Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мўғулистон президенти истеъфога чиқди

Мўғулистон президенти истеъфога чиқди

Фото: Mongolnow.com

Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўз истеъфосини эълон қилди. Шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида у «ақл бовар қилмайдиган ва ниҳоятда жиддий жиноят» билан боғлиқ ҳолда унга туҳмат қилишгани ва ҳақоратлашганини маълум қилди.

Associated Press агентлигининг хабар беришича, президент давлат темир йўл лойиҳасидан молиявий манфаат кўрганликда айблангани сабабли истеъфога чиқишга қарор қилган. Хурэлсух тергов билан ҳамкорлик қилишини таъкидлади.

Президент ва бошқа сиёсатчиларга қўйилган айбловлар Таван-Толгой — Гашуунсухайт темир йўли қурилиши бўйича Bodi Group компанияси ғолиб чиққан тендер билан боғлиқ. Mongolia Daily нашрининг хабар беришича, мансабдор шахслар жами 110 миллион доллар пора олган бўлишлари мумкин.

Мўғулистон парламентидаги мухолифат партияси 16 ноябр куни Хурэлсух ва яна бир қанча расмийларнинг истеъфосини талаб қилган эди.

Президент бир муддат кутиб, вазиятни кузатганини қайд этди. «Масъулиятли лавозимни эгаллаб турган шахс сифатида, мен бугун ушбу баёнотни беришга қарор қилдим. Қонун олдида ҳамма тенг», — дея қўшимча қилди у.

Ухнаагийн Хурэлсух унинг обрўсига путур етказаётганлар «жавобгарликка тортилишини» алоҳида таъкидлади. У ўз «шаъни қайта тикланишига» ишончи комил эканини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг