Япония Ўзбекистонга кадрлар тайёрлаш учун грант тақдим этди
Вазир Қўнғиротбой Шарипов ва элчи Кэндзи Ҳирата.
Япония ҳукумати беғараз ёрдам дастури доирасида Ўзбекистонга ёш давлат хизматчилари таҳсили учун умумий миқдори 358 миллион иена (тахминан 2,25 миллион доллар) бўлган грант тақдим этди.
Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш бўйича алмашинув нотаси Тошкентда Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кэндзи Ҳирата ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов томонидан имзоланди.
Мазкур дастур Ўзбекистон ёш давлат хизматчиларининг мамлакат учун устувор бўлган соҳаларда Япония олий ўқув юртларида магистратура босқичида таҳсил олишига қаратилган.
Битирувчилар мамлакатга қайтиб, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатиши, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш ҳамда дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
«Япония ҳукумати икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда инсон ресурсларини ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро тушунишни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради», — дейилади элчихона хабарномасида.
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 20 декабрь куни Токио шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги машваратда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Саммит давомида, шунингдек, давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида (Токио декларацияси) «Tokyo CA+JAD» ташаббуси доирасида инсон капиталини ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.
Япония элчиси Кэндзи Ҳирата ҳам яқинда Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда инсон ресурсларини ривожлантириш ва таълимни икки давлат ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири деб атади.
Япония анъанавий равишда Ўзбекистонга таълим грантлари тақдим этиб келади. Мазкур грантлар асосида Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг юзлаб вакиллари Кунчиқар ўлканинг нуфузли университетларида таҳсил олган. Улар магистрлик, докторлик даражаси билан ватанга қайтиб, давлат ва хусусий сектор ҳамда халқ хўжалигининг турли тармоқларида муваффақиятли тарзда фаолият юритмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter