Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент: бу йил 4 та вилоятдаги аэропортлар бошқаруви хусусий секторга берилади

Президент: бу йил 4 та вилоятдаги аэропортлар бошқаруви хусусий секторга берилади

Жорий йилда 4 та вилоятдаги аэропортлар бошқаруви хусусий секторга берилади. Бу ҳақда Преидент Шавкат Мирзиёев иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисида маъълум қилди.

«Яқин-яқингача иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари фақат давлат корхоналаридан иборат эди.

Ислоҳотлар натижасида олдинлари «ёпиқ» бўлган тармоқларга хусусий инвестициялар фаол кириб келмоқда. Мисол учун, аввал 100 фоиз давлат тармоғи ҳисобланган авиация соҳасида хусусий секторга кенг йўл очилди», – дейди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, транспорт соҳасида рақобат муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида бу йил Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқарувини ҳам хусусий секторга топширилади.

«Темир йўл соҳасида ҳам катта ўзгаришларни бошлаяпмиз ва бунда инвесторлар фаол иштирок этишларини сўраб қоламан», - деди Президент.

Шу билан бирга, тез ўсиб келаётган IT, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда Ўзбекистон минтақавий хабга айланиб бораётгани ҳам бу йўналишдаги катта имконият.

Бу йил давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқилди. Булар давлат учун муҳим бўлган транспорт, коммунал ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби тармоқларни қамраб олади.

Шунингдек, Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича «1 минг + 1 минг + 40» дастури қабул қилинган.

Бу 1 мингта корхонадаги давлат улушлари ҳамда яна 1 мингта давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари очиқ аукцион савдоларига чиқарилади, иқтисодиётимиз учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона IPO га олиб чиқилади дегани. Жумладан, олтин, мис ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар, телекоммуникация ва суғурта компаниялари ҳамда банклар акциялари инвесторларга таклиф этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг