Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Берадиган бошқа нарсам қолмади» — Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

«Берадиган бошқа нарсам қолмади» — Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

Лионел Месси ЧМ финалидаги мағлубиятдан сўнг

Фото: Getty Images

Афсонавий футболчи Лионел Месси Аргентина миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлашини маълум қилди. Лео ижтимоий тармоқларда бу ҳақдаги мактубни эълон қилди.

«Финалдан кейинги воқеалар ва узоқ ўйланишлардан сўнг барчага миллий терма жамоадаги фаолиятимни якунлаётганимни маълум қилмоқчиман. Бу оғриқли қарор бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бироқ ҳозир бунинг учун энг муносиб вақт эканини тушуняпман.

Қасам ичаман, мен нафақат сўнгги йилларда, барча совринларни қўлга киритган давримизда, балки ундан олдин ҳам доимо бор кучимни бериб келдим. Ҳар доим курашдим ва сизларга қувонч улашиш, футбол орқали аргентиналик эканингиздан фахрланишингиз учун ушбу кийим шарафи учун боримни бердим.

Вақт оз қолди. Янги боблар очилмоқда, аммо бу боб менга чуқур оғриқ бермоқда. Мен миллий терма жамоада бўлишни севдим, севаман ва ҳар доим севиб қоламан. Бор кучимни бердим. Энди берадиган бошқа нарсам қолмади.

Бундан ташқари, ортимдан жуда истеъдодли ёш футболчилар келмоқда ва улар терма жамоада бўлишга лойиқ. 20 йил давомидаги меҳрингиз учун раҳмат», — деб ёзди Месси.

Месси Аргентина терма жамоасида 2005 йилдан буён ўйнаб келган. У жами 207 та учрашувда майдонга тушиб, 125 та гол урган ва 68 та голли узатмани амалга оширган.

Месси Аргентина билан 2022 йилги жаҳон чемпионати, 2021 ва 2024 йиллардаги Америка кубоги, 2022 йилги Финалиссимада ғолиб бўлган, шунингдек, 2008 йилги Олимпиадада олтин медални қўлга киритган.

Шунингдек, Лео билан Аргентина 2014 ва 2026 йилги жаҳон чемпионатларида финалга чиққан. Жамоа 2007, 2015 ва 2016 йиллардаги Америка кубогида ҳам кумуш медалларни қўлга киритган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг