Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир томчи қон ва 9 миллиард долларлик ёлғон

Бир томчи қон ва 9 миллиард долларлик ёлғон

фото:интернет очиқ манба

The Wall Street Journal (WSJ) газетасида чоп этилган биргина мақола Кремний водийсининг энг йирик «мўъжиза»сини ер билан яксон қилди. Журналист Жон Каррейрунинг суриштируви замонавий бизнес ва журналистика тарихидаги энг шов-шувли воқеалардан бирига айланди. Ўшанда 2015 йил октябрь ойи эди...

«Аёл Стив Жобс» ва инқилобий ваъда

Ҳаммаси 2003 йилда 19 ёшли Стэнфорд университети талабаси Элизабет Холмс ўқишни ташлаб, Theranos компаниясига асос солишидан бошланди. Унинг ғояси тиббиётда инқилоб қилишни ваъда берар, бу эса бармоқ учидан олинган атиги бир томчи қон орқали юзлаб касалликларни (саратондан тортиб диабетгача) тез, оғриқсиз ва арзон аниқлайдиган «Edison» номли митти қурилма яратиш билан боғлиқ эди.

Холмс ўз қиёфасини пухта шакллантирди: у Стив Жобсга тақлид қилиб, ҳатто унга ўхшаб кийинишга уринарди ва ишончли кўриниш учун атайин йўғон овозда гапирарди. Холмснинг нотиқлик маҳорати шу даражада кучли эдики, у АҚШнинг собиқ давлат котиблари Генри Киссинжер ва Жорж Шульц, собиқ мудофаа вазири Жеймс Мэттис каби нуфузли арбобларни компания директорлар кенгашига жалб қилди. Натижада инвесторлар Theranos’га 700 миллион доллардан ортиқ сармоя киритишди, компаниянинг бозор қиймати эса 9 миллиард долларга етди. Элизабет Холмс Forbes томонидан дунёнинг энг ёш миллиардер аёли деб эълон қилинди.

Жон Каррейру суриштируви: парда ортидаги ҳақиқат

2015 йил бошида WSJ мухбири Жон Каррейру компания технологиясининг шаффоф эмаслигидан шубҳалана бошлайди. У Theranos’нинг собиқ муҳандислари, лаборатория ходимлари ва шифокорлари билан махфий равишда учрашиб, даҳшатли ҳақиқатларни юзага чиқаради.

Маълум бўлишича, машҳур «Edison» қурилмаси аслида ваъда қилинган тестларнинг атиги кичик бир қисмини бажара олган, шунда ҳам натижалар ўта нотўғри чиққан. Буни яшириш учун компания беморлардан олинган қонни пинҳоний лабораторияга олиб кириб, рақобатчи компаниялар (масалан, Siemens)нинг оддий тиббий жиҳозларида текширган. Бир томчи қон мазкур ускуналар учун камлик қилгани сабабли ходимлар қонни суюлтиришга мажбур бўлишган, бу эса таҳлил натижаларини бутунлай бузиб юборган.

Энг ёмони, мазкур фирибгарлик ортидан оддий одамларнинг соғлиғи хавф остида қолган. Нотўғри тестлар туфайли айрим беморларга соғлом бўла туриб саратон ташхиси қўйилган, ҳомиладор аёлларга эса боласи нобуд бўлгани ҳақида ёлғон хулосалар берилган.

Таҳдидлар ва ҳақиқатнинг ғалабаси

Журналист суриштирув олиб бораётганини сезган Элизабет Холмс ва компания раҳбарияти мақолани тўхтатиш учун бор кучини ишга солди. Улар АҚШнинг энг қиммат адвокатларини ёллаб, WSJ таҳририятини суд билан қўрқитишди, маълумот берган собиқ ходимларни эса доимий кузатув ва таҳдид остига олишди.

Шунга қарамай, 2015 йил 15 октябрда Жон Каррейрунинг илк мақоласи чоп этилди. Бу мақола «домино эффекти»ни ишга туширди. АҚШ соғлиқни сақлаш регуляторлари (FDA) лабораторияларни текшириб, жиддий қоидабузарликларни аниқлади. Walgreens дорихоналар тармоғи каби йирик ҳамкорлар шартномаларни бекор қилди, инвесторлар эса судга мурожаат қила бошлашди.

Интиҳо

Бир пайтлар тиббиёт келажаги сифатида кўрилган Theranos 2018 йилда расман банкрот деб эълон қилиниб ёпилди. Жон Каррейру ушбу воқеалар асосида дунё бўйлаб бестселлерга айланган «Bad Blood» (Ёмон қон) китобини ёзди. 2022 йилда эса суд Элизабет Холмсни инвесторларни йирик миқдорда алдашда айбдор деб топиб, 11 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Theranos воқеаси Кремний водийсидаги «уддалай олмасанг, уддалагандек кўрин» (fake it till you make it) тамойили инсон ҳаёти билан боғлиқ соҳаларда қанчалик фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бутун дунёга кўрсатиб берди.

Ана шунақа! Аммо ҳали бу дунёда яна қанчадан-қанча ёлғонлар бор, ҳеч ким билмайди...

Акбар Анваров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг