Франция жанговар роботлар бўлинмасини синовдан ўтказишни бошлади
Францияда пиёда аскарлар ёки кавалерия эскадрони вазифаларининг бир қисмини бажаришга қодир роботлаштирилган жанговар бўлинма ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Le Point нашри хабар берди.
2025 йилда бошланган Pendragon лойиҳаси Мудофаа соҳасидаги сунъий интеллект бўйича вазирлик агентлиги (AMIAD), Истиқболли жанговар ҳаракатлар қўмондонлиги (CCF) ҳамда мудофаа саноати вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа муаллифлари 2027 йил ёзида тажриба тариқасида роботлаштирилган жанговар бўлинмани (URC) тақдим этишни режалаштирмоқда. Унинг таркибига ўнга яқин ерусти роботлашган платформа ва қарийб 60 та учувчисиз учиш аппарати киради.
«120–130 нафар ҳарбийни хавф остига қўйиш ўрнига, фронт ортида жойлашган тахминан 15 нафар ҳарбий масофадан туриб роботлар ва дронларни бошқаради», — дейди лойиҳанинг тактик қисми учун масъул подполковник Кристоф.
Нашрнинг қайд этишича, лойиҳанинг асосий элементи C2 Pendragon номли сунъий интеллектга асосланган бошқарув тизими бўлади. У қўмондон томонидан берилган топшириқлар асосида робот платформалар ҳаракатларини мувофиқлаштиради.
Маълумотларга кўра, ерусти роботларининг аксарияти ички ёнув двигателлари билан жиҳозланган. Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, бу электр платформаларга нисбатан техникани тезроқ сафга қайтариш имконини беради. Келажакда роботлар пулемётлар ва масофадан бошқариладиган ўқ-дорилар контейнерлари каби турли қуролларни олиб юриши мумкин. Мажмуа таркибига разведка ва зарба берувчи дронлар ҳам киради.
Таъкидланишича, қуролни қўллаш бўйича якуний қарор ҳар доим инсон томонидан қабул қилинади.
Тажриба бўлинмаси намойиш этилгач, уни қўллаш доктринаси ишлаб чиқилади ва қўшимча синовлар ўтказилади. Дастурчилар ҳисоб-китобига кўра, битта шундай роботлаштирилган бўлинманинг қиймати тахминан 10 миллион еврони ташкил этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter