Улан-Баторда чўлланишга қарши кураш бўйича COP17 конференциясининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида Чўлланишга қарши курашиш бўйича БМТ Конвенцияси (UNCCD COP17) Томонлар конференциясининг 17-сессияси ўз ишини бошлади.
Тадбир 17–28 август кунлари «Ерларни тиклаш. Умидни тиклаш» шиори остида ўтказилмоқда. Мўғуристон Бош вазири Ням-Осорын Учрал Улан-Баторда бўлиб ўтаётган COP17 конференциясида тақдим этилган Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюриб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли экологик ислоҳотлар билан танишди.
Нуфузли халқаро конференция ерларнинг деградацияси ва чўлланишининг олдини олиш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, яйловлардан барқарор фойдаланиш, шунингдек, қум ва чанг бўронларининг салбий оқибатларини камайтириш соҳасидаги глобал ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Конференцияда Конвенция иштирокчи давлатларининг делегациялари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари, илмий-тадқиқот ва эксперт доиралари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси COP17 конференциясида Ўзбекистон миллий павильони билан иштирок этмоқда. Мазкур павильонда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш, деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш, ўрмонзорлар ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, қурғоқчилик, қум ва чанг бўронлари оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Оролбўйи ҳудудининг экологик барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар намойиш этилмоқда.
Шу билан бирга, павильон халқаро ташкилотлар, молия институтлари, хорижий ҳамкорлар, экспертлар ва илмий доиралар билан мулоқот қилиш, янги ташаббусларни муҳокама этиш, истиқболли лойиҳаларни шакллантириш, шунингдек, илғор тажриба ва технологияларни жалб қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Конференциянинг биринчи кунида Мўғуристон Бош вазири Ням-Осорин Учралнинг Ўзбекистон миллий павильонига ташрифи алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Юқори мартабали меҳмон павильонда намойиш этилган ташаббуслар ҳамда мамлакатимизнинг чўлланишга қарши курашиш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш соҳасидаги амалий ечимлари билан танишди.
Ташриф давомида Бош вазирга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланиш ва ер деградациясига қарши курашиш, деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, қум ва чанг бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, ўрмон ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, шунингдек, Оролбўйи экотизимларини тиклаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этиш ва ерлар деградацияси ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ экологик муаммоларни тизимли ҳал этишга қаратилган кенг кўламли амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мўғуристон Бош вазири Ўзбекистоннинг COP17 конференциясидаги фаол иштирокини юқори баҳолаб, мамлакатимиз миллий павильонини тажриба ва амалий ечимларни намойиш этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда конференция доирасида янги ташаббусларни илгари суриш учун фойдали ва самарали майдон сифатида эътироф этди.
Ням-Осорин Учрал, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари орасида COP17 доирасида миллий павильон билан фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаб, бундай формат мамлакатлар ўртасида тажриба алмашинувига ва экологик муаммоларга биргаликда ечим топиш борасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистоннинг COP17 конференциясидаги иштироки ва миллий павильон фаолияти давом этмоқда. Конференция доирасида ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва экотизимлар барқарорлигини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама учрашувлар, тематик тадбирлар ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter