Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўш фожиа: Гўёки сеп учун ўлдирилган келин ва даҳшатли қасос...

Қўш фожиа: Гўёки сеп учун ўлдирилган келин ва даҳшатли қасос...

Аншу ва

Икки оила можароси, даҳшатли фожиа, уч киши ҳалок бўлган ва етти киши қамоқда. 

Ҳиндистон шимолидаги Праяграж шаҳрида содир бўлган воқеа ўрта синф вакиллари яшайдиган маҳаллани даҳшатга солди, дейилади BBC хабарида.

«18 мартга ўтар кечаси соат 23:00 атрофида уйимизга 60-70 га яқин одам келди. Улар бизни шафқатсизларча калтаклай бошлашди», — дейди Шивани Кесарвани.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум қилганлар орасида Аншиканинг оила аъзолари ва қариндошлари бўлган. Аншика ўз навбатида Кесарванилар оиласига келин бўлиб тушган. У ҳужум уюштирилишидан қарийб бир неча соат олдин хонасида осилган ҳолда топилган.

Шивани ва полиция Аншика ўз жонига қасд қилганини даъво қилмоқда, аммо оиласи ва қўшнилари у сеп учун ўлдирилганини айтишмоқда.

Кесарванийлар оиласи ёғоч савдоси билан шуғулланиб, бир оила бўлиб яшаган. Биринчи қават ва ертўлада дўкон ва омбор жойлашган бўлиб, юқори қаватларда оила аъзолари истиқомат қилишган. Ҳар бир қаватда битта ётоқхона бор эди: Аншу бир йил олдин тўй қилганидан бери хотини билан энг юқори қаватда яшаган, ота-онаси биринчи қаватда, синглиси Шивани эса иккинчи қаватда яшаган.

Шивани.

«Аншика одатда кечки овқатга соат 20:00 атрофида келарди, лекин ўша куни у келмади ва биз ухлаб қолган бўлса керак, деб ўйлагандик»,– дейди Шивани BBCга.

Унинг сўзларига кўра, акаси соат 22:00да дўкондан келганида хотинига қўнғироқ қилган.

«Эшик тақиллаши ва қўнғироқлари жавобсиз қолгач, эшик синдирилган. У Аншикани ўлик ҳолда топган. Қичқириқ овозидан ҳаммамиз юқорига югурдик», дейди Шивани.

Аншу ўлим ҳақида полиция бўлимига хабар берган ва Аншиканинг ота-онаси бу ҳақда хабардор қилинган.

Полиция маълумотларига кўра, бир соатдан камроқ вақт ўтиб, Аншиканинг оиласи ўнлаб қариндошлари билан бирга келган ва бир неча дақиқадан сўнг оилалар ўртасида шиддатли муштлашув бошланган.

Шивани ОАВга эркакларнинг бақириб, бир-бирини ёғоч таёқ билан уришаётгани тасвирланган видеони кўрсатади. Полициячининг ўртада тартибни тиклашга уриниши самарасиз эди.

Аншиканинг жасади уйдан олиб чиқилгач, унинг қариндошлари уйга ўт қўйишган, деб хабар беради полиция.

Шивани ва унинг холаси иккинчи қават ойнасини синдириб, яқин атрофдаги амакисига тегишли уйга қочишади. Унинг ота-онасига эса омон қолиш насиб этмади.

Ўт ўчирувчилар соат 3 ларда уйга киришганида, ёнғинни ўчириш учун уч соатдан кўпроқ вақт керак бўлди, улар кекса эр-хотиннинг куйган жасадларини топдилар.

Шиванининг вафот этган ота-онаси.

«Онамни зинапояда ўтирган ҳолда топишди. Улар онамни қопда ўликхонага олиб кетишди»,– дейди Шивани кўз ёшларини артиб.

Шиванининг полицияга ёзган шикоятида Аншика оиласининг 12 нафар аъзоси ва «60-70 нафар номаълум шахс» номи кўрсатилган.

Полиция маълумотларига кўра, етти киши, жумладан Аншиканинг отаси, амакиси ва уларнинг ўғиллари ҳибсга олинган ва қамоқда қолмоқда.

Уларнинг айтишларича, Аншиканинг отаси «Аншу, унинг ота-онаси ва опа-сингиллари»ни қизининг сепи учун таъқиб қилиб, ўлдирганликда айблаб, қарши ариза берган.

Шивани оиласига қўйилган айбловларни рад этади, гарчи тўйда Аншика оиласидан совғалар, жумладан, машина олганини тан олади. «Улар қизларига хоҳлаган ҳамма нарсани беришди. Биз ҳеч нарса сўрамадик», — дейди у.

Аншу хотини вафот этган кечадан бери уйига қайтмади. «У яшириниб юрибди, чунки Аншиканинг кўп қариндошлари қамоқдан чиққани учун у ўз ҳаётидан қўрқади»,– дея қўшимча қилади у.

Ҳиндистонда 1961 йилдан бери қизларга сеп бериш ҳам, қабул қилиш ҳам ноқонуний ҳисобланади, аммо яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳинд никоҳларининг 90 фоизи ҳали ҳам бу одатга амал қилади.

Полиция ҳар йили аёлларнинг зўравонлиги бўйича минглаб шикоятларни қабул қилади ва жиноят маълумотлари шуни кўрсатадики, 2017 ва 2022 йиллар оралиғида Ҳиндистонда 35 493 нафар келин сепларининг етарли эмаслиги сабабли ўлдирилган.

Ҳозирда амакисининг оиласи билан яшайдиган Шивани адолат юзага чиқишини хоҳлайди.

«Мен адолатни хоҳлайман. Ҳаётим вайрон бўлди, уйим ва оилам ғойиб бўлди. Мен эркин ва адолатли тергов ўтказилишини ва айбдор деб топилганларнинг ҳаммаси жазоланишини истайман»,– дейди у.

Шивани полициядан ҳам ғазабланган. «Уйимиз олдида камида йигирма нафар полициячи бор эди, лекин ота-онамни қутқариш учун ҳеч ким келмади. Улар шунчаки туришди ва томоша қилишди», – деди у.

Полиция бу айбловни кескин рад этади. «Бу нозик масала эди ва ҳиссиётга берилмаслик керак. Биз жасадни воқеа жойидан олиб чиқиб, «очиш» учун касалхонага олиб боришга эътибор қаратдик. Мақсадимиз оломонни тарқатиш ва вазиятни юмшатиш эди», – деди исмини ошкор қилишни истамаган юқори мартабали полициячи.

«Ҳеч ким уй ёниб кетишини кутмаган эди. Бу мутлақо кутилмаган бўлди», — дея қўшимча қилди у. — «Биз дарҳол ўт ўчириш бўлимига қўнғироқ қилдик. Биз ҳам беш кишини қутқаришга ёрдам бердик».

Қўшалоқ фожиа Аншиканинг оиласини ҳам ранжитди. Ҳикояда уларнинг томонларини эшитиш учун Аншика тўйидан олдин яшаган ота-онасининг уйига ташриф буюрилган.

Аншиканинг уйидан атиги 2 км нарида амакисининг уйи бор. У ва унинг ўғиллари ҳибсга олинганлар орасида. Оила ҳозирча ОАВ билан гаплашишдан бош тортган.

Журналистик суриштирув давомида Аншиканинг бобоси Жавоҳар Лал Кесарваний билан суҳбатлашишнинг имкони бўлган.

«Сизга нима айта оламан? Менинг бутун оилам қамоқда, ўғилларим, невараларим», — дейди у бир неча дақиқадан сўнг.

«Улар Аншикани ўлдириб, ўз жонига қасд қилгандек кўрсатиш учун уни осиб қўйишди»,—дея қўшимча қилади у.

Жаноб Кесарванининг айтишича, Аншика учун катта тўй қилинган. «Биз 5 миллион рупий (60 000 доллар) сарфладик. Биз унга уй хўжалиги учун зарур бўлган ҳамма нарсани ва 1,6 миллион рупийлик машинани бердик».

Унинг қўшимча қилишича, ўтган феврал ойида Аншика уларникига ташриф буюрганида, «гўёки уни кузатишаётганини айтди. Биз унга ўрнида қолишни, мослашиши кераклигини, ҳаммаси яхшиланишини айтдик»,– деди у афсус билан.

Қўшни хонадонда яшовчи аёл Аншиканинг «жуда яхши хулқли қиз» эканини айтади ва унинг оиласини «жуда оддий... улар айбланаётган даҳшатли жиноятни содир этишга қодир эмас», – деб таърифлайди.

«Аммо ачинарли ҳол шундаки, ҳозир ҳеч ким Аншика билан бўлган воқеа ҳақида гапирмаяпти. У  қандай қилиб вафот этди?

Кесарванилар ўз ҳудудида обрўли оила бўлиб, камтар, дўстона деб таърифланади ва қўш фожианинг тафсилотлари қўшниларни ҳайратда қолдирди.

«Улар жуда яхши одамлар. Бу қандай содир бўлганини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Улар жанжал қиладиган одамлар эмас», – дейди улардан бир неча уй нарида яшовчи шахс.

«Ёнғинда ким сабабчи эканини билмаймиз, лекин қизининг жасадини кўрган ҳар қандай одам ақлини йўқотади»,– дея қўшимча қилади у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг