Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечиш учун АҚШга шарт қўйди

Ҳиндистон АҚШга Россия нефтидан воз кечиш шартини айтди. Бунинг учун Эрон ва Венесуэладан нефт етказиб беришга қўйилган тақиқни бекор қилиш керак, дея ёзади Bloomberg.
Вашингтонда бўлиб ўтган савдо музокаралари чоғида Ҳиндистон делегацияси бир вақтнинг ўзида жаҳон ёқилғи бозорида муҳим ўринларни эгаллаган Россия, Эрон ва Венесуэла нефтидан воз кечиш нефт ва нефт маҳсулотлари нархининг кескин ошишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Ҳиндистон расмийларига кўра, Эрон ва Венесуэлага нисбатан санкцияларни бекор қилиш Оқ Уйнинг Россия нефтидан воз кечиш талабларини қондириш учун зарурий шартдир.
Август ойида Қўшма Штатлар Россиядан хомашё сотиб олгани учун Ҳиндистон товарларига қўшимча 25 фоизлик бож жорий қилди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги бу чораларни адолатсиз деб атади.
Босимларга қарамай, мамлакат нефтни қайта ишлаш заводлари Россия энергия таъминотидан воз кечишни режалаштирмаган. АҚШ президенти Доналд Трамп БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи давомида яна бу масалага қайтди ва Ҳиндистон ва Хитойни Россия билан иқтисодий ҳамкорлик туфайли Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни молиялаштирганликда айблади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter