Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тест китобини йиртган абитуриент, «шпаргалка» сабаб йўқотилган 3 йил: имтиҳон манзаралари

Тест китобини йиртган абитуриент, «шпаргалка»  сабаб йўқотилган 3 йил: имтиҳон манзаралари

Фото: Xabar.uz

2026/2027-ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига қабул доирасидаги тест синовлари Бухоро вилоятида белгиланган тартиб асосида давом этмоқда. Жорий йилда вилоят бўйича 30 269 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, жараёнлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими (1 200 ўрин) ҳамда Бухоро шаҳридаги «Семурғ» спорт мажмуасида (330 ўрин) ташкил этилган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими бош мутахассиси Иззатулла Раҳмоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, 14-23 июл кунларида мўлжалланган тест синовлари давомида Бухородан 16 937 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Тест синовларига 1 423 нафар абитуриент белгиланган вақтда етиб келмаган. Вилоят бўйича ҳар бир сменада 1 530 нафар, бир кунда 3 060 нафар абитуриент тест синовларини топшириш имкониятига эга.

Таъкидланишича, жараёнларни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходимлари ҳамда 118 нафар гуруҳ назоратчиси назорат қилиб бормоқда.

Тест китобини йиртишга уринган абитуриент четлатилди

Мазкур тест жараёнларида низом талабларини бузиш билан боғлиқ битта ҳолат қайд этилган. Маълум бўлишича, бир нафар абитуриент тест топшириқлари китобини йиртиб, уни ташқарига олиб чиқишга уринган. Бу ҳаракат тест синовлари тартибини қўпол равишда бузиш сифатида баҳоланиб, амалдаги низом талабларига мувофиқ, абитуриент тест синовларидан четлаштирилган.

«Барча абитуриентлар учун бир хил талаблар амал қилади ва қоидаларни бузишга нисбатан муросасиз ёндашув сақланади. Шаффофлик — асосий тамойил», — дейди Иззатулла Раҳмонов.

Тест ўтказилаётган бинолар шахсни идентификация қилиш камералари, 360 даражали видеокузатув тизими ҳамда стационар кузатув камералари билан жиҳозланган. Шу сабабли абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари тест жараёнларини test2026.uz сайти орқали онлайн кузатиш имкониятига эга. Шунингдек, тест майдонлари яқинида ташкил этилган махсус кутиш ҳудудларидаги катта мониторлар орқали ҳам имтиҳонлар реал вақт режимида намойиш этилмоқда. Тест синовларининг хавфсиз ва тартибли ўтишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи, Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари доимий навбатчилик асосида хизмат олиб бормоқда.

«Аномал иссиққа қарамай, абитуриентлар учун барча шароитлар яратилди. Бу йилги тест синовлари ҳавонинг ўта иссиқ келган кунларига тўғри келган бўлса-да, тест майдонларида салқин муҳит яратиш учун барча зарур чоралар кўрилди. Шу кунга қадар тест жараёнлари давомида абитуриентларнинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий ҳолатлар кузатилмади», — дейди бош мутахассис.

Абитуриентлар нима дейди?

Тестдан чиққан бухоролик абитуриент Дилшод Комиловнинг айтишича, ташкил этилган шароитлар имтиҳонни хотиржам топширишга ёрдам берган.

«Аввалига  жазирама иссиқлардан хавотирланган эдим.  Лекин, залда салқин муҳит таъминланган, назорат ҳам яхши ташкил қилинган», — дейди у.

Ғиждувонлик абитуриент Шаҳноза Ҳамидова ҳам жараёнлар ҳақида ижобий фикр билдирди:

«Кириш ва текшириш жараёнлари тартибли, тўғрироғи, жуда қатъий бўлди. Шунга қарамай, ҳеч қандай тушунмовчилик кузатилмади. Имтиҳонни хотиржам топшириб чиқдим».

Вобкентлик абитуриент Бекзод Қодиров эса қоидаларга қатъий амал қилиш муҳимлигини таъкидлади.

«Яширмайман, 3 йил тест синовларига киряпман. Биринчи йили ўз билимимга суянганимда эди, ҳозир 3-курсда ўқиб юрган бўлардим. Аммо, ўшанда тартибни бузганман. Тўғрироғи, «шпаргалкам» билан панд еганман. Шунинг учун кимдир қоидани бузса, бу бошқаларга нисбатан адолатсизлик бўлар экан», — дейди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг