Тўқаев «Турк дунёси» брендини оммалаштиришни таклиф қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев туркий халқлар ўртасидаги иттифоқни янада мустаҳкамлаш, таҳдидларга биргаликда курашиш давр талаби эканини таъкидлади. Бу ҳақда у бугун, 3 ноябрь куни Остона шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида гапирган.
«Туркий халқлар Байкалдан Болқон ярим оролига қадар улкан ҳудудда истиқомат қилади. Барчага маълумки, туркий тамаддун Буюк даштдан ибтидо олган. Туркий давлатлар ташкилоти эса муштарак қадриятларимизнинг вориси саналади. Қозоғистон ТДТнинг янада тараққий этишидан манфаатдор. Умумий мақсадимиз туркий халқлар ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштиришдир. Бу борада биз янги «Турк дунёси» брендини оммалаштиришимиз керак. Шу йўл билан туркий халқлар бирдамлигини мустаҳкамлаб, уларнинг салоҳиятини юксалтириш мумкин», – деди мезбон давлат раҳбари.
ТДТнинг юбилей саммитида аъзо (Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия) ва кузатувчи давлатлар (Венгрия, Туркманистон) етакчилари қатнашмоқда.
160 миллион аҳолини қамраган ТДТ ялпи ички маҳсулоти 1,4 триллион долларни ташкил этмоқда. Бу йил туркий давлатлар орасида савдо айланмаси 22 миллиард доллардан ортди.
Қозоғистон томони ТДТда раислик «Туркий давр» шиори остида ўтишини билдирган. «TURKTIME» инглизча қисқартма бўлиб, анъаналар (traditions), яхлитлик (unification), ислоҳотлар (reforms), билим (knowledge), ишонч (trust), сармоя (investments), медиация (mediation) ва энергия (energy) сўзларини англатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter