Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Илк марта қандли диабет билан хасталанган беморга буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди

Илк марта қандли диабет билан хасталанган беморга буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди

Ўнгдан: бемор Бекберган Қўчқоров, донор Шимберген Қўчқоров шифокорларнинг навбатдаги кўригида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мамлакатимизда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ трансплантология амалиётлари бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган йилдан эътиборан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, яқинда ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказишдек ноёб амалиёт ҳам ижобий натижа билан якунланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтган қисқа вақт ичида ўттиз нафардан ортиқ беморга унинг яқинларидан буйрак кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Марказда ўтказилган навбатдаги буйрак трансплантацияси амалиёти ўзининг мураккаблиги ва шифокорлардан ниҳоятда катта масъулият талаб қилиши билан ажралиб турди. Гап шундаги, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманилик Бекберган Қўчқоров буйрак етишмовчилиги билан бирга, қандли диабет хасталигидан ҳам азият чекаётган эди.

— Буйрак трансплантациясини ўтказишнинг ўзи масъулиятли юмуш. Агар беморда қандли диабет касаллиги ва ўткир буйрак етишмовчилиги бир йўла учраса, бу амалиёт янада мураккаблашади, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир жарроҳлиги ва буйрак трансплантацияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов — Чунки, қандли диабетда томирлар торайган бўлади, бу операция жараёнида оғир муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шу боис, жаҳон тиббиётида бундай оғир операцияларни ўтказиш учун малакали мутахассислар жамоаси, юқори технологиялари шароитлар талаб этилади. Узоқ йиллардан бери қанд касаллиги билан хасталанган бемор Бекберган Қўчқоровга унинг 46 ёшли укаси Шимберген Қўчқоров донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини муваффақиятли якунладик. Кўриб турганингиздек, бемор ва донорнинг аҳволи жуда яхши. Уларнинг ҳар иккаласи ҳозир шифокорлар назоратида. Барча кўрсатмаларига тўла риоя этилса, бемор тез орада оёққа туриб, соғлом ҳаётга қайтади.

— Ёшим 55 да. 10 йилдан бери қанд касаллигидан азият чекаман, —дейди Бекберган Қўчқоров. — Бу хасталик буйракларимга ҳам зарар етказди. Охирги бир ярим йил мобайнида гемодиализ муолажалари билан ҳаёт кечирдим. Аммо аҳволим оғирлашиб бораверди. Ростини айтсам, ҳаётдан умидимни узган пайтларим ҳам бўлди. Бугун эса ўзимни дунёга қайта келгандек ҳис этмоқдаман. Тиббиётимизда инсон аъзолари трансплантацияси билан боғлиқ операциялар йўлга қўйилгани мен ва мен каби яна ўнлаб беморларга ана шундай янги ҳаёт бахш этди. Шифокорларнинг қўллари дард кўрмасин.

Ҳозирда олимлар ва шифокорлар трансплантация амалиётларини янада такомиллаштириш, беморларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юрак трансплантациясини йўлга қўйишга тараддуд кўрмоқдалар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг