Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лукашенко яна Ўзбекистон ҳақида «валақлади»

Лукашенко яна Ўзбекистон ҳақида «валақлади»

Ижтимоий тармоқларда россиялик пропагандачи Владимир Соловьёвнинг Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан интервьюси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сабаби Лукашенко яна Ўзбекистон ҳақида гапирган.

Суҳбат давомида 10-15 йилдан кейин Марказий Осиё давлатлари тақдири нима бўлиши муҳокама қилинган.

Соловьёв қуйидаги гапни айтади: «ўйлашимча, келгусида 350-450 млн одамдан иборат бирлашган давлат тузишимиз керак». Бу собиқ иттифоқ мамлакатларини яна бирлаштиришга ишора эди.

Лукашенко бу фикрни қўллаб-қувватлайди ва: «қозоқларга яқиндаги воқеалар дарс бўлди, улар ҳам қўшилади, 15 йиллар ичида Украинанинг ҳам қўшилмасдан иложи қолмайди. Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди, аниқ бизга қўшилади, Озарбайжон сал сўроқ остида, чунки уни Туркия қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам қўшилмасдан бошқа иложи қолмайди», дейди Лукашенко.

Суҳбат давомида ягона армия, ягона пул бирлиги ва ягона мудофаа чегараси ҳақида ҳам «валақлашилган». «Биз бунга мажбурмиз, чунки ғарб бизга умумий душман эканлигини кўриб турибмизку», хулоса чиқаради улар.

Бу фикрларга тармоқ фаоллари кескин муносабат билдиришди.

«Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?.. Булар навбатдаги ахборот ҳужумини уюштиришибди. Мақсад очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир амаллаб эски империяни тиклаб олиш ва ҳаммани ягона давлатга бирлаштириш.

Аввал айтганимдек, илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча очиқ тарғибот ва баъзи жойларида таҳдидга ўтишмоқда.

Улар тушунмаяптики, Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади. Худо хоҳласа, доим шундай бўлиб қолади.

Россия ва Беларусь эса ўзининг АҚШ ҳамда Европа билан боғлиқ муаммолари, санкцияларини ўзи ҳал қилсин. Бизни бунга аралаштирмасин. Ва бизнинг тақдиримизни биз учун ҳал қилишни ҳам йиғитиришгани маъқул. Ўзбекистон тақдирини ўзбек халқи ҳал қилади», дея муносабат билдирди блогер Хушнуд Худойбердиев.

«Қачонгача "батька" Мустақиллигимизни таҳқирловчи, камситувчи, бизнинг давлатчилигимизга таҳдид бўлган бу каби сўзларини айтаверади ва биз жим ўтираверамиз?», деб ёзади блогер Шаҳноза Соатова.

«Лукашенко ғирт аҳмоқ. Лекин Соловёв Кремлни овози, фақат «фас» дейилган позицияни гапиради. Руслар билан сиёсатда шахмат ўйнашга мажбур бўлсакда (иқтисодий жиҳатдан минг афсус уларга боғлиқ жойларимиз кўп), мот қилишларига қўймаслигимиз керак...

Русларни ўзида ҳозир барқарорлик йўқ, яқин 10 йил давомида уларни кўпроқ ўз ички муаммолари ва Ғарбни қаршилиги банд қилиб қўяди, устига устак, ўз таркибига биз ёки Қозоғистонни қўшмоқчи бўлса, ҳазм қилолмай ўзи ҳам бўлиниб кетиши мумкин...

Тегишли хулоса қилган ҳолда, ўйлайманки, ўз манфаатимиз бор йўналишда руслар билан ҳамкорликни кучайтириб боравериш керак. Россия — бу биз эгаллаш керак бўлган бозор, шу жумладан, катта меҳнат бозори, уларга нисбатан санкциялар кўпайгани сари биз учун имконият очилаверади. Ресурсларимизни бериб қўйишдан эҳтиёт бўлсак бас. Меҳнат бозорига эса қора ишчиларни эмас, кўпроқ малакали мутахассисларни тайёрлаш ва жўнатиш тизимини шакллантирмасак бўлмайди»дея қайд этди Баҳодир Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко аввалроқ Қозоғистонда нотинчликни келтириб чиқарган ташқи кучларнинг назари Ўзбекистонга ҳам қаратилгани ҳақида гапириб: «Қозоғистондаги воқеалар сабоқ бўлиши керак деганимиз, кечирасиз-у, ҳаммадан ҳам аввал Ўзбекистонга тааллуқли. Агар сабоқ олинмас экан, биздаги маълумотларга қараганда, уларнинг нигоҳи Ўзбекистонга ҳам қаратилган», деганди.

Лукашенконинг бу чиқиши Ўзбекистонни КХШТ таркибига киритиш ҳаракатининг таҳдидли кўриниши сифатида баҳоланганди. 

Бунга Шавкат Мирзиёев жавоб қайтариб, буни асоссиз баёнот деб баҳолаганди. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деганди давлатимиз раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг