Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент 2019 йилги Давлат дастурини тасдиқлади. Дастурга фуқароларнинг таклифлари ҳам киритилди

Президент 2019 йилги Давлат дастурини тасдиқлади. Дастурга фуқароларнинг таклифлари ҳам киритилди

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизмати хабар қилишича, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.

Жамоатчилик муҳокамаси «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан махсус яратилган 2019.strategy.uz веб-сайти ва Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали www.regulation.gov.uz орқали жорий йил 3 январдан 15 январга қадар ўтказилди.

Шу билан бирга, Давлат дастури муҳокамаси юзасидан телевидение, радио, электрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 850 дан ортиқ материаллар эълон қилинди ва 20 дан зиёд давра суҳбатлари ўтказилди.

Жамоатчилик муҳокамаси доирасида Давлат дастури лойиҳасига жами 4180 та таклиф келиб тушди. Хусусан:

  • давлат дастури лойиҳасининг умумий мазмуни бўйича – 284 та;
  • давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича – 1160 та;
  • қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши бўйича – 398 та;
  • иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этиш йўналиши бўйича – 956 та;
  • ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича – 1070 та;
  • хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналиши бўйича – 312 та таклиф билдирилди.

Жамоатчилик муҳокамасида фуқаролар ва мутахассислар томонидан билдирилган таклифларнинг кўпчилиги лойиҳада мавжуд тадбирларни қўллаб-қувватлашга ва ривожлантиришга қаратилган.

Аҳоли ва мутахассислар таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, масъул давлат органлари ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан таҳлил қилиниб, 200 дан ортиқ фуқароларнинг концептуал ва долзарб таклифларидан Давлат дастури лойиҳасини мазмунан такомиллаштиришда фойдаланилди ҳамда 30 га яқин таклиф асосида тегишли бандларга таҳририй ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Фойдаланувчилар томонидан атроф-муҳит, чиқинди, ободонлаштириш ва шу каби масалаларга доир тақдим қилинган таклифларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб лойиҳага янги 22-банд (ободонлаштириш тизимини такомиллаштириш) қўшилди.

21 нафар фуқароларнинг таклифлари давлат хизматлари марказлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уларнинг барчасини лойиҳанинг 29-бандини амалга ошириш орқали ҳал қилиш режалаштирилган. Хусусан, Д.Худойназаров, С.Мирзаев ва Ж.Бахрамовларнинг давлат хизматларини рақамлаштириш ҳақидаги фикрлари шулар жумласидандир.

50 дан ортиқ фойдаланувчиларнинг реклама қонунчилигини кўриб чиқиш, эфирга узатиш меъёрлари ва талабларини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифлари асосида лойиҳага янги 34-банд киритилди.

60 га яқин фойдаланувчилар томонидан банк соҳасини такомиллаштириш бўйича келиб тушган мурожаатлардан лойиҳанинг 62-бандини такомиллаштиришда фойдаланилди. Хусусан, ушбу бандда И.Жуманиёзов, Толибжон ва Жасурбек исмли фуқароларнинг банклардаги давлат улушини камайтириш, Т.Каримов ва З.Мамадияровнинг банкларда жисмоний ва юридик шахсларга электрон хизмат кўрсатишнинг тизимини жорий этиш бўйича фикрлари тўлиқ акс эттирилган.

Р.Отахоновнинг технопарклар фаолиятини тартибга солиш бўйича таклифи асосида лойиҳага янги 229-банд киритилди.

Лойиҳага киритилмаган бошқа таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан масъул идоралар жалб қилинган ҳолда алоҳида ўрганилади ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида инобатга олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг