Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Интернетга фильтр қўйиш керакми?

Интернетга фильтр қўйиш керакми?

Фото: «woman.rambler.ru»

Бугун глобал тармоқдан кутилган ва кутилмаган, исталган ва исталмаган барча нарсани топасиз. Баъзан кераклисидан кераксизи кўпдай туюлади. Интернет макони фойдаланувчини порнография, сўкиш, ҳақорат, қонунларни бузишга, суицидга даъват этувчи гуруҳлар ва бошқа кўплаб салбий контент билан рўбарў қўяди. Табиийки, бундай ахборотлардан болаларни муҳофаза қилиш фақатгина ота-оналарнинг вазифаси эмас. Бу сайт яратувчилари, интернет провайдерларининг ҳам муаммоси.

Ушбу мавзуда баҳслар ҳали ҳамон қизғин давом этаяпти. Кимдир интернетга фильтр қўйиш кераклигини айтмоқда. Тўғри, шунда болаларнинг фақат белгиланган контентга кириш имкони бўлади. Бироқ фильтрни ҳамма жойга ҳам қўйиш иложсиз. Қолаверса, тақиқланган мева ширин бўлади деган гап бор. Демак, битта йўли қолади: маърифий йўл! Яна ҳам аниқроғи — ахборотни қабул қилиш ва унинг «ҳазми» жараёнида тўғри қарор қила олиш кўникмасини шакллантириш ва ривожлантириш. Бу эса бир-бирини тўлдириб боргани ҳолда, оилада, маҳаллада, таълим муассасасида шаклланади. Шунда фарзандларимизнинг ички фильтри ишлай бошлайди. У компьютер саводхонлиги, тарқатилаётган ахборотга нисбатан танқидий ва мулоҳазали ёндашув сингари жиҳатларга асосланган табиий фильтрдир. Нафақат интернет орқали, балки бошқа томондан келадиган салбий ахборотлар ҳам ундан ўтиб кетолмайди.

Шундай бўлса-да, бола интернетдан фойдаланиш қоидаларини билиши керак. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази томонидан ўзбек ва рус тилларида «Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма» ишлаб чиқилган.

Мазкур қўлланма вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналарига мўлжалланган бўлиб, унда болаларни интернет тармоғидаги хавф-хатарлардан асраш ва уларнинг ахборот хавфсизлиги меъёрларига риоя қилишлари бўйича тавсиялар мавжуд. Жумладан, қўлланмада вояга етмаганлар 3 тоифага (7 ёшдан 10 ёшгача, 10 ёшдан 13 ёшгача, 13 ёшдан 16 ёшгача) бўлинган ҳолда, уларга ва ота-оналарга алоҳида таклиф ва тавсиялар берилган.

Келгусида ушбу қўлланма тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ўқув фанига қўшимча ёки факультатив машғулот сифатида таълим дастурига киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Таъкидлаш жоизки, киберҳужумлар жараёнида анчайин заиф ҳисобланувчи қатлам 13-15 ёшдаги болалардир. Ушбу даврда уларнинг интернет оламида ўзини тутиши анча фаол, феъл-атвори эса мураккаблашиб боради. Бир пайтнинг ўзида ота-оналар томонидан назорат сусайишини ҳам инкор этолмаймиз.

Масалан, «Касперский лабороторияси» ўтказган тадқиқотлар натижаси мазкур мулоҳазаларга ҳамоҳангдир. Таҳлил усталарининг фикрига кўра, бир неча омиллар ана шундай хулосага келишга сабаб бўлади. Биринчидан, 13-15 ёшда кўпроқ бўш вақтини интернетда ўтказадиган болалар сони кескин ортиб кетади. Айнан шу ёшда ота-оналар аксар ҳолларда ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида сергак торттирадиган жараёнларга дуч келадилар. Айнан 13-15 ёшлиларнинг дўстлари ёки синфдошлари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шиддаткор контентларни чоп этадилар. Улар бошқалардан кўра кўпроқ кўпчилик бўлиб тармоқ орқали ўйналадиган ўйинларга берилишади. Шунингдек, кибербуллингга ҳам бошқалардан кўпроқ дуч келадилар. Айни пайтда турли ёшдаги мактаб ўқувчилари интернетдаги таҳдидлардан тўлақонли ҳимояланмаган бўлади.

Дарвоқе... «Кибербуллинг», «буллинг» деган атамаларни эшитгансиз, албатта. «Буллинг» инглизча сўз бўлиб, уришқоқ, зўравон каби маъноларни англатади. Ижтимоий моҳияти бошқаларни қўрқитиш, камситиш, жисмоний ва руҳий террор қилиш йўли билан ўзига бўйсундириб олиш демакдир. «Кибербуллинг» эса интернетдаги турли сервислар орқали ёшларни ижтимоий бойкот қилишга, агрессияга, бошқаларни ҳақорат қилишга даъват этувчи ахборотлардир.

Психологлар 1970-йилларда буллинг бўйича тадқиқотлар ўтказган. Маълум бўлишича, бундай хулқ-атвор ўсмирлар муҳитида қўллаб-қувватланган. Демак, айнан шу даврда, қизиққон ёшларда мойиллик кучли бўлган. Ахборот асрида ёшлардаги мана шу нозик жиҳатни ҳисобга олган ҳолда буллинг учун ахборот технологиялари кенг қўлланмоқда.

«Касперский лабораторияси»нинг тадқиқотлари натижаларига кўра Россияда атиги 36 фоиз ота-оналар ота-она назорати дастуридан фойдаланади. Асосан ушбу функция компьютер ва ноутбукларга ўрнатилган. Болалар вақтининг катта қисмини ўтказишга ўрганиб қолган мобил қурилмалар эса аксарият ҳолатларда ҳимояланмаган вазиятдадир. Эътиборингиз учун сўровда иштирок этган болаларнинг 69 фоизи смартфонларсиз ҳаётини тасаввур қила олмаслигини билдирган.

Болаларнинг онлайн ҳаёти дам-бадам уларнинг ота-оналари билан муносабатларига таъсир кўрсатади. Катталарнинг қарийб учдан бири (29 фоизи) оиласида ушбу ҳолат билан боғлиқ муаммоли вазиятлар содир бўлишини тан олган. Асосий сабаб, англаётганингиздек, боланинг интернетга қанча вақт сарф этаётганидир (83 фоизи).

Энди бироз шахсий мулоҳаза. Мавжуд ҳолат кишини хавотирга солади. Болалар кибертаҳдидлардан заиф ҳимояланган ва ушбу таҳдидлар кун сайин ортиб бораётир. Айни пайтда уларнинг интернетдаги хавфсизлигига ота-оналар томонидан етарли эътибор қаратилмоқда деган қатъий ишонч йўқ. Таъкидлаш керакки, бу билан гап интернетни чеклаш ҳақида эмас, балки болалар ва ота-оналар ўртасида ишончли муносабатлар ўрнатилиши ҳақида бормоқда.

Чунончи, «Кибербуллингга дуч келган болалар сони ва бундан хабари бўлган ота-оналар сони муқояса қилинганда, бола ва ота-она ўртасидаги ишонч ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Агар оилада ўзаро тушуниш бўлса, ота-она назорати ва ижтимоий тармоқлардаги созламаларни бошқариш болаларда салбий эмоциялар келтириб чиқармайди. Ушбу ҳолатда болалар буни шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш эмас, ота-оналарининг ўз фарзанди ҳақида қайғуриши дея қабул қиладилар. Бу эса кўплаб хавфли ҳолатларнинг олдини олишга замин яратади», – дейди «Касперский лабораторияси»нинг интернетда болалар хавфсизлиги бўйича эксперти Мария Наместникова.

Ғарб тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, яқин ҳафталардан эътиборан  Евроиттифоқ аҳолиси «WhatsApp» мессенжеридан 16 ёшга тўлганидан сўнггина фойдалана олиши мумкинлиги айтилди. Ушбу қоида мазкур илованинг хизматлар кўрсатиш ва конфиденциаллик сиёсати шартларига киритилди.

Европа иттифоқида келгуси ойда кучга кириши кутилаётган Маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича умумий регламент (GDPR – General Data Protection Regulation) мазкур чекловларга сабаб бўлди. Регламент Евроиттифоқ аҳолисига компаниялар улар тўғрисида айнан қандай маълумотларни сақлаши ҳақида билиб олиш имконини беради. 16 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли бўлган персонал маълумотларни фақатгина уларнинг ота-оналари ва васийлари рухсати билан тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш мумкин бўлади. Бироқ бошқа минтақалар фойдаланувчилари муайян давлатнинг маҳаллий қонунлари асосида рухсат этилган бўлса, 13 ёшданоқ мазкур мессенжердан фойдаланишлари мумкин.

Юқоридагилардан кўринадики, бугунги кунда юртимизда болалар (мактаб ўқувчилари) ва уларнинг ўқитувчилари томонидан ахборот олишга имконият яратувчи воситалардан ўринли ва оқилона фойдаланиш, ахборотнинг мазмунини танқидий таҳлил қилишни ривожлантириш ва коммуникатив кўникмаларга эга бўлиш, болалар ва уларнинг устозларини ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона ва масъулият билан фойдаланишга тайёрлашни йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Айтиш керакки, Вазирлар қўмитасининг 2006 йил 27 сентябрдаги Европа кенгаши аъзо мамлакатларга «Янги ахборот-коммуникация муҳитида болаларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича тавсиянома»сида ахборот саводхонлигини ривожлантириш интернет тармоғидан фойдаланилган ҳолда таҳдидларга қарши курашда самарали чора сифатида тан олинган.

Бугун болаларга замонавий ахборот-коммуникациялар муҳитида масъулиятли ва хавфсиз хатти-ҳаракат қилишни ўргатиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш мумкин. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг интернетдан хавфсиз фойдаланиш борасидаги билимларини ўрганиш, виртуал ахборот маконида асосий мақсадни белгилаб олишга ўргатиш, ўқувчиларнинг ахборот ва интернет маданиятини шакллантириш, web-ресурслардан фойдаланиб зарур маълумотни мустақил излаб топишга ўргатиш ҳамда глобал тармоқда ишлаш жараёнида тартиб-интизомга риоя қилиш малакасини тарбиялаш ота-оналар, ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари олдидаги энг асосий вазифалардан ҳисобланади.

Жавоҳир Қудратов, 
Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини
таъминлашга кўмаклашиш маркази етакчи мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг