Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энди ҳокимлар хорижга чиқади, элчилар эса кунини ҳокимга қўнғироқ қилишдан бошлайди

Энди ҳокимлар хорижга чиқади, элчилар эса кунини ҳокимга қўнғироқ қилишдан бошлайди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар раҳбар ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг муассасалари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг 2017 йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, 2018 йил ва яқин истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлардаги элчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш, вазирлик ва унга қарашли муассасалар ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов бошчилигидаги Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда тубдан такомиллаштириш бўйича комиссия Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходимнинг ишига холис баҳо бериши, мавжуд камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга оид аниқ таклифлар киритиши лозим бўлади.

Мамлакатимизнинг хориждаги ҳар бир дипломатик муассасаси амалий фаолияти атрофлича кўриб чиқилди ва танқидий баҳоланди, яқин истиқболда ташқи сиёсий фаолият юритишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилди.

Президентимиз ҳар бир элчихонага мамлакатимизнинг муайян ҳудуди ва иқтисодиёт тармоғини бириктириш таклифини билдирди. Энди ҳар бир элчи иш кунини ўзига бириктирилган ҳудуд ҳокими ва тармоқ раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилишдан бошлайди. Экспорт ва туризмни ривожлантириш, бизнес кооперациясини кучайтириш бўйича аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилинади.

Ўз навбатида, вилоят ҳокимлари бир йилда камида икки марта тегишли мамлакатларга хизмат сафарига шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида бориши шарт.

Йиғилишда, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг дипломатик миссияларининг дахлдор вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ижро органлари билан ўзаро идоралараро муносабатларининг аниқ ва самарали тизимини шакллантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг