Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мурғак гўдак жасадини қучган аёл. Йил фотолари эълон қилинди

Мурғак гўдак жасадини қучган аёл. Йил фотолари эълон қилинди

Фотожурналистика бўйича World Press Photo танловининг 2024 йилги ғолиблари эълон қилинди. Нуфузли танловга 130 мамлакатнинг 3851 нафар фотографидан 61062 та фотосурат келиб тушди. 

Reuters агентлиги мухбири Муҳаммад Салим томонидан олинган фотосурат «Йил сурати» деб топилди. Унда Исроил ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 6 ёшли жияни жасадини қучиб ўтирган фаластинлик 36 ёшли Инас Абу Маъмар акс этган. 2023 йил 17 октябрь куни Ғазо секторидаги хонадон бомбаланиши оқибатида қизалоқ билан бирга унинг онаси ва опаси ҳам вафот этган. Ушбу сурат Ғазо секторида сўнгги олти ой давомида Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган минглаб бегуноҳ болалар фожиасини акс эттиргани билан қимматлидир.

Жанубий Африка вакили Ли-Энн Олваге (Lee-Ann Olwage) томонидан тасвирга олинган суратлар «Йил репортажи» номинациясида ғолиб деб топилди. Ушбу туркумдаги суратларда деменция (ақлий заифлик) хасталигига чалинган мадагаскарлик 91 ёшли Дада Пол Ракотазандрини тақдир синовларини қандай қарши олгани тасвирланган. Таъсирли жиҳати, хотирасини йўқотган қарияга кундалик юмушларни адо этиш, ҳатто кийинишда 41 ёшли қизи ва 5 ёшли набираси кўмак беради, мўйсафидга ибодатхона йўлини ҳам улар кўрсатади. Ушбу суратлар орқали фотограф жамоатчилик эътиборини деменцияга чалинган беморларга қаратишни мақсад қилган.

World Press Photo танловининг «Энг узоқ муддатли лойиҳа» номинациясида венесуэлалик Алехандро Сегарра (Alejandro Cegarra) «Икки девор» туркуми билан ғолиб чиқди. Ушбу туркум бахт ва фаровон ҳаёт излаб АҚШга йўл олган муҳожирларнинг хатарнок йўлига бағишланган.

Украиналик фотожурналист Юлия Кочетова (Julia Kochetova) эса танловнинг «Очиқ формат» номинациясида ғолиб деб топилган. У Украина халқининг Россия босқинига қарши мардонавар курашини муҳрлашга ҳаракат қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг