Оммавий спорт ва соғлом миллат стратегияси
Миллат саломатлиги – мамлакат тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири. Чунки соғлом инсонгина сифатли таълим олади, самарали меҳнат қилади, оиласи ва жамияти равнақига муносиб ҳисса қўша олади. Шу маънода, спортни нафақат медаллар ва рекордлар майдони, балки соғлом авлодни тарбиялаш, инсон капиталини мустаҳкамлаш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш воситаси сифатида кўриш бугунги Ўзбекистон сиёсатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мустақил бўлганимизга 35 йил тўлди. Мамлакатимизда спорт соҳасида айниқса сўнгги ўн йилда амалга оширилган ишларга назар ташласак, муҳим бир тенденцияни кўриш мумкин: спорт энди фақат профессионаллар иши эмас, балки "оммавий ҳаракат ва аҳоли саломатлигини таъминлаш стратегияси"га айланиб бормоқда.

Спорт – маҳаллагача кириб бораётган тизим
Сўнгги тўққиз йилда 1,5 мингдан зиёд маҳаллада 1 774 та замонавий спорт майдончаси барпо этилди. Ҳудудларда 200 дан ортиқ йирик спорт иншооти ҳамда қарийб 4 мингта хусусий спорт клуби иш бошлади. Бу рақамлар спорт инфратузилмаси энди фақат марказий шаҳарлар ёки профессионал спортчилар учун эмас, балки оддий фуқаролар учун ҳам яқинлашиб бораётганини кўрсатади.
Бу жараённинг энг муҳим жиҳати – спортнинг маҳалла ҳаётига кириб боришидир. Чунки оммавий спортни ривожлантириш учун катта стадионлардан кўра, инсон яшайдиган ҳудуддаги қулай ва очиқ спорт майдонлари кўпроқ самара беради.

Мақсад ҳам айнан шу: инсон спорт билан шуғулланиш учун узоқ масофани босиб ўтмаслиги, балки ўз маҳалласида югуриши, футбол, волейбол, баскетбол ёки бошқа спорт тури билан машғул бўлиши учун шароит яратиш.

Бу йўналиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам аниқ мақсадлар билан белгилаб қўйилган. Стратегияга кўра, маҳаллаларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун камида 5 мингта спорт майдончаси барпо этиш, 7-30 ёшли ёшларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш даражасини 60 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бугунги кунда workout – спорт майдончаларини ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўп қаватли уй олдида кўриш мумкин.
15 миллионлик қамров – катта натижа, янги мақсадлар – янада катта вазифа
Оммавий спортдаги ўзгаришларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири – аҳолининг спорт билан қамрови.
2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда оммавий спорт билан шуғулланаётганлар сони миллионларга етди. Доимий равишда спорт билан шуғулланувчилар сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошган. Олдинда турган вазифа – бу кўрсаткични яқин истиқболда 17 миллион нафарга етказиш.

Бу рақамларнинг ўзиёқ спорт сиёсатидаги ёндашув қанчалик ўзгарганини кўрсатади. Илгари спорт сиёсатида асосий эътибор юқори натижа ва чемпионлар тайёрлашга қаратилган бўлса, бугун аҳолининг ўзи спорт жараёнининг асосий иштирокчисига айланмоқда.
Яъни стратегиянинг мантиғи оддий: "кўпроқ одам спорт билан шуғулланса – соғлом турмуш тарзи оммалашади; соғлом авлод кўпайса – мамлакатнинг инсон капитали мустаҳкамланади."
Беш ташаббус олимпиадаси
Ёшларни спортга жалб этишда оммавий мусобақалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, «Беш ташаббус олимпиадаси» ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштиришнинг таъсирчан механизмларидан бирига айланди.

2024 йилги мавсумнинг ўзида олий таълим муассасалари талабаларидан 442 минг нафардан зиёди мини-футбол, волейбол, стритбол, енгил атлетика ва стол тенниси бўйича мусобақаларда иштирок этган. 2025 йилда эса ушбу тизим доирасида 700 минг нафар ўқувчи ва талабани қамраб олиш режалаштирилган.
Бу ерда эътиборли жиҳат – мусобақанинг ўзи эмас. Асосий мақсад ёшларни спортга мунтазам жалб қилиш, уларда жамоавийлик, интизом, рақобат ва соғлом турмуш кўникмаларини шакллантиришдир.
Оммавий спортдан – чемпионлар захирасига
Оммавий спорт ва профессионал спорт бир-биридан ажралган икки йўналиш эмас. Аксинча, оммавий спорт – юқори натижалар спортининг пойдевори.
Сўнгги йилларда профессионал спорт билан шуғулланувчи ёшлар сони икки баробарга ошган. Олимпия терма жамоалари спортчилари сони икки баробар, паралимпия спортчилари сони эса уч баробар кўпайган. 2025 йилда ўзбекистонлик спортчилар халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медалини қўлга киритган.

Демак, оммавий спортга берилган эътибор профессионал спортда ҳам ўз самарасини бермоқда.
Бугун «маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация» занжирини шакллантиришга қаратилган ёндашув ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Иқтидорли болани эрта аниқлаш, унинг қобилиятига мос спорт турига йўналтириш ва профессионал спортгача бўлган йўлни тизимли ташкил этиш – келажак чемпионларини тайёрлашнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Энди мезон фақат медал эмас
Спорт сиёсатидаги энг муҳим янги ёндашувлардан бири – натижани фақат медаллар билан эмас, инсон саломатлиги билан ҳам ўлчашга интилишдир.
2026 йил апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллада оммавий спорт натижадорлигини аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари билан ҳам баҳолаш вазифаси белгиланди. Ҳар бир ҳудудда «саломатлик баланси»ни шакллантириш, спорт билан фаол шуғулланувчи аҳоли орасидан «соғлом ҳаёт волонтёрлари» корпусини ташкил этиш режалаштирилди.

Бу – спорт сиёсатида фалсафий жиҳатдан ҳам муҳим бурилиш.
Чунки спортнинг энг катта ғалабаси ҳар доим ҳам подиумда эмас. Баъзан унинг энг катта натижаси – касалликнинг олдини олган инсон, зарарли одатдан воз кечган ёш, ҳар куни эрталаб югуришни одат қилган фуқаро ёки спорт билан бирлашган маҳалладир.
Соғлом миллат – умуммиллий мақсад
Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, спортга сармоя фақат спортга қилинган сармоя эмас.
Янги спорт майдончаси – бу ёшлар учун янги имконият.
Янги спорт клуби – бу аҳоли учун янги соғлом муҳит.
Оммавий мусобақа – бу жамоавийлик ва интизом мактаби.
Иқтидорли болани аниқлаш тизими – бу келажак чемпионларига йўл.

Шу маънода, сўнгги ўн йилда амалга оширилган ишлар спорт соҳасини тубдан ўзгартириш билан бирга, жамиятда спортга бўлган муносабатни ҳам янгилашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу жараён энди фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар билан чекланиб қолмаяпти. Маҳалла, мактаб, олий таълим муассасаси, хусусий спорт клуби ва спорт федерациялари ягона тизимнинг бўғинларига айланмоқда.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бу жараёнга бир нуқтаи назардан қараш мумкин: мамлакат тараққиётининг янги босқичида "соғлом миллатни шакллантириш – иқтисодий, ижтимоий ва маънавий тараққиётнинг муҳим шарти"га айланмоқда.
Шунинг учун оммавий спортни ривожлантириш – бугунги куннинг оддий вазифаси эмас. Бу узоқ муддатли миллий стратегия.
Зеро, медаллар мамлакатнинг спортдаги салоҳиятини кўрсатади. Соғлом авлод эса мамлакатнинг келажагини белгилайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter