 таси шаҳар атрофида ҳаракатланувчи электропоездлардир.

Эшитувда соҳада камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, вагонларда бирламчи тиббий хизмат кўрсата олувчи мутахассислар йўқлиги, шаҳар атрофи ҳудудларга ҳаракатланувчи замонавий тезюрар электрпоездлари қатнови ҳанузгача етарли даражада ташкил этилмагани танқид қилинган.

Шунингдек, мамлакатга лизинг асосида олиб келинаётган ҳаво кемалари учун аниқ мезоннинг белгиланмагани, чартер ва мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳамда хорижий авиаташувчиларни Ўзбекистон авиаташувлар бозорига жалб этиш бўйича мезонларнинг мукаммал эмаслиги, фуқаро авиацияси соҳасини рақамлаштириш ва ўзаро интеграциялашда мезонларнинг белгиланмагани эътирозларга сабаб бўлган.

Транспорт, хусусан, темир йўл чипталари олибсотарлар қўлига чиқиши кетиши «эски дард»лар сирасига киради.

Ўтган йили «Афросиёб» тезюрар поездида хорижлик сайёҳ ўз ўрнини эконом классдан VIP-классга ўзгартириш учун поезд бошлиғига 15 доллар бергани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Пировардида мазкур ҳолат бўйича поезд бошлиғи лавозимидан озод этилгани маълум қилинганди.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда 20 январдан маҳаллий поезд чипта нархлари оширилди. Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тезюрар поездларида нарх ошиши 20 фоизни ташкил этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг