Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Қочоқ, мигрант ва турист (биринчи қисм)

Қочоқ, мигрант ва турист (биринчи қисм)

Фото: «Спутник»

Қочоқ

Биз баъзан туристларга ҳавас қиламиз. «Уларга маза» деймиз. Мигрантлар ҳақида гап кетса иккига бўлинамиз. Бирларимиз «Ажаб бўлибди, айб ўзларида, ўз юртида шукур қилиб юрмайдими?» десак, бошқаларимиз «Улар мажбурликдан кетган, уларга ҳам осон эмас» деймиз. Қочоқларга келганда эса табиий равишда кўпчилигимизнинг раҳмимиз келади. Лекин бу учала тоифадаги инсонлар кимлар деб сўралса, буни нафақат тушунтириб бера олмаймиз, балки ўзимиз ҳам яхши тушунмаймиз.

Маълумот учун: 2017 йилда дунё бўйлаб 1,5 миллиард турист саёҳат қилган, 2000 йилдан бери тахминан 200 миллионга яқин мигрант ўз юртини ташлаб бошқа юртларга кетган ва 2008 йилдан бери тахминан 185 миллион киши қочоқлик азобини татиб кўрган. Ҳайратланарли даражада катта сонлар, тўғрими?

Мен имконим ва билимим даражасида бу учала тоифанинг кимлигини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Яқинда француз режиссёри Матё Касовиц 1 дақиқа 38 сониялик видео тақдим этди. Видеода бахтли европалик оила тасвирланган (европаликларга таъсир қилиши учун атайлаб европалик оила тасвирланган). Ўрта ёшлардаги ота ва она, уларнинг икки-уч ёшлардаги қизи ва олти-етти ёшлардаги ўғли. Улар ҳазил-ҳузул билан дастурхон атрофига ўтираётганларида электр розеткасида қисқа туташув юз бериб, розетка ёнида турган ўйинчоқ айиқчага учқун тегиб, ёнғин юз беради. Қўшни хонада чиққан ёнғин катталашиб, оила ёнғинни кўрган пайтида уйнинг анча қисми олов ичида қолиб бўлган бўлади. Шунга қарамасдан оила тобора яқинлашиб келаётган ёнғиндан жони борича қочиб ташқарига чиқадиган эшик томон югуради. Шошганча эшикни очсалар, эшикнинг ташқариси нимагадир қалин бетон девор билан ёпилиб қолган.

Улар жон-жаҳди билан деворни уриб, одамларни ёрдамга чақирадилар. Лекин ҳеч ким ёрдамга келмайди. Ниҳоят уларнинг устига олов бостириб келиб, ўлимдан қутулишнинг иложи қолмайди. Улар тақдирга тан бериб бир-бирларини қучганча... (ёниб кетадилар). Табиийки, қавс ичида ёзганим видеода тасвирланмаган. Лекин видеодан бу нарса тушуниб олинади.

Қочоқларнинг вазияти мана шу бўлади. Инсонлар бахтли яшаб юради ва бир куни кутилмаганда уларнинг бошига қайғу тушади ва ҳаётига ўлим шарпаси рахна солади. Бу худди видеодаги каби олов хавфи ёки урушлар, сув тошқини, вулқон отилиши, бўрон, тўфон ва ҳоказолардан келадиган хавф бўлиши мумкин. Шундай пайтда бу инсонлар ўз уйини (давлатини) ташлаб чиқишга ва қўшни давлатларга боришга мажбур бўлади. Ана шу пайтда давлатлар орасидаги чегаралар видеодаги бетон деворга ўхшаб инсонларнинг йўлини тўсади. Шу лаҳзада ўз юртидан Туркияга, Европага ва бошқа давлатларга қочаётган сурияликларни кўз олдингизга келтирсангиз, гап нимадалигини тушуниб оласиз. Бир томондан уларни радикал жангарилар ўлдирмоқда, бошқа томондан эса уларнинг устига бомбалар ташланмоқда. Улар эса ўлмаслик учун бошқа давлатларга қочаман деса, қабул қилишни хоҳламайдилар. Жуда тушунарли бўлиши учун 2010 йили Қирғизистон ўзбекларининг бошига тушган кўргиликларни эслашингиз мумкин. Шундай пайтларда қайсидир давлатлар «бетон девор»ни очсалар, қайсиларидир Венгрияга ўхшаб бетон деворнинг устига янги девор қуриб оладилар.

Қочоқнинг юридик таърифига келадиган бўлсак, у 1951 йилда Женевада қабул қилинган халқаро конвенция доирасида қабул қилинган. Мазкур конвенцияга биноан «Қочоқ — ирқи, дини, миллати, бирон-бир ижтимоий гуруҳга тегишлилиги ёки сиёсий қарашлари учун таъқиб қилинаётган инсондир». Яъни инсонга қочоқ мақоми берилиши учун юқорида санаб ўтилган таъқиблар мавжуд бўлиши керак. Лекин ҳозир яна бир ҳолат юзага келганки, унинг ўзига хослиги расмийларни ва олимларни ўйлантирмоқда.

Олимлар «иқлим қочоқлари» деган, кимлардир эса «иқлим мигрантлари» ва бошқа ибораларни ишлатмоқда. Ҳозир ҳар йили тахминан 20 миллион киши экологик сабабларга кўра яшаш жойини ўзгартираётган бўлса, бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 200 миллион кишидан ортиб кетиши мумкин дейилмоқда.

Қадимдан экологик ўзгаришлар табиий равишда юз бериб келган ва бу инсонларнинг ўз юртини ташлаб кетишига, баъзан бутун бошли давлатлар ва ҳатто цивилизацияларнинг (шумерлар) йўқолиб кетишига сабаб бўлгани кузатилган. Давлатларга ўзимиздан қадим Хоразм давлатининг африғийлар сулоласи даврини мисол қилиб келтириш мумкин. Амударё ўз ўзанини ўзгартириб, сув бормай қолиши натижасида африғий хоразмшоҳлар давлатидаги (ҳозир Туркманистон ва Қорақалпоғистон ҳудудида) юзлаб қалъалар ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Саноат инқилобидан ҳозирга қадар завод ва фабрикаларнинг, транспорт (автомобил, самолёт ва ҳ.) ва бошқаларнинг атмосферага зарарли газлар чиқариши оқибатида дунёда нотабиий равишда иқлим ўзгаришлари юз бермоқда. Масалан, бир тарафдан Гренландиядаги музларнинг эриши океанларнинг сатҳи кўтарилишига олиб келиши, натижада инсонлар яшаётган ҳудудлар — ороллар, вилоятлар ва баъзан давлатлар (Бангладеш) сув остида қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Бошқа томондан эса Помир тоғидаги музликларнинг меъёридан тез эриши Марказий Осиёда қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, сув сатҳи кўтарилиши туфайли ўз ҳудудини ташлаб кетадиган инсонлар юқоридаги қочоқ деган таърифга тўғри келмайди. Лекин табиат таъқиб қилаётган инсонларнинг ҳам қочишдан бошқа иложи бўлмаслиги мумкин. Масалан, тахминан Тожикистондай майдондаги (143998 км²) Бангладешда ҳозир салкам 165 миллион аҳоли яшайди. Тахминан 2050 — 2100-йилларга бориб Бангладеш қисман (ва ҳатто бутунлай) сув остида қолиши мумкин экан. Дунёдаги минглаб оролларнинг қисмати ҳам шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Энди тасаввур қилинг, шундай пайтда бангладешликлар Ҳиндистон, Хитой ёки Ўзбекистонга қочиб келса, уларнинг мақоми қандай бўлади?

Худди мана шундай ҳолат Африка қитъасининг бир нечта жойида ҳам кузатилиши мумкин. Ўзи шундоғам ирқчилик, қашшоқлик, саводсизлик, урушлардан азият чекадиган африкаликлар Европага борса қабул қилинмайди, Африканинг бошқа давлатларида қулга айлантирилади, Осиё эса узоқда.

Хуллас, «иқлим қочқинлари» муаммоси келажакда глобал муаммога айланиши мумкин. Дунёнинг бой давлатлари, жумладан Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатлари ўз келажагини ўйлаб геостратегик лойиҳаларни амалга оширмоқдалар. Айримлар яширинча 100 йиллардан кейин юз берадиган янги геосиёсий урушларга тайёргарлик кўрмоқда. Айримлар бошқаларнинг ҳудудига кўз тиккан ҳолатлар ҳам кузатилмокда.

Бу жараёнлар шунчалик кўринмас, шунчалик шафқатсизки, «ақли бор давлатлар» фақат бугуннинг ғами билан ўралашиб қолмасдан келажак ҳақида ҳам ўйлашни бошлаганлар.

Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатларида сув остида қолиш хавфи йўқ бўлишига қарамасдан, уларда бошқа экологик муаммолар мавжуд. Лекин геосиёсий томондан келажакда 5 та давлат бутун Европанинг ҳудудига тенг ҳудудни эгаллаб олганлиги айрим давлатларнинг ҳасадини келтириб, «иштаҳа»сини очиб юбориши мумкин. Мана шундан келиб чиқиб, мен ҳозир минтақамизда янгитдан юз очаётган дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлайман. Бизлар, Марказий Осиё давлатлари фақат ўзимизни ўйламасдан, умумий келажагимизни кўра олишимиз ва юз бериши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисаларга тайёр бўлишимиз керак деб ўйлайман.

Дарвоқе, «ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш». Дунёда ҳеч кимнинг бошига қочоқнинг куни тушмаслигини тилаймиз. Мобадо шу муаммо билан юзма-юз келадиган бўлсак ҳам инсон номига муносиб йўл тутишимиз ва «бетон девор» ортида ҳаёти хавф остида қолган инсонларнинг ўлиб кетишига йўл қўймаслигимиз шарт.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг