Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар бўйича жиддий огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар бўйича жиддий огоҳлантирди

Фото: Uzreport News

Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчалар бўйича жиддий огоҳлантирди. 

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар ҳамда минерал сувларнинг турли касалликларни даволаши ҳақидаги рекламалар кенг тарқатилмоқда.

Айрим ҳолларда мазкур маҳсулотлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида тарғиб қилиниб, истеъмолчиларда улар дори воситаси эканлиги ҳақида нотўғри тасаввур шакллантирилмоқда.

Ваҳоланки, ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиб, улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.

Шу боис, биологик фаол қўшимчаларни даволовчи восита сифатида талқин қилиш ҳамда уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш амалдаги қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси:

- улар дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;

- одамларнинг даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;

- фуқароларнинг миннатдорлик билдиришлари ёки тавсияларини ўз ичига олмаслиги;

- соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

- тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотнинг дори воситаларидан устунлиги ҳақида тасаввур уйғотмаслиги;

- ҳар бир ҳолатда «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт.

Эслатиб ўтамиз, реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақиради. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг