Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёлғон очиқлик. Болаларни глобал тармоқ хавфидан қандай ҳимоялаш мумкин?

Ёлғон очиқлик. Болаларни глобал тармоқ хавфидан қандай ҳимоялаш мумкин?

Ёш интернет фойдаланувчиларини хавфдан қандай ҳимоялаш мумкин?

Фото: «imperiya.by»

Сўнгги вақтларда бутун дунё болалар телекўрсатувлари ва мултфилмларнинг якунида тавсия қилинаётган «YouTube»даги «Elsagete»нинг ғалати роликларини муҳокама қилмоқда. Ёш интернет фойдаланувчиларини хавфдан қандай ҳимоялаш мумкин? Бу борада IT-мутахассиси, дастурлаш курси ва болалар ўйинлари муаллифи Валерий Пазюк ўз фикрларини «AiF.ru» билан ўртоқлашди.

Интернетда — худди кўчада юргандекман

— Валерий, фарзандлари асосий вақтини гаждетлар экрани қаршисида ўтказаётган ота-оналарнинг долзарб саволи: болани қандай қилиб салбий ахборотдан сақлаш мумкин?

— Менга мурожаат қилган ота-оналарнинг аксарияти фарзандларининг браузери тарихида сақланиб қолган турли ғалати саҳифалар, эротик ва порнографик материаллар топиб олишаётганидан шикоят қилишади. Ҳозирги болалар ўзларидан аввалги авлоддан, масалан, 100, 50, борингки, 10 йил олдинги болалардан анча фарқ қилади. Тан олинг, олдинги болаларнинг ҳар бирида интернет тугул компютер ҳам бўлмаган. Айни вақтда эса интернет кундалик ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб бўлди.

Замонамиз болалари онлайн-ўйинларни, чатларда «суҳбатлашиш»ни маъқул кўради. Ўн нафар мактаб ўқувчидан саккизтаси бир суткада 8 соат интернетда ўтиради, бу катта таваккалчилик демак: уларнинг ярмидан кўпи телефон рақамини, манзилини, суратларини тармоққа жойлаштиради. Натижада эса улар ахборот хавфсизлигидан хабардор тенгқурларига қараганда тўрт баробар кўпроқ таъқибга учрайди. Интернетдан фойдаланишнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор.

Валерий Пазюк.
Фото: «2do2go.ru»

— Айнан қандай?

— Замонамиз болаларини онлайн ҳаётдан реал ҳаётга кўчириб ўтказиш жуда мушкул. Шундай экан, болангиз интернет тармоғида «яшаяптими», демак у ерда авваллари кўчада дуч келиши мумкин бўлган хавфларга ҳам йўлиқиши мумкин. Олдинлари болаларга кўчада бегоналар билан гаплашмаслик уқтириларди — худди шу ишни виртуал оламда ҳам бажариш керак. Болани тармоқда хафа қилиши эҳтимоллиги юқори, чунки интернет аноним. Агарда бола интернет-хавфсизлиги ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаса, у қандайдир алданиш ёки троллинг қурбонига айланиши, молиявий ёки руҳий жабр кўриши мумкин.

Келинг, интернет аслида нима мақсадда яратилганини эслаб кўрайлик. У глобал маълумотлар ва коммуникация тўри, ягона йирик кутубхона сифатида яратилган. Биз у орқали янги керакли маълумотларни олиш ўрнига, турли ижтимоий тармоқларда ўтирамиз. Интернетдаги ўйинларга мутлақ боғланиб қолган болакайни ундан чалғитишнинг энг яхши йўли — унга бошқа овунчоқ топиш.

— Болага бунинг ўрнига айнан нима тавсия қилиш мумкин?

— У билан компютер қаршисида бирга ўтиринг ва ҳеч бўлмаганда битта қизиқарли масалани ўрганишга ҳаракат қилинг. Масалан, тарихга назар ташланг: фарзандингизга қадимги Миср ҳақида кўпроқ маълумот топишни таклиф қилинг. Ёки болангиз ўзга сайёраликлар ҳақида эшитган, улар иштирокидаги ўйинларни ўйнаса — яхшиси тармоқда улар ҳақида қизиқарли маълумотларни қидириб кўрсин. Яъни болани ўйинлардан бошқа бир фойдали нарсага чалғитиш керак.

— Интернетда болаларга IТ-курслар ўтувчи дарсликларни қаердан топса бўлади?

— Ҳозир барча олий таълим муассасаларининг ўз сайтлари бор, у ерда абитуриентлар учун маълумотлар, қўшимча курслар, болалар ва уларнинг ота-оналари учун курслар чоп этиб борилади, бутун бошли онлайн-мактаблар бор. Мактаб ўқувчилари учун алоҳида бўлимлар мавжуд бўлиб, болалар у ерда билим олиши, масалалар ечиши мумкин.

Агарда фарзандингиз сайт яратишга қизиқса, у ўзига керакли маълумотларни топа олади ва бир-икки ойдан сўнг мустақил равишда ўз лойиҳаларини яратиши мумкин, ҳатто фойда кўриши ҳам. Энг муҳими — керакли нарсага чалғиш! Болага интернет шунчаки оддий ўйинчоқ эмаслигини, балки билим олиш, дунёни танишда жуда керакли нарса эканлигини очиқ кўрсатиб бериш керак.

— Сиз тармоқдаги аноним хавфлар ҳақида гапирдингиз — уларга қарши нима қилиш мумкин?

— Анонимлик ростдан ҳам нафақат болалар, балки тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари ҳам дуч келиши мумкин бўлган асосий хавфлардан бири. Ижтимоий тармоқларнинг ёши катта фойдаланувчилари буни билади, кўпчилик аккаунтларнинг «бузиб кирилиши»га дуч келган. Биз интернет орқали ким билан мулоқот қилаётганимизни билмаганимиз сабаб, фирибгарлар бундан фойда кўради. Тармоқда ўзингизни истагандек таништиришингиз мумкин. Кимдир сизга «салом, мен сенинг синфдошингман», деб ёзса — бу ростдан ҳам шундай эканлигини англатмайди.

Болалар интернет аноним бўлгани қарамай, аслида очиқ эканлигини ва виртуал «шаҳар»лар реал шаҳарлардан фарқ қилмаслигини тушуниб етишлари керак. Масалан, ижтимоий тармоқларда сиз шаҳарнинг марказий майдонида тургандексиз, сиз ҳақингизда эртами-кеч барибир барча нарса маълум бўлади. Биз ўз таассуротларимизни, ҳиссиётларимизни пост сифатида жойлаштирамиз, суратларимизни тарқатамиз — бу каби очиқлик болалар учун доим ҳам хавфсиз эмас. Сиз тармоқда исмингизни яширишга қанчалик ҳаракат қилманг, уни махсус тайёргалик орқали тезда аниқлаб олиш мумкин.

Ўн нафар мактаб ўқувчидан саккизтаси бир суткада 8 соат интернетда ўтиради.
Фото: «AiF.ru»

Шунинг учун болаларга хавфсизликнинг оддий қоидалари ҳақида тушунча бериш даркор: уларга тармоқда дуч келган одамга шахсий муаммоаларини айтмасликни, учрашувларга рози бўлмасликни, нотаниш кимсалардан совғалар қабул қилмасликни ва ўзлари ҳақида маълумот бермасликни ўргатиш лозим. Яъни кун тартиби, қаерда ўқиши, сайр қилиши, севимли дам олиш жойлари ва ота-онасининг қаерда ишлаши ва ҳ.к.

Бундан ташқари, болаларга улардан кимдир ота-онасининг ҳаёти, хонадони суратлари ҳақида қизиқса, дарҳол бу ҳақда хабар беришга ўргатиш лозим. Тўғридан-тўғри саволлардан доим қочиш лозим, ҳеч қандай суратларни юбормаслик керак. Болага тармоққа ўз оиласи ҳақида фақатгина ота-она билан маслаҳатлашгандан кейингина маълумот жойлаштириши мумкинлигини тушунтириш керак.

Фарзандингизнинг дўстлари сафига қўшилаётганларни доим назорат қилиб боринг.

— Бола интернет-фирибгарларнинг қурбонига айланиб қолса нима қилиш керак?

— Тармоқда сиз ёки фарзандингиз билан бирор нохуш ҳодиса содир бўлса, дарҳол полиция маълум қилинг, токи ёвуз ниятли кимсанинг «фаолияти» давом этмасин. Полициянинг кибержиноятчиликка қарши курашувчи махсус бўлинмаси бор.

— Ота-оналарнинг ўзи фарзанди кириши мумкин бўлган контентга чеклов қўя оладими?

— Албатта, қўя олади, бироқ ҳозирги болаларнинг аксарияти ҳар қандайин «тўсиқ»ларни қийинчиликсиз босиб ўтишга қодир. Хавфли сайтлардан ҳимоя қилувчи дастурлар бор — уларни «Яндекс.DNS»дан олиш мумкин. Айрим сайтларда компютерга зарар етказиши мумкин бўлган кодлар бор. Бошқа саҳифалар эса сизнинг парол ва маълумотларингизни ўғирлаш учун яратилган бўлиб, телефон ҳисобларингиздаги пулларни ечиб олади. Бу каби сайтни очганида «Яндекс.DNS» «хавфсиз» ва «оилавий» режимлари орқали фойдаланувчини огоҳлантиради.

Ёш болалар кўпинча компютердан эмас, балки планшетлардан фойдаланади. Улар учун махсус дастурлар мавжуд бўлиб — айрим сайтларни блоклаш имконияти бор.

Фикримча, бу масалада энг яхшиси — ота-она ва фарзанд ўртасига ўзаро ишонч. Агарда ишонч бўлса, ҳеч қандай дастур шарт эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг