Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳарбийларнинг ҳимоясиз уйлари. «Бахтли ҳаёт»ликларга сеҳрли шамчироқ керак

Ҳарбийларнинг ҳимоясиз уйлари. «Бахтли ҳаёт»ликларга сеҳрли шамчироқ керак

Фото: «Xabar.uz»

Уларнинг янги уйларга кўчиб ўтганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Айтишларича, аксарият хонадон эгалари аллақачон кредитни тўлашни бошлаган, аммо кадастр ҳужжатлари қилинмаган, уй номларига расмийлаштирилмаган.

Аслида асосий муаммо бу эмас.

Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрининг эски, хароба қисмида бир қатор янги уйлар, муҳташам бинолар қад ростлади. «Бахтли ҳаёт» маҳалласига боқиб туриб, шаҳар ичида янги шаҳарча бунёд бўлганидан қувонасиз.

Таассуфки, бу ташқаридан, олисдан кўринадиган ҳолат.

Битганига бир йил бўлмаган уйнинг девори. Фото: «Xabar.uz»

Мазкур маҳаллада ҳарбийлар учун қурилган тўртта кўпқаватли уй бор. Уларни кўздан кечираркансиз, хонадонларни табиий газ билан таъминлаш учун мўлжалланган қувурлар жудаям пастда жойлашганига гувоҳ бўласиз. Ёш бола ҳам бутун бошли подьезд ёки хонадонни истаган пайтда газдан маҳрум қилиши мумкин. Хонадоннинг газсиз қолгани-ку майли, аммо газ бурагичи қўлида бўлган болакай уни бир ўчириб-ёқса, ичкарида қандай ҳолат юзага келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қўрқинчли. Бу шунчаки бизнинг тахминимиз эмас. Чунки бунақа ҳолат аллақачон уй эгаларининг юрагини олиб қўйган.

Хонадонларга табиий газнинг бу тарзда ўтказилиши хавфсизликка қанчалик тўғри келади? Фото: «Xabar.uz»

— Ўғлим ҳарбий хизматчи, бир неча ойдан буён аёлим билан шу ерга келиб яшаб турибмиз,— дейди булунғурлик Шоназар Очилов. — Келганимданоқ газ бурагичларининг пастда, қолаверса, уйнинг ташқарисида, очиқ ҳолатда жойлашганидан хавотир олгандим. Бир неча марта ёш болалар ўйин билан газни ўчириб кетишди. Худо кўрсатмасин, кимдир қасддан ёки билмаган ҳолда газни ўчириб-ёқса, катта фалокат бўлиши ҳеч гап эмас.

Отахоннинг хавотири ноўрин эмаслиги шундоқ ҳам кўриниб турибди. Бизнингча, бу уйларни топширган мутасаддилар ўша пайтда кўрмаган ёки кўришни истамаган бу «кичик хато»ни тезлик билан тузатишса, ўзларигаям, уйда истиқомат қилаётганларгаям хавфсиз бўлади.

Янги уй деворига аллақачон дарз кетган. Ҳаво айланиши учун қолдирилган тирқиш ҳам номига, орти берк. Фото: «Xabar.uz»

Аммо Шоназар Очиловнинг айтадиганлари кўп экан. Айнан отахон яшаётган хонадоннинг деразаси ёнидан бошланган ёриқ иккинчи қаватгача етиб борган. Аллақачон уйнинг ичкарисидан ҳам сезилиб турибди. Бундан ташқари, уйда ҳаво айланиши учун қолдирилган тирқишлар ҳам номига, пардоз учун қўйилган. Орти берк.

Иссиқ сув билан таъминловчи қурилма ҳам шундоққина подьездда, қўл етадиган ҳолатда ўрнатиб кетилган. Фото: «Xabar.uz»

Энг ёмони, хонадон эгаларини иссиқ сув билан таъминловчи қурилма ҳам шундоққина подьездда, қўл етадиган ҳолатда ўрнатиб кетилган. У орқали ўнлаб хонадонларга борадиган иссиқ сувни бошқариш, мосламани ишдан чиқариш ва хонадонларга муаммо келтириш учун оддийгина ҳаракатлар кифоя. Биргина ёш боланинг эътиборсизлиги, ўйин билан тегиниши ёки қасддан зарар етказиши учун «барча шароит» муҳайё.

Хуллас, уй канализацияси, ертўлага сизиб бораётган сув муаммоси ҳам бахтлиҳаётликларнинг бахтига соя солаяпти.

Отахон деразаси тагидаги озроқ жойга помидор экибди. Фото: «Xabar.uz»

Отахон деразаси тагидаги озроқ жойга помидор экибди. Қишлоқ одами эмасми, шу жойнинг ҳам бўш туришини истамаган. Қўшнилари ҳам ундан ибрат олиб, дераза олдидаги бўш жойга гул, помидор экишибди. Кўриб кўзингиз қувнайди.

Деразаси олдини обод қилиб қўйган инсонлар нега болалар майдончаси атрофига экилган ўнлаб арчаларнинг қувраб қолаётганига шундоқ қараб туришгани бизни қизиқтирди. Улар дастлаб бу ниҳолларни суғоришгани, бора-бора уйдан сув ташиб чиқиш малол келганини яшириб ўтиришмади.

Уй атрофида экилган арчалар қуриб битяпти. Уларни суғоришга имкон йўқ. Фото: «Xabar.uz»

Уй эгалари «Ҳовлидаги кўчатларни суғоришимиз учун бизга шароит яратиб беришсин» дейишди.

Эътиборлиси, янги уйларга кўчиб келган ёш оилаларнинг бахтиёр ва фаровон турмуш кечиришларини ният қилиб, ушбу аҳоли маскани «Бахтли ҳаёт» маҳалласи, деб номланган экан. Аммо ёш оилаларнинг бундай орзуларга берилишига, маҳалла номига мос турмуш кечиришига уй қурилишига масъул бўлган мутасаддиларнинг оддийгина қурилиш лойиҳаси, хавфсизлиги, стандартига очиқдан-очиқ амал қилмагани соя солади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг