Хитойда ишлаб чиқарилган айрим ўйинчоқлар савдодан чиқарилди
Хитойда ишлаб чиқарилган айрим болалар ўйинчоқлари савдодан чиқарилди.
Жиззах шаҳридаги савдо нуқталаридан бирида ўтказилган назорат харидлари давомида Хитойда ишлаб чиқарилган айрим болалар ўйинчоқларида хавфсизлик талабларига номувофиқликлар аниқланди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Жиззах ҳудудий бўлими ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишларда Mesh Squezee Ball савдо белгили, стрессга қарши ўргимчак шаклидаги юмшоқ ўйинчоқлардан намуналар олиниб, лаборатория синовларидан ўтказилди.
Синов натижаларига кўра, мазкур маҳсулотларда ўткир ҳид мавжудлиги ҳамда формалдегид миқдори белгиланган меъёрлардан юқорилиги аниқланди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, формалдегид моддаси инсон саломатлигига, хусусан, нафас йўллари, кўз ва терига салбий таъсир кўрсатиши, аллергик ҳолатларни кучайтириши мумкин.
Шунингдек, текширув давомида маҳсулот ёрлиқларида зарур маълумотлар давлат тилида акс эттирилмагани ҳам қайд этилди. Аниқланган ҳолатлар «Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент» талабларига зид деб топилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан савдо субъектларига тегишли кўрсатмалар берилиб, маҳсулотларни савдодан чиқариш ва реализациясини тўхтатиш бўйича чоралар кўрилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter