Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Брюссель учрашуви тинчлик йўлида умидли қадам деб баҳоланмоқда

Брюссель учрашуви тинчлик йўлида умидли қадам деб баҳоланмоқда

Бу – И.Алиев, Н.Пашинян ва Ш.Мишелнинг учинчи учрашуви.

Фото: AFP

Жорий йил 22 май куни Бельгия пойтахти Брюсселда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида музокара ўтказди.

Музокара якунида чегара масалалари бўйича биринчи мажлисни яқин кунларда ташкил этишга келишилган. Илк мажлисда эса чегаралар делимитацияси ва барқарорлик шартлари муҳокама этилиши кутилмоқда.

Олий даражадаги учрашувда Озарбайжон ва Арманистон ҳудуди орқали транзит масаласида ҳам келишувга эришилган. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи тинчлик битими борасида фикр алмашилган. Яқин ҳафталарда ташқи ишлар вазирлари бу масалада музокара ўтказиши кутилмоқда. 

Брюсселдаги учрашув таҳлилчилар томонидан тинчлик йўлидаги умидли қадам деб баҳоланмоқда. Хусусан, Европа сиёсати маркази таҳлилчиси Аманда Пол уч томонлама музокаралар Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасида тинчлик битими имзоланишига умидни кучайтирганини қайд этди.

«Бу – президент И.Алиев, бош вазир Н.Пашинян ва ЕИ кенгаш раиси Ш.Мишелннг учинчи учрашувидир. Биз воқеалар ривожида ижобий силжишни кузатдик. Муҳокамалар сезиларли натижа бера бошлади, томонлар тинчлик борасида жиддий мажбуриятларни олмоқда», – дейди таҳлилчи.

Сиёсатшунос урушдан кейинги даврда тинчлик битимига эришишда ЕИ муҳим роль ўйнаётганини ҳам қайд этган.

Исроиллик таҳлилчи Михаил Финкель ҳам расмий Бокунинг тинчлик йўлидаги уринишларини ижобий баҳолаган. Айни чоқда, қўшни мамлакат мухолифати тинчлик битимини имзолашга қаршилик қилмаслиги муҳимлигини таъкидлаган.

Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжон Арманистонга ўзаро муносабатларни изга солишни назарда тутувчи беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилган. Мазкур таклифлар икки мамлакат муносабатларини изга солиш ва робиталарни йўлга қўйишга қаратилган фундаментал тамойилларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон президенти, Арманистон бош вазири ва Европа Иттифоқи кенгаши раиси жорий йил 6 апрель куни ҳам Брюсселда музокара ўтказган.

Таҳлилчиларга кўра, Боку ва Ереван ўртасида муносабатларни меъёрлаштириш борасида музокаралар бошлангани муҳим янгилик саналади. Чунки бу кўп йиллардан буён зиддиятли муносабатга эга бўлиб келаётган икки давлат ўртасида рисоладагидек алоқаларни йўлга қўйиш борасида дастлабки қадам бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг