Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳомиладорлик таътилидаман: «кейингиси»га улаб юборсам ҳам «декрет пули» тўланадими?

Ҳомиладорлик таътилидаман: «кейингиси»га улаб юборсам ҳам «декрет пули» тўланадими?

Савол: Янги таҳрирда чоп этилган Меҳнат кодексига асосан ишчи ходимларга етарли меҳнат шароитларни яратмаганлик учун қандай жавобгарликлар мавжуд?

Меҳнат кодекси 25-моддасида иш берувчининг мажбуриятлари белгиланган. Масалан, ходимларни ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, асбоблар, техник ҳужжатлар ва бошқа воситалар билан таъминлаши; ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодексга, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши ва бошқа яна бир қатор мажбуриятлар иш берувчи зиммасига юклатиган.

Агар иш берувчи ушбу мажбуриятларни бажармаса қонунчиликда белгиланган тартибга жавобгар бўлади. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда (3 миллион 300 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодекси 148 (Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш), 257-моддаларида (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ҳам жавобгарлик белгиланган.

Савол: ходим ҳомиладорлик таътилида 70 кун бўлиб, сўнг яна 30 кун йиллик таътил ҳам олса, шу муддат ичида унинг иш ўрни бўш турадими? Унинг иш вазифалари бошқа ходимларга қўшимча ҳақ тўланмайдиган иш сифатида тақсимланадими?

Кўпчиликда ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлнинг ўрнига муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин эмас деган нўтўғри фикр шаклланиб қолган. Бу ҳолатда қонунчиликда ҳеч қандай чеклов йўқ, бемалол муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин. МК 112-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ иш жойи ўзида сақланиб қоладиган, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ходимнинг иш жойи сақланади ҳамда унинг ўрнига бошқа ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиш қонуний ҳисобланади. Ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ходимни вазифаси МК 116-модддасига кўра бошқа бир шахсга юклатилиши ҳам мумкин ҳамда МК 259-моддасида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

Бундан ташқари, МК 141-моддасига кўра, Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходим бошқа ишга бир йил муддатгача вақтинча ўтказилиши мумкин, бундай ўтказиш қонунга мувофиқ ўзининг иш жойи сақланиб қолинадиган вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнини эгаллаш учун амалга оширилаётган тақдирда ушбу ходим ишга чиққунига қадар ўтказилиши мумкин.

Савол: мен мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Биринчи фарзандимда «декрет пули» олдим. Ҳозир иккинчи фарзандим учун ҳомиладорлик таътилидаман ва бу учун ҳам «декрет пули» олганман. Ҳали таътилдан ишга чиқмадим.

Ҳозирда 8 ва 5 ёш фарзандларим бор: учинчи фарзандимга ҳомиладорман. Айтингчи, учинчи фарзандимга «декрет пули» олишга ҳаққим борми?

Фарзандлар сонига ҳеч қандай чеклов йўқ. «Декрет»ни  кейингисига уласангиз ҳам такрорий ҳомиладорлик  учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилаверади. Яъни 3-фарзандингизга ҳам «декрет пули» олишга ҳақлисиз. Агар 4-ни ҳам улаб юборсангиз, унга ҳам тўланаверади.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғига илова «Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома 29-бандига кўра, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.

Меҳнат ҳуқуқига доир саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг