Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокуратурада яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ташкил қилинади

Бош прокуратурада яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ташкил қилинади

Президент иштирокида бўлиб ўтаётган йиғилишда қайд этилишича, яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та орган тарқоқ ҳолда шуғулланмоқда. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган яхлит иш тизими йўқ.

Шунинг учун яширин иқтисодиёт билан курашиш янги поғонага олиб чиқилиши таъкидланди.

Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилади.

«Шу пайтгача Департаментнинг тергов юритиш ваколати бўлмагани ва қонунларда жуда кўп ҳуқуқий коллизиялар мавжудлиги сабабли самарали ишлай олмади.

Мисол учун, ҳозирги кунда «обнал фирма»га нисбатан жиноят иши қўзғатиш олти ойгача вақт олади. Бу даврда қўштирноқ ичидаги уддабуронлар барча ноқонуний ишларини якунлашга улгуради.

Шуларни ҳисобга олиб, Департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланади. Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари бўлади.

Департаментга энг замонавий ахборот тизимлари, махсус воситалар олиб берилади, иқтисодий соҳалар ва чет тилларини мукаммал биладиган, фидойи ва ватанпарвар мутахассислар танлаб олинади.

Департамент ҳузурида Илмий-таҳлилий ва ўқув маркази очилади. Марказ яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқади, тизим ходимларини иқтисодий жиноятларни аниқлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўқитади», – деди Президент.

Шу билан бирга, Бош прокуратурада ҳам яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинади.

Департамент 5 та муҳим йўналиш: қурилиш, фармацевтика, алкоголь ва тамаки, ноқонуний импорт, нақдлаштириш ва капитални ноқонуний четга олиб чиқиш борасида кескин ўзгариш қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг