Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ёзавермайсизми, бу ўқувчи садқаи яхши асар кетсин!..»

«Ёзавермайсизми, бу ўқувчи садқаи яхши асар кетсин!..»

Госпиталда даволанаётувдим… Гоҳ классик француз адабиёти ҳақида ўқиб, нега адабий муҳитни юзага келтирган жараён бир хил бўлса-да, XXI асрнинг бошларида ўзбек адабиётидан бальзаклар, дюмалар, мопассанлар, флоберлар етишиб чиқмади, деб мулоҳаза қилиб; гоҳида бу дунёда ўзимни мискин ва ёлғиз ҳис этиб, хўрлигим келиб, эзилиб ўтирардим. Тўсатдан Луқмон Бўрихоннинг вафот этгани ҳақида эшитдим...

Танишув

Мен Луқмонни, ҳали ўзини танимасимдан бурун танирдим. Унинг, нечанчи йиллар, билмайман, «Ёш куч» журналида танкчилар ҳақидаги ҳикояси чоп этилган. Кейин «Ёшлик»да яна бир ҳикояси босилди. Мен ҳам нимадир қоралаб, газет-журналларга тинимсиз юбориб, рад жавобларини эшитавериб, дийдам қотган бошловчи ёзувчи сифатида мазкур нашрларда чиқиш нималигини яхши билардим: бу – иқтидоринг бор, дегани; бу – сени ёзувчи сифатида тан олишди, дегани; бу – келажагинг порлоқ, дегани ҳам. Шуни билиб, Луқмонга ихлосим уйғонган. Бу ихлос, кейинчалик бирга ишлаб, бир қанча номақбул ишларни қилиб, унинг гапига кириб, анча дакки эшитгандан кейин ҳам сўнмаган.

У билан биринчи кўришишим ғалати бўлган.

Ўшанда «Ленинград-32»даги газета корпусида ишлардим.  Биринчи қаватда лифтни кутиб турувдим. Қоровулнинг ёнидан пўрим кийинган – яхши дазмолланган, оҳори тўкилмаган оч кулранг костюм-шим ва шу тусли «водолазка»даги олифта йигит (адашмасам, қўлида дипломати ҳам бор эди) ўтиб, тўғри лифт томон юрди. Қоровул ортидан ҳай-ҳайлаб қолди:

– Ҳой, сиз кимсиз? Мумкин эмас! Қайтинг!

– Нимага ваҳима қиласиз? Бинонгизни портлатиб юборармидим?

Йигит шундай деганча, қоровулга эътибор ҳам бермай, худди ўзининг ҳовлисида юргандай бемалол лифт томон ўтиб келаверди. Қоровул нима дейишини ҳам билмай қолди. Бу пайт лифт келиб, эшик очилди ва мен, ортимдан Луқмон кирди. Бу йигитнинг Луқмон эканини дарров танидим, чунки суратини кўрганман ва талантли ёзувчилар мана шундай – совуққон, пўрим бўлиши керак, деб ўйлардим. Тасаввурим алдамабди! Алдаганини эса кейин билдим – аслида Луқмон унча совуққон ҳам, олифта ҳам эмас экан...

Исёнкор

Тез орада Луқмон билан «Постда» газетасида бирга ишлай бошладик: у  пайтларда анчайин исёнкор, қолипларга сиғмайдиган, қоидаларни тан олмайдиган йигит эди (кейинчалик, вақт ўтиб исёнкорлиги бироз чекинди-ку, лекин умрининг охиригача қолипга тушиб қолмасликка ҳаракат қилди).

Нафақат ижодда, балки ҳаётда ҳам унча-мунча қонун-қоидаларга амал қилавермас эди. Ишнинг ўртасида, тушлик вақтида «кинога борамиз», деб қолармидией! Мен ҳам бу – тақводор, иқтидорли, шу ёшида танилиб улгурган ёзувчи йигит бир нимани билади, деб эргашиб кетаверардим. Пешиндан сўнг, соат 15 дами, 16 дами кинодан қайтсак, бош муҳаррир ўринбосари Ғайрат ака Болтабоев жиғибийрон бўлиб ўтирган бўларди.

Мен бу Луқмоннинг Ғайрат акага эмас, тартибга исёни эканини ҳали билмасдим. У пайтларда таҳририятимиз ғалванинг уяси эди. Ўзимизча миллатпарварлигимиз қўзиб, айрим ғаламисликларниям қилиб турардик. Ниҳоят, бу жанжаллар Вазир ўринбосарининг жонига тегди. Негадир буларнинг барчасига Ғайрат ака айбдор деган хулосага келди ва у кишини ишдан ҳайдамоқчи бўлди (аслида шу одам бизнинг ҳовуримизни босиб турган). Ўшанда Вазир ўринбосари Болтабоевни ишдан ҳайдаб, «Қани кўрамиз, сен билан ким кетаркан? Ким бу билан бирга ишламоқчи?» деб масхараомуз гап қилган. Луқмон, мен ва, адашмасам, Эркин Сатторов ўрнидан туриб, «Ғайрат ака билан бирга ишлаймиз», деганмиз. Вазир ўринбосари асабийлашиб: «жуда яхши, сенлар ҳам аризангларни ёзиб, бу ердан қуринглар», деган эди.

Шундай қилиб, Ғайрат ака ишдан бўшади, ортидан Луқмон ҳам ўз ихтиёри билан кетди. Эркин иккаламиз эса, негадир қолавердик. Ўзимиз мардлик намуналарини кўрсатолмадик, бошқалар «ваъдага вафо – кетинглар энди», демади.

 Э, ёзавермайсизми, бу ўқувчи садқаи яхши асар кетсин

Кейинчалик кўп уриниб, қўлёзмаларимни матбуотда чоп эттиролмагач, ёзувчиликка ишонч қолмай, умидим ҳам сўнгач, «адабиёт мен учун эмас экан», деб ички ишлар органларига хизматга ўтиб кетдим. Тақдирга тан берган эдим, энди буткул бошқа соҳада ишлайман, адабиётни ўйламайман ҳам, девдим.

Шундай бўлса-да, адабий жараён билан қизиқиб турардим, у ҳам бўлса, Луқмон орқали. Тан олиш лозим, у пайтларда Луқмоннинг ҳам адабиётдан ҳафсаласи ўлган эди. Бир сафар қўнғироқ қилсам, нега ёзмай қўйганим билан қизиқди.

– Ёзганга яраша яхшироқ нимадир битиш керак-да, – дедим.

– Э, ёзавермайсизми, бу ўқувчи садқаи яхши асар кетсин, – деди у асабий...

Уй йўқ, ижарама-ижара кўчиб юрардим. Луқмон эса шахсий ҳовлисига эга (уйида кўп меҳмонда бўлганмиз), шундан ҳам унга ҳурматим баланд – иқтидори етмагандай, ҳалитдан омадли ёзувчи, камига Тошкентда уй-жойи бор!

Бир сафар уч ойча талабалар ётоқхонада яшашга тўғри келган, ниҳоят у ердан ҳайдайдиган бўлишди. Борадиган жой йўқ. Ўшанда мен қўнғироқ қилдимми, Луқмоннинг ўзими, эсимда йўқ, лекин қўшниси ҳовлисини ижарага беришини айтиб қолди. Қўшни бўлиб яшай бошладик.

Ўша кезлари хизмат бошқа, адабиёт бошқалигини тушуниб етаётган эдим. Бир-икки бетайин қиссалар ҳам битдим. Луқмон ёмонлаб-ёмонлаб, «Ёшлик» журналида эълон қилиб ҳам берди.

Қайтадан ижодкорга айландим.

 Ғоя ўғирлаганим

Бир куни эрталаб Луқмон иккаламиз М.Ашрафий кўчаси бўйлаб ишга кетаётувдик. Аслида у эрталабдан ишга югуриб борадиганлар тоифасидан эмасди, лекин ўша куни шундай бўп қолган экан-да.

Хуллас, Луқмон ички бир ҳиссиёт билан режасини баён қилди:

– Роман ёзмоқчиман, Исмоил!  Ҳар куни бир варақдан ёзсам, бир йил деганда тайёр бўлади.

Шунда нега бу ҳақда ҳалигача ўзим ўйлаб кўрмаганимдан ҳайратландим. «Нима учун роман ёзмайман?» деган алам уйғонди кўнгилда. Луқмон ёзмоқчи-ку, мен ҳам ҳаракат қилсам бўлади!

Ўшанда у «Жазирамадаги одамлар»ни режалаштираётган эди.

Бу орада мен ҳам олдинига машқ учун бир роман битдим, уни ташлаб юбориб, «Мағлубият»ни ёздим.

Бир сафар Луқмон шошиб ишхонамга келиб қолди:

– Эркин Аъзамнинг олдидан келяпман. Гап охирида «эди», деган сўзни ишлатишдан қочиб, сўзлар ўрнини алмаштириб, гап тузилишини минг кўйга солиб ётамиз-ку, шуни қилманглар, «эди»ни ишлатиш зарарсиз, қўллайверинглар, деб айтди! Шунга «Жазирама...»ни бошқатдан таҳрир қиламан.

«Мағлубият» номли роман қўлёзмасини тугатган эдим.  Бир неча кун вақт сарфлаб, барча «эди»ларни жойига қўйиб чиқдим.

Танқидчи

Булар яқин ошна бўлишган, бир-бирларини мақтаб юрган-да, деб ўйламанг. Йўқ, Луқмонга, адашмасам, «Одамхўр»дан бошқа бирор асарим ёққанини билмайман. У ҳар доим қуйидаги тизимли камчиликларимни айтишдан чарчамасди:

– тил устида ишламайман, ғализ, ёзганларим худди рус тилидан таржима қилинганга ўхшайди;

– тушунарсиз гапларим кўп;

– диалоглар (киночилар «реплика» дейди) китобий, нотабиий.

Бир сафар, уйига меҳмонга борганимизда Луқмон «Спартак» романини ўқиётганини айтиб, китобни кўрсатди.

– Русча-ку, – дедим ҳайрон бўлиб.

– Ўзбекчаси йўқ, русчасини ўқияпман-да, – деди у.

Қизиқ, ўша пайтгача бадиий асарни фақат ўзбек тилида ўқиш керак, деб ўйлар эканман. Шу кундан бошлаб мен ҳам рус тилида мутолаа қилишга ўтдим ва кўп йиллар давомида бирортаям ўзбекча бадиий асар ўқимадим (зиммамда бунақа вазифа ҳам йўқ эди), ҳисоб. Ва шуни бекор қилибман, чамаси, асарнинг тилига эътиборсиз бўп қолдим. Чунки рус тилининг қочиримлари, нозик жиҳатларини яхши билмайман, тўғри маъносини тушунаман ва бадиий асарда тил охирги ўринда туради, деган хулосага ҳам бориб қолган эдим. Луқмонда эса акси, тил биринчи ўринда бўлган...

Шундан ёзганларим рус тилидан таржимага ўхшаб қолаверган. Бу камчилигимни тан оламан ва уларни тўғрилашга 25 йилдан буён ҳаракат қилиб келаман (тўғриландими, йўқми, билмайман).

Тушунарсиз гапларниям тан оламан. Ахир онгингиздаги вазиятни фақат сиз биласиз ва шунга қараб ёзиб кетаверасиз. Кўпинча онгдаги ҳолат ўша ерда қолиб кетгани, қоғозга туширилган гаплардан уларни тўлиқ англаб бўлмаслигини барибир билмайсиз. Чунки ўша жумлаларни ўқишингиз билан онгингиздаги манзара қайтадан жонланиб, ҳаммаси текис ва тушунарлидай туюлаверади, «қойиллатибман» деб ўйлайсиз. Булар фақат онгингда эканини эса ҳар доим ҳам билиб ололмайсан.

Диалоглар масаласида эса ҳеч қачон Луқмон билан келишолмаганман. Негадир диалогларни силлиқ ва табиий ёзаман деб ўйлайман. Уларда баландпарвозлик, китобийлик, «қизиллик» йўқ, деб ишонаман. Янаям ким билсин... Ҳар ҳолда менинг репликаларимни айтган актёрларда сунъийлик сезмайман, улар орасида ўзим ёзмаган битта сўз бўлсаям, дарров илғайман, ёпишмаётгандай туюлади...

Эркатой

Болалиги қандай ўтган, аниқ билмайман, лекин назаримда Луқмон ота-онасининг эркаси бўлган. Ҳаракатлари, гап-сўзларидан шундайгина билиниб турарди-да бу, сизга ҳам эркалик қилаётгандай туюлаверарди. Ҳеч қачон бегонасирамайди, киришимли, энг асосийси, ҳар қандай танқидни ҳам кўнгилга ботмайдиган қилиб, енгил тусда айтиб кетаверарди. Ҳазиллашишни ёқтирарди, айниқса ўзи ҳақида беғараз ҳазиллари кўп эди.

Бир кун қўнғироқ қилсам, кайфияти йўқ. Сўрасам, «Э, кўрмайсизми, – дейди. – Ўзимнинг дардим камлик қилгандай, қўшним ҳам лотереядан мошина ютиб ўтирибди». Бу унинг ҳазилимиди ёки қўшниси ростдан машина ютганмиди, билолмадим.

«Жазирамадаги одамлар»

«Жазирамадаги одамлар» ҳақида алоҳида тўхталмасам бўлмайди.

Бу нафақат Луқмон Бўрихоннинг, балки XXI аср ўзбек адабиётининг энг асосий ва муҳим романи. Ҳатто, айтиши мумкин, XXI аср ўзбек романчилиги «Жазирамадаги одамлар»дан бошланади (Луқмон ўртоғим бўлгани учун айтмаяпман буни, ҳақиқат шу!).

Ўқимаганлар бўлса айтай, асар эврилишлар ҳақида. Боланинг ўсмирга айланиш жараёни, даврнинг ўзгариши, қадриятларнинг ўзгариши, ҳиссиётлар, туйғуларнинг ўзгариши хусусида.

Балки адашаётгандирман, бизнинг адабиётда руҳиятдан кўра, туйғулар, эҳтиросларга кўпроқ эътибор қаратишади. Ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган, биламан – асарда образнинг босқичма-босқич ривожланиб боришини тасвирлаб бериш анча мушкул. «Жазирамадаги одамлар»да эса бош қаҳрамон – Самаднинг руҳиятидаги ўзгариш ва ривожланиш ажойиб берилган. Бунгача боланинг ўсмирга айланиш жараёни, унинг руҳияти бунчалар теран, чуқур очиб берилган асарни ўқимаганман. Асосийси, ҳаммаси тўғри, ҳаммаси сенинг бошингдан ўтгандай.

Бир сафар Қозоқбой ака учаламиз суҳбатлашиб ўтирганимизда Луқмон «жазирама» деганда нимани назарда тутганман? «Ҳамма иссиқни ўйлаб юрибди, аслида унақа эмас. Иссиғи ошиб, бетобланиб қолганларни ҳам жазирамага тушибди дейишади-ку», деган эди. Ўйлайманки, роман асл ҳиссиётлар ва ҳаётнинг уларга нисбатан бешафқатлиги, туйғулар ва ҳаётнинг номутаносиблиги, бунинг оқибатида юзага келадиган риёкорлик тўғрисида. Қисқаси, алаҳсираётган одамлар ҳақида...

Луқмоннинг ўзи кўп такрорларди – инсондан фаришта ясашга уринмаслик лозим.

Бу ҳолат болаларда кўп учрайди – дейлик, бир боланинг қорни оч, лекин сиз «фалончининг қори тўқ», десангиз, у сизнинг гапингизни оқлаш учун овқат емайди. «Тўқман» деб тураверади.  Худди шу жараён совет даврида сиёсат даражасига олиб чиқилган – кўнгилчан одамларни сиёсатга хизмат қилдириш оммалашган эди. Одамни фаришта даражасига олиб чиқиб мақташарди, у бечора эса, ҳаётини дўзахга айлантирса-да, фариштадай бўлишга мажбур бўларди.

Луқмон ушбу романида ўша ҳолатни танқид қилади. Одам одамдай яшаши лозим! Унинг шиори шундай бўлган. Адашмасам, «Қуёш ҳали ботмаган» асарида асл ғоялар ва юксак мақсадларга фақат олий даражадаги йўллар орқали борилмайди, деган фикрни билдириб ўтади.

Анча бурун телеграмда иккаламиз қуйидагича ёзишма қилган эканмиз:

Мен: – Кўринмайсиз?

Луқмон: – Юрибмиз, сонни кўпайтириб!

Мен: – Ҳаққингиз бор, сифатни илгари кўпайтириб қўйгансиз!

Луқмон: – Раҳмат-э! Сиздан бошқа ҳеч ким шу ишларинг тўғри, демовди.

Беғараз ошна

Адабиётда кўпинча Луқмонга таянардим...

«Қамал»ни чоп этиш учун мендан ҳам кўпроқ у югурган эди (тўрт-беш китоб билан ҳаёт ҳам, адабиёт ҳам ўзгармаслигига ишониб қолганман, китоблар ҳаётингда ҳеч нимани ҳал қилмаслигиниям биламан, шундан уларни чоп этиш жудаям муҳим масала деб ҳисобламайман). Ниҳоят Қозоқбой аканинг аралашуви билан роман чоп этилди, лекин бу бошқа мавзу...

Хуллас, шу китоб ҳақида телекўрсатув қилишмоқчи бўлишди. Ижодкорлар роман ҳақида интервью берадиганларни топиб беринг дейишди. Шунда бу қанчалар оғирлигини билганман, айниқса мен учун! Адабий муҳитни уч киши орқали биламан – Қозоқбой ака, Абдуқаюм ака ва Луқмон! Қўлёзмаларимниям фақат шу учаласига бераман. Бошқаларни танимайман. Буларнинг ҳам дастлабки икковига унча-мунча ҳаддим сиғмайди. Луқмонга «Қамал» бўйича интервью беришни илтимос қилдим, рози бўлди.

Орадан сал ўтиб, бошқа бир телеканал ҳам шу мавзуда кўрсатув қилмоқчи бўлди. «Романингизни ўқиган таниш ёзувчиларга айтинг, кўрсатувга келсин», дейишди. Айтишга осон, «романингизни ўқиган таниш ёзувчилар»... Ҳатто, «таниш ёзувчилар» деган жумланинг ўзиёқ мени чўчитади-ку. Телеижодкорларга андиша билан: «мен шу уч ижодкордан бошқасини билмайман-да», дедим. Бу гапимдан ўзим ҳам уялдим.

Яна Луқмонга илтимос қилдим. Йўқ, демади!

Яратганнинг инъоми

Тўғриси, Луқмон билан келишмовчиликларимиз ҳам кўп бўларди. Келишмаганда нима, ота-болаларимизнинг мол-давлатини бўлишармидик? Адабиёт, ижод, услуб ҳақида тортишардик-да.

Иқтидор инсонга Яратган томонидан берилган инъом, ижодкорлар ўзгача одамлар бўлади, уларнинг иқтидорни ҳор қилишга ҳаққи йўқ, деб ҳисобларди у. Мен эса, Яратган бировни бировдан кам қилмаган, иқтидор ҳаммада бўлади (ёки ҳеч кимда бўлмайди), фақат кимдир бир иш билан қаттиқ шуғулланади, кимдир йўқ. Адабиёт ҳам шундай – ким бўлишингдан қатъи назар, ишонч билан, берилиб ижод қилсанг, буюк асарлар яратасан, деб ҳисоблардим, ҳисоблайман ҳам.

Бу фикр эса Луқмонга ёқмасди. Бир сафар шунинг ортидан баҳслашиб ҳам қолганмиз. «Мана, мен, иқтидор бўлмасаям, ёзяпман-ку!» дегандим, Луқмон «сен ёзувчи ҳам эмассан-да», деди. Роса хафа бўлганман! Бу «сен одам эмассан» дегандан ҳам оғирроқ ботган. Чунки, бошқа соҳада ишласам-да, фақат ижод билан тирик эканимни ўзгалар билмайди-да...

Эртаси куни унинг ўзи қўнғироқ қилиб, «э, Исмоил, шунча ажойиб мавзулар турганда топган муаммоимизни қаранг! Шу масалани ҳал қилиш биз иккаламизга қолибдими?» – деб узр сўрагандай бўлган.

Невараларимга ўқиб бераман деб бир эртак ёзгандим (худди «Олтин даврим»ни болаларим учун ёзганим каби). Тўртта нашриётга бердим, жавоб бўлмади (қўлёзмамни бировга топширсам, орқасини сўрамайман, асар ўзини ўзи эплаб кетиши шарт, деб ўйлайман, эплолмаса, ортидан тел-тел қилиб юришга на ҳожат?). Бундан роса бир ой бурун шу эртакни минг андиша билан Луқмонга ташлаб берган эдим. Биламан-ку, ёмон ёзилган бўлса, шартта айтади-қўяди. Бироқ шу ишни нотўғри қилган эканман!

Айтдим-ку, қўлёзмамни бировга берсам, ортини сўраштирмайман, бошқа мавзудаям қўнғироқ қилмайман-ки, ўқимаган бўлса, хижолатда қолмасин, дейман. Шунга Луқмонгаям қўнғироқ қилолмадим. Ўқиса ўзи айтар, ўқимаган бўлса, китобни юборганим эсдан чиққандан кейин гаплашармиз, деб ўйловдим. Бўлмаса, мен ҳам касалхонада эдим, маълум бўляптики, бу жой Луқмон даволанаётган шифохонадан унча узоқ ҳам бўлмаган, китоб излаб, шифохонадан чиқиб, икки марта ўша ёқларга ўтиб ҳам келувдим... Билганимда ёнига кириб, бир-икки оғиз чақчақлашиб келмасмидим? Бизнинг ёшда бугунги ишни эртага сурмаслик керак экан!

Луқмон Бўрихон ва Флобер

Ёшлигимда, Тошкентга келган пайтларимда, одам жуда кўплигидан ҳайратланиб, бу ерда хоҳлаган одаминг билан танишиб, ошна тутиниб, эскилари билан алоқани бемалол узиб кетаверсанг керак, деб ўйловдим. Унақа қилиб бўлмас, ошналар чекланган ва эскиларидан воз кечиш имконсиз экан!

Дарвоқе, биздан нега балзаклар, дюмалар, мопассанлар, флоберлар етишиб чиқмаслигини энди биламан: адабиётсевар халқ эмасмиз! Бўлмаса, Луқмон ва Флобернинг ижодга муносабати (ўзига, сўзга нисбатан талабчанлик, ижодий заҳматкашлик) деярли бир хил эди.

Луқмон ҳам Флобер каби асарларида воқеа-ҳодисаларга баҳо беришдан, муаллиф фикрини баён этишдан қочади, воқеаларни холис ёритади. Ҳатто, мендан ҳам шуни талаб қиларди: «сиз қаҳрамонлар ундай эди, бундай эди, деб тушунтириш берманг, буни биз ўзимиз, асарни ўқиб англаб олайлик!»

«Бовари хоним»дагидек «Жазирама...»да ҳам орзулар ҳаётий масалалар билан тўқнашиб, чилпарчин бўлади.

Исмоил Шомуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг