Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сирли сукут»: Қўқон ҳокимияти ўзи пиширган «каша»ни кимга едирмоқчи?

«Сирли сукут»: Қўқон ҳокимияти ўзи пиширган «каша»ни кимга едирмоқчи?

«Каша»нинг ўзбекчаси «бўтқа»миди? Раҳмат. Бўтқа - парҳез таом. Ошқозонга ботмайди. Соғ-у носоғ бирдек паққос тушириши мумкин. Иштаҳа карнай бўлишиям шартмас. Таъб тортса - бўлди!  Бироқ ошхона бўтқаси бошқа, давлат идорасида тайёрлангани бошқа-да. Ошхона бўтқасининг ишқивозлари сероб. Мутасадди идораларда «пиширилган»нинг хўрандаси йўқ: бунақаси одатда  ўзгага едирилади. Керак бўлса, мажбурлаб.

Қўқон  шаҳар ҳокимиятида арзимаган масаланинг «бўтқаси» чиқса денг.  

Воқеликнинг мухтасар баёни андоқ: 2016 йилнинг 24 июнь куни шаҳарнинг ўша пайтдаги ҳокими фуқаро З. Шариповага  Шохруҳобод кўчасидан 2 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ҳамда офис-бино иншоотлари қуриш учун тўрт сотих ер майдони ажратиш  тўғрисида қарор чиқаради.  Қўқон кафтдеккина шаҳарча. Аҳоли ҳаддан зиёд зич.  Демакки, шаҳарнинг қоқ киндигидан бир парча ерли бўлиш салкам мўъжизадек гап! Аксарият аҳолиси савдогар-у тадбиркор бўлган шаҳарда бошқача бўлиши мумкинми? Ҳа дейсизми? Ўлманг.

 Фуқаро З. Шариповага бундай саодат қандай насиб этди?

 Аёлнинг марҳум турмуш ўртоғи бир пайтлар «Марҳабо» жамоа корхонаси аъзоси бўлган экан. Жамоа корхонага қарашли бино бузилишга тушгани боис меросхўр сифатида унга юқоридаги ер майдони ажратилибди. Ҳужжатларда шундай.

Марҳумга ҳурмат, бевасига иззат кўрсатиш аъло фазилат, албатта. Бироқ бунақа эътибор мавжуд қонунлар-у қоидалардан «сакраб ўтиш»га имтиёз бермайди-да. Боз бева аёлни «найзанинг учи»га айлантириб, асосий манфаатдорлар «парда орти»да бўлишса-чи? Бу энди, аввало, аёлнинг ўзига, қолаверса, марҳумнинг руҳига, ҳатто давлатга ҳам хиёнатдан бошқа нарса эмас... Бу гапга эътирозингиз борми? Йўқ?.. Раҳмат.

Давом этамиз: хўп,  ер ажратилди. Хўш?

Ҳокимнинг юқоридаги қарорини тайёрлаган шоввозлар  қонуннинг оддий талабларига кўз юмгани қизиқ. Қатор-қатор саволлар очиқ қолиб кетган. Масалан, ажратилган ер майдони ҳокимият захирасида эдими? Йўқ. Марҳумнинг жамоа корхонасидаги улуши қанча эди? Бу савол ҳам муаллақ. Улуш миқдори аниқланмай ер майдони ажратишни қонун оқлайдими? Албатта, йўқ. Аёлнинг қўлида ҳуқуқий ворис эканини тасдиқловчи ҳужжат бормиди? Йўқ-да. Бузилган бино учун компенсация шартлари, тўлов шакли ва миқдори келишилганмиди? Йўқ, йўқ...

Шу саволларнинг ўзиёқ ажратилган ер майдонининг қонунийлигини катта сўроқ остида қолдиради.

Ҳайратингизни жиловлаб туринг. Юқоридаги қатор-қатор саволларга қарамасдан кўзни чирт юмган ҳолда шу аёл номига шаҳарнинг Мовароуннаҳр кўчасидан аввал ҳам (24.12. 2009й. 467-сонли қарор!) ер майдони ажратилганига нима дейсиз?

Қалай, қалови  топилса, қор ёнар эканми?!

Буни Қўқон деб қўйибди. Бир парча ер тиллога тенг. Тасаввур қилишингиз учун айтамиз: шаҳар марказидан тўрт сотих ери бор одамга  ўша ер майдони учун учта янги «Нексия-3» таклиф қилинг, Сизни жиннига чиқаради: ҳисобни бўри егани йўқ, акахон?!

Бироқ бўрининг тиши тиллодан бўлса, унча-мунча ҳисобни ямламай ютаркан-да.

Қонундан «ҳатлаб ўтган» ҳолда ер ажратиш мумкинлиги хусусида З. Шарипованинг ҳатто тасаввури бўлмаса керак. Унинг бор-йўқ «айби» – марҳум турмуш ўртоғи номи қачонлардир жамоа корхона таъсисчилари рўйхатига тиркалгани, ўзи эса бугунга келиб, «ер бизнеси» учун «муносиб номзод»га сал-пал ўхшаб кетишида, холос. Ҳокимият остонасида йиллаб сарғаймади, шикоят ёзиб риёзат чекмади. Иккита-учта  қоғозга имзо чекди — бас!.. Уч-тўрт сўм чойчақа  кимга ортиқчалик қилибди?!

Ҳамма гап у ва унга ўхшаганларнинг «орқасига беркиниб» иш кўрадиган азаматларда! Азаматларки, юқорида баён қилдик, қорни ёндириб, музни ўтин қилиши, ҳай-ҳай, демасанг, ҳатто пашшанинг қорнига мотор қўйиб миниши  мумкин...

Мақола бошида айтганимиз – Шохруҳобод кўчасидан  сирлигина ажратилган ер майдонининг қоғоздаги эмас, Амалдаги Эгаси ён қўшниси билан низо чиқармаганда, юқоридаги сир-синоатларда қоғозлар қабатида қолиб кетармиди, ким билсин?! Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда чиқаркан-да. Ҳозирги замонда қирқ йил тугул, тўрт йилга бормаётир.

Ҳоким қарорини тайёрлаган азаматлар бироз ҳаяжонга берилганми ёки шунчаки эътиборсизликми Шохруҳобод кўчасидан  ер ажаратишаётганда қурилиш ишлари учун йўлакни хаёлдан фаромуш қилишган экан. Ер майдонининг Амалдаги Эгаси қўшни – ўзига ўхшаган тадбиркор Акмал Ашурбоевга йўлак учун жой бериш талабини қўйди. А.Ашурбоевнинг жавоби мухтасар бўлди: бир парча ернинг баҳосини яхши биласиз, ҳожи, мен билан можаро қилгунча қўлингизга қарор тутқазган акахонларга борсинлар, хўпми?

«Акахонлар»-у «укахонлар»нинг  томонларни муросага келтиришга уринишидан наф чиқмади. Шугина масала чуваланиб-чуваланиб судгача етди: З.Шарипова номидан судга даъво киритилдики, ўзганинг ер участкасидан  чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) беринг, деб... Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди судьяси низони жойига бори ўрганди, тақдим этилган ҳужжатларни обдон таҳлил қилди. Қарасаки, сервитут  беришга асос йўқ.  Шунингдек,  айни жараёнда  ҳоким қарорининг қонун талабларига мос келмайдиган нуқталари «бўй кўрсатиб» қолди. Шу боис даъвони рад этар экан, ҳоким қарорини тайёрлаган азаматларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш лозимлиги  боис хусусий ажрим чиқариб, прокуратурага юборди. Хусусий ажрим сабаб мутахассилар жалб қилган ҳолда вазият ўрганилганда ҳақиқатда З. Шарипова номига ер майдони ажратилишида қўпол қонунбузилишлар  тасдиқланди. Натижада Қўқон шаҳар прокурори ҳоким М.А.Усманов номига протест киритди: ҳоким бува, қарорларнинг таги лой-ку, уларни қонунга мувофиқлаштириш керак, масалани ўн кунда ҳал қилинг!

Прокурор талаб қилган «ўн кунлик» муддатдан нақ ўн иккитаси ўтди:  ҳоким протестга қиё боқмайди?!

Айтганча, ҳокимият тортмаларида «димиқиб ётган» прокурор протестигина эмас.

Йўқ жойдан пайдо бўлган можаро А. Ашурбоев режаларига тушов солди. Ўзига қарашли ҳудуднинг бўш жойига автобомиль таъмирлаш устахонаси, маъмурий бино, омборхона қурмоқчи эди (шу ишлар амалга ошса, камида олти нафар ёш ишли бўларди). Бироқ  можаро  сабаб на кўнгилда хотиржамлик бор, на ҳокимият қурилишга рухсат беради?! Тоқати тоқ бўлган тадбиркор Қўқон шаҳар маъмурий судига мурожаат қилди.  Аризаси қаноатлантирилиб, суд  Қўқон шаҳар ҳокимлиги зиммасига «...А. Ашурбоевга тегишли   бўш ер майдонига  лойиҳа асосида  кенгайтирилган устахона, маъмурий бино ва  омборхона қуришга рухсат бериш ҳақидаги масалани қонуний  тартибга кўриб чиқиш  мажбурияти»ни юклади.

Мазкур суд қарори қонуний кучга кирганига уч ой бўлмоқда. Ҳокимият суд (!) юклаган мажбуриятни ҳам  адо этмоққа шошилаётгани йўқ. Сукут.

Бу сирли  сукутнинг қуввати қандай омилларга бориб тақалади?

Нима, маъмурий суд қарори ҳам, прокурор протести ҳам бир тийинми?

Шу пайтгача шаҳар прокурори: «ҳоким бува, протест натижаси нима бўлди?» дея  талаб қилишга журъати етмаётгани-чи?..

Бу саволларнинг жавоби биз учун ҳам қизиқ.

...Юқоридаги баёнлардан англадингизки, масаланинг анчайин бўтқаси чиққан. Ҳокимият уни кимга ичиришни билмай ҳалакдек, гўё.

Бирор ҳудуд етакчиси учун  ўша музофот аҳолиси орасида яқинлари бўлиши мумкин, илло ўгайи бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, мувозанатга путур етади. Адолат ва Холислик – раҳбар учун асосий мезон шу. Қўқонга хос ширин лутф ёки шаҳарнинг кўринарли жойига байроқни баланд тикиб қўйиш билангина одамларни рози қилиб бўлмайди, ахир?!

Аҳмад Полвон,

Отабек Юсупов


P.S.  Мақолага охирги нуқтани қўйиб улгурмай хабар келди: даъвогар фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига нисбатан кассация шикояти берибди. Яхши. Бу унинг ҳуқуқи. Фуқаролик иши Фарғонада кворум бўлмагани сабаб Наманганга юборилибди. Йўлкира учун қўшимча чиқимни айтмаса ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ бунинг.  Яна айтилдики, фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ажримига мувофиқ,  «Ермулкадастр» ДКнинг Қўқон филиали раҳбари  Н. Аҳмедов  хулоса ёзибди: низоли жойда сервитут белгилаш мумкин, деб...

 Буни очилаётган этакни ёпишга уриниш дейиш мумкин, холос. Вассалом.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг