Германияда чўчқа гўшти овқатдан заҳарланишнинг асосий манбаига айланди
Германияда «Mett» деб номланувчи хом чўчқа гўштига асосланган таом оммавий заҳарланишга олиб келувчи омиллар орасида биринчи ўринга чиқди. Бу ҳақда Bild нашри ёзмоқда.
Мамлакатда шу пайтгача оммавий заҳарланишларнинг асосий манбаси пастеризация қилинмаган сут эди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича федерал идора (BVL) 2015–2024 йиллардаги статистикани ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди. Германияда «Mett» таомини анъанавий тарзда хомлигича, пиёз ва зираворлар қўшиб, нонга суртган ҳолда истеъмол қилишади.
2024 йилда Германиядаги энг йирик овқатдан заҳарланиш омили айнан зираворлар қўшилган чўчқа гўшти қиймасини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлди. Ўшанда 191 киши салмонеллёзга чалинган, улардан 64 нафари шифохонага ётқизилган, уч киши вафот этган.
Умуман олганда, ўн йил давомида мамлакат расмийлари озиқ-овқат инфекциялари билан боғлиқ 3 021 та ҳолатни қайд этган бўлиб, уларда қарийб 19,8 минг киши касалланган ва 59 та ўлим ҳолати кузатилган. Шунга қарамай, фақатгина 297 та ҳолатда заҳарланишга аниқ қайси маҳсулот сабаб бўлганини аниқлашнинг имкони бўлган.
Касалликларга аксар ҳолларда Campylobacter ва Salmonella бактериялари сабаб бўлган. Шу билан бирга, санитария назорати кучайтирилгани туфайли пастеризация қилинмаган сут билан боғлиқ заҳарланишлар сони сезиларли даражада камайган.
BVL раҳбари Габи-Флёр Бёлнинг таъкидлашича, инфекция тарқалиш жойини аниқлашнинг имкони бўлган ҳолатларнинг аксарияти уй шароитида юз берган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter