БМТ бош котиби Украина уруши якуни бўйича баёнот берди
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш айни пайтда Россиянинг Украинага қарши урушини тезкор тартибда якунлашнинг реал истиқболи мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
“Уруш тўрт йилдан ошиқ муддат давом этар экан, некбин кайфиятни сақлаб қолиш қийин”, – деган Антониу Гутерриш 16 ноябрь куни Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммитидаги чиқишида.
Бош котиб ўт очишни шартларсиз, зудлик билан тўхтатишга чақирган. Унга кўра, оташкесим Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуққа таяниб ўтказиладиган тинчлик музокараларига дебоча бўлади.
Россия ва Украина ўртасида урушни тўхтатиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 10-11 ноябрь кунлари БААнинг Абу Даби шаҳрида АҚШ воситачилигида Киев ва Москва вакиллари учрашди. Музокара якунида кенг кўламли асирлар алмашинуви бўйича принципиал келишувга эришилган, аммо томонлар бошқа муҳим масалаларда муштарак тўхтамга келмаган.
Шунингдек, ўтган ҳафта АҚШ президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвада президент Владимир Путин билан учрашган, аммо бу уриниш ҳам амалий натижа келтирмаган.
Шундан кейин ҳам икки давлат бир-бирига ҳужум қилгани ва қурбонлар бўлгани хабар қилинди.
Финляндия президенти Александр Стубб Украинадаги урушни тугатишга қаратилган музокараларда муайян ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда деб ҳисоблайди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса Кремль Европадаги хавфсизлик тизимини қайта кўриб чиқиш ва NATOнинг минтақадаги ҳарбий иштирокини чеклашга интилаётганини билдирган. Зеленскийнинг фикрича, бунинг ортидан Финляндия, Швеция ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Музокараларда Россияга ён босишда айбланаётган АҚШ президенти Дональд Трамп Украинадаги уруш яқин орада якунланишига умид билдириб, тинчлик келишуви натижасида мамлакатнинг ҳудудий чегаралари ўзгариши мумкинлигини айтган.
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффга кўра, Москва ва Киев ўртасида урушдан кейинги тартибга оид келишувларда Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлик кафолатлари ҳурмат қилиниши лозим.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter