АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
АҚШ ҳарбийлари Эронга тегишли бешта нефт танкерини йўқ қилганини маълум қилди. Вашингтон бу ҳаракатни Эрон Инқилоб посбонлари корпусининг сўнгги икки кун ичида АҚШ ҳарбий кемасига икки марта баллистик ракета билан ҳужум қилишга уринганига жавоб деб изоҳлади.
АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, зарбалардан олдин танкерлар экипажларига кемаларни тарк этиш буюрилган. АҚШ томони ҳарбий кемаси Эрон ҳужумларидан қочиб қолгани ва америкалик ҳарбийлар жабрланмаганини билдирган.
Шундан кейин Эрон Иорданиядаги АҚШ кучлари жойлашган Ал-Азрақ базасига баллистик ракеталар учирганини маълум қилди. Иордания Қуролли кучларига кўра, мамлакат ҳудуди томон 20 та баллистик ракета учирилган, уларнинг 18 таси ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган. Қолган икки ракета аҳоли яшамайдиган ҳудудларга тушган. Қурбонлар қайд этилмаган.
Сўнгги зарбалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни яна кучайтирди. Томонлар Ҳўрмуз бўғозида назоратни таъминлаш учун ҳам курашмоқда. Бу йўлак уруш бошланишидан олдин жаҳон нефт савдосининг тахминан бешдан бир қисми ўтадиган муҳим денгиз йўли эди.
Шу билан бирга, Трамп маъмурияти Эрон авиация соҳасига қарши янги санкциялар жорий этиб, ўнлаб авиакомпания ва юк ташувчиларни чекловлар рўйхатига киритди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter