Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов: «Ҳалигача эскича ишлашни қўмсаётган раҳбарлар учраб турибди»

Шерзод Шерматов: «Ҳалигача эскича ишлашни қўмсаётган раҳбарлар учраб турибди»

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида ушбу йиғилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Президентимиз томонидан охирги 4 ойда халқ таълимига эътиборни кучайтириш ҳамда ўқитувчи мавқеини ошириш бўйича қатор йиғилишлар ўтказилиши ва қарорлар қабул қилиниши натижасида 13 мингга яқин эркак ўқитувчилар мактабларимизга қайтишди.

Вилоятлардаги учрашувларда ўқитувчилар уларга эътибор аввалги йиллардагидан кўра анча ўзгаргани, жумладан, ҳозирги вақтда мавсумий қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилмасдан ўз мактабларида дарс беришаётгани сабабли, улар ўз вақтларини кўпроқ фарзандларимиз тарбиясига қарата олаётганликларидан жуда мамнунликларини билдиришмоқда.

Албатта, бу мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг энди бошланиши. Бу ислоҳотлар узоқ-узоқ туманларга етиб бориши учун ва энг асосийси, таълим сифатига катта таъсир қилиши учун анчагина машаққатли меҳнат ва вақт талаб этилади.

Қувонарлиси, Президентимиз ташаббусларидан кейин кўпчилик раҳбарлар мактабларга ёрдам бера бошладилар. Лекин, шу билан биргаликда, ҳалигача эскича ишлашни қўмсаётган баъзи раҳбарлар учраб турибди. Ҳозирги вақтда ўз ечимини топиши керак бўлган масала ва муаммолар кўп бўлишига қарамай, давлат раҳбари томонидан қисқа муддатда яна бир бор халқ таълими масалалари бўйича барча масъуллар билан очиқчасига ва бафуржа муҳокама қилишга шунча вақт ажратилиши ҳам, бу масаланинг мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳимлигидан далолат ва халқ таълими соҳасига панжа ортидан қараётган баъзи жойлардаги шундай раҳбарларга ўзига хос сигнал ҳамдир.

Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган замонда фақат таълимгина мамлакат келажаги ривожини таъминлай олади. Акс ҳолда, сунъий интеллект, автоматлаштириш каби йўналишлар ўсиб бораётган тўртинчи индустриал революция даврида халқ таълими ривожланган мамлакатлар билан таълимга эътибор суст бўлган мамлакатлар орасидаги тафовут жуда кескинлашиб бораверади.

Шундай экан, фақат бугунги кун билан яшамасдан, айнан келажакда мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланган мамлакат бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилайлик. Имкон борича мактабларимиздаги шароитларни яхшилашга ва асосийси, энг истеъдодли инсонларни айнан ўқитувчилик касбини танлашга ундайдиган муҳит яратишга барча кучимизни сафарбар қилиш вақти келди, — деб ёзади Халқ таълими вазири.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг