Президент: Энергетикада муаммо маблағда эмас, бошқарувда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Йиғилишда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонунлар ва қарорлар қабул қилиниб, хусусий сектор ҳамда хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар яратилди.
Президент инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини тинглаганини қайд этди. Ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар ва давлат кафолатлари таъминлангани таъкидланди.
Амалга оширилган чоралар натижасида энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Ҳудудларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилди.
Президент таъкидлаганидек, бу орқали мамлакатда электр энергияси генерацияси бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини берувчи қувватлар шакллантирилди.
Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини модернизация қилиш учун 30 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу кўрсаткич аввалги 25 йилда ажратилган маблағларга нисбатан олти баробар кўп.
Йиғилишда давлат раҳбари соҳадаги асосий муаммо молиявий ресурслар етишмаслиги эмаслигини алоҳида таъкидлади.
«Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!», — деди Президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter