Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эркин матбуотга ҳужумларни асло оқлаб бўлмайди – Анналена Бербок

Эркин матбуотга ҳужумларни асло оқлаб бўлмайди – Анналена Бербок

Фото: Reuters

Чинакам ҳур жамият учун эркин оммавий ахборот воситалари сув билан ҳаводек зарур. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Бонн шаҳрида бўлиб ўтаётган глобал медиафорум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидлаган.

Сиёсатчи дунё миқёсида сўз ва матбуот эркинлиги йўлида тўсиқлар кучайиб, журналистларга ҳужумлар кўпайиб бораётганини хавотирли ҳолат деб атаган.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти хулосасига кўра, жаҳон мамлакатларининг 70 фоиздан кўпроғида матбуот эркинлиги муаммоли ёки ундан-да ёмон вазиятда. Ҳатто Германия ҳам бу борадаги рейтингда беш ўрин пастлаган.

«Афсуски, мамлакатимизда, айниқса, намойишларда журналистларга нисбатан зўравонликлар кузатилмоқда. Мен аниқ-тиниқ таъкидламоқчиман: қаерда бўлмасин, эркин хабар бериш фаолиятига қарши ҳужумларга асло тоқат қилиб бўлмайди. Шу боис ҳам биз – ҳукумат сифатида ҳатто ўзимизга қарши ўтказилаётган намойишлар вақтида ҳам эркин оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилишга мажбурмиз», – дейди Германия ТИВ.

Бонн шаҳрида DW томонидан ўтказилаётган медиамашваратда бу йил ихтилофларни енгиб ўтиш мавзуси марказий ўрин эгаллаган.

«Биз дунёдаги зиддиятларни бартараф этишни истасак, турли нуқтаи назарларни тинглаш ва тушунишимиз керак бўлади. Хавотирларга қулоқ тутишимиз, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишимиз ва ихтилофларни енгиш учун нималар қилиш кераклигини очиқ муҳокама этишимиз керак», – дейди олмон бош дипломати.

Таъкидланишича, ранг-баранг қарашлар, турли нуқтаи назарлар муҳокамасида ОАВ ҳал қилувчи ўрин тутади.

Анналена Бербок Россиянинг Украинага қарши босқини давом этаётган ҳозирги паллада холис ва мустақил матбуот ўрни янада ошганини урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, Германия ТИВ ўтган йилги глобал медиафорумда ахборий хуружлар ҳамда дезинформация авж олган пайтда ОАВ масъулияти ҳақида гапирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг