Ўзбекистон Пара Осиё ўйинларидаги медаллари сонини 45 тага етказди
Мусобақанинг 19 октябр куни бўлиб ўтган дастлабки баҳсларида Ўзбекистон вакиллари 6 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза медалга сазовор бўлган эди. Натижада делегация умумжамоа ҳисобида Хитой ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.
20 октябр куни ҳам спортчиларимиз медаллар жамғармасини бойитишда давом этди. Тақдим этилган натижаларга кўра, улар кун давомида 7 та олтин, 7 та кумуш ва 8 та бронза — жами 22 та медални қўлга киритди.
Олтин медалларни пара велотрекда Боймурод Явкочев, пара пауэрлифтингда Ақидахон Ахтамова ва Муслима Нуриддинова, пара дзюдода Шоҳрух Мамедов, Муҳаммад Абдуқулов ва Кумушхон Ходжаева, пара сузишда Дмитрий Хорлин қўлга киритди.
Айниқса, Ақидахон Ахтамова 55 килограмм вазн тоифасида 128 килограмм оғирликни кўтариб, Пара Осиё ўйинлари рекордини янгилади.
Шунингдек, Асила Мирзаёрова, Насиба Тошпўлатова, Ёқутхон Холбекова, Азимбек Абдуллаев, Ёрқинбек Одилов, Турғун Абдиев ва Егор Болотов кумуш медалга сазовор бўлди.
Ангелина Колесникова, Диёрбек Умаров, Содиқжон Мамадиев, Отабек Ирисбеков, Зухриддин Тоҳиров, Камолахон Расулова, Жавоҳир Алиқулов ва Дмитрий Хорлин бронза медални қўлга киритди.
Шу тариқа, 20 октябр куни қайд этилган натижалар қўшилгач, Ўзбекистон делегациясининг умумий медаллари сони 45 тага етди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter