Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

 Рокфеллер IV нинг ҳайратланарли ҳаёт йўли ва ўлими

 Рокфеллер IV нинг  ҳайратланарли ҳаёт йўли ва ўлими

фото:интернет очиқ манба

2026 йил 6 ноябрь куни Америка сиёсий ҳаётининг таниқли арбобларидан бири, собиқ сенатор ва Ғарбий Виржиния штати губернатори Жон Дэвисон «Жей» Рокфеллер IV 89 ёшида вафот этди. У Вашингтондаги уйида ҳаётдан кўз юмди. Оиласи ўлим сабабини ҳозирча ошкор қилмаган...

Ўзи, отаси ва амакилари..

Жей Рокфеллернинг ҳаётини фақат сиёсий лавозимлар ёки машҳур фамилия билан ўлчаб бўлмайди. У Америка тарихидаги энг бой сулолалардан бирида туғилган бўлса-да, тақдирини оилавий бойлик соясида эмас, камбағаллар, оддий одамлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаати учун курашиш билан боғлашга ҳаракат қилди. Энг қизиғи, бу йўлда ўз оиласининг сиёсий анъаналарига ҳам қарши борди. Рокфеллернинг ҳаётидаги энг катта зиддият ҳам шунда эди: у дунёдаги энг машҳур капиталистик сулолалардан бирининг авлоди бўлиб, сиёсий майдонда Демократик партия вакили сифатида фаолият юритди.

Жей Рокфеллер 1937 йил 18 июнда Нью-Йоркда туғилган. Унинг тўлиқ исми Жон Дэвисон Рокфеллер IV эди. Жейнинг катта бобоси – Жон Дэвисон Рокфеллер Америка тарихидаги энг бой инсонлардан бири бўлган. У Standard Oil нефть империясини барпо этиб, улкан бойлик тўплаган ва замонавий Америка саноати ривожига катта таъсир кўрсатган. Жейнинг отаси Жон Д. Рокфеллер III машҳур филантроп, яъни хайрия ишлари билан шуғулланувчи тадбиркор эди. Амакилари орасида эса Нью-Йорк губернатори ва АҚШ вице-президенти бўлган Нельсон Рокфеллер, банкир Дэвид Рокфеллер каби машҳур шахслар бор эди.

Бундай оилада туғилган боланинг келажаги олдиндан белгилаб қўйилгандек эди. Унга бойлик, нуфуз, обрў ва сиёсий имкониятлар мерос бўлиб қолиши мумкин эди. Аммо Жей ўз ҳаётини бошқача қуришга қарор қилди. У Гарвард университетида таҳсил олди, Японияда яшаб, халқаро таълим муҳити билан танишди. Токиодаги Халқаро христиан университетида инглиз тилидан дарс берди. Кейинчалик АҚШдаги тинчлик корпуси ва ижтимоий хизмат дастурларида ҳам иштирок этди.

Миллионер авлодидан оддий қишлоқ аҳолиси орасига

Жей Рокфеллер тақдирини ўзгартирган воқеалардан бири 1964 йилда юз берди. У АҚШнинг энг қашшоқ ҳудудларидан бири ҳисобланган Ғарбий Виржиния штатига борди. Кейин VISTA – камбағалликка қарши курашишга қаратилган кўнгиллилар дастурида ишлай бошлади. Жей бой оила фарзанди сифатида ҳашаматли ҳаёт кечириш ўрнига оддий одамлар орасида яшашни маъқул кўрди. Унга дастур доирасида камтарона турмуш кечириш, маҳаллий аҳоли муаммоларини ўз кўзи билан кўриш ва уларга ёрдам бериш вазифаси юклатилган эди.

Жей Эммонс номли кичик аҳоли пунктида яшаб, ёшлар билан ишлади, соғлиқни сақлаш лойиҳаларида қатнашди. Ҳатто болалар учун илк бейсбол жамоасини ташкил этишга ёрдам берди. Аёллар саломатлигини текшириш учун кўчма тиббий хизматни йўлга қўйишда ҳам иштирок этди.

Жей қашшоқ ҳудудга вақтинча келган эди. Аммо Ғарбий Виржиния аҳолисининг ҳаёти, уларнинг қийинчиликлари ва муаммолари унга шунчалик таъсир қилдики, бу штатни ўзининг янги ватанига айлантирди.

1966 йилда Жей Рокфеллер маҳаллий қонун чиқарувчи органга сайланди. 1968 йилда эса штат давлат котиби лавозимини эгаллади. 1972 йилда губернаторлик сайловида мағлуб бўлганига қарамай, сиёсий фаолиятини тўхтатмади. 1976 йилда губернатор этиб сайланди ва 1977–1985 йилларда икки муддат ушбу лавозимда ишлади.

Сенатда 30 йил

1984 йилги сайловда Жей Рокфеллер АҚШ Сенатига сайланди. 1985 йилдан 2015 йилгача, яъни роппа-роса 30 йил давомида Ғарбий Виржиния манфаатларини мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органида ҳимоя қилди. Унинг сиёсий қарашлари оиласининг кўпчилик аъзоларидан фарқ қиларди. Рокфеллерлар сулоласининг аксарияти Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлаган бир пайтда, Жей Демократик партия аъзоси бўлди.

Сенатор сифатида у, аввало, кам таъминланган оилалар, болалар, кекса инсонлар, кончилар ва ҳарбий хизматчилар манфаатларига эътибор қаратди. Энг муҳим ишларидан бири 1997 йилда болалар тиббий суғуртасини кенгайтиришга қаратилган дастур – CHIP ташкил этилишида иштирок этганидир. Бу дастур орқали ота-онасининг даромади етарли бўлмаган миллионлаб америкалик болалар тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Рокфеллер Medicare дастурини ҳимоя қилиш, кончиларнинг соғлиғини сақлаш ва уларга тиббий имтиёзлар бериш, ҳарбий хизматчилар саломатлиги билан боғлиқ касалликларни ўрганиш каби масалаларда ҳам фаол қатнашди. Унинг эътиборини фақат ижтимоий соҳа тортмасди. Рақамли технологиялар тараққиёти билан боғлиқ киберхавфсизлик масалаларини ҳам кўтарди. 2014 йилда компьютер тармоқларини ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик стандартларини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари сурди.

Энг катта сиёсий хато...

Жей Рокфеллер фаолиятида баҳсли қарорлар ҳам бўлган. Уларнинг энг муҳими 2002 йилда Ироққа қарши ҳарбий куч ишлатишга рухсат берувчи резолюцияни қўллаб-қувватлаганидир. Ўша пайтда Жорж Буш маъмурияти Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни урушга асос сифатида келтираётган эди.  Кейинчалик эса бундай қуроллар топилмади.

Рокфеллер ўз қарорини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. 2004 йилда унинг айтишича, агар ўша вақтда ҳозир билган маълумотларига эга бўлганида, урушни қўллаб-қувватламасди.

2008 йилда Сенат Разведка қўмитаси раиси сифатида у Ироқ урушига асос бўлган разведка маълумотларини текшириш бўйича йирик суриштирувга раҳбарлик қилди. Қўмита ҳисоботида Жорж Буш маъмурияти ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар разведка маълумотларини бўрттириб кўрсатгани, жамоатчиликка Ироқ таҳдиди ҳақида чалғитувчи тасаввур берилгани қайд этилди. Бу воқеа Рокфеллернинг сиёсий ҳаётидаги мураккаб саҳифалардан бири бўлиб қолди. У аввал қўллаб-қувватлаган қарорнинг оқибатларини кейинчалик очиқ танқид қилган эди.

Миллионлар вориси, аммо...

Жей Рокфеллернинг бойлиги ҳамиша жамоатчилик эътиборида бўлган. У АҚШ Конгрессидаги энг бадавлат сиёсатчилардан бири эди. 1984 йилги сенаторлик сайлови кампаниясига ўз маблағларидан ҳам миллионлаб доллар сарфлаган. Бироқ Жейнинг сиёсий фаолиятини фақат пул билан изоҳлаш қийин. Унинг энг муҳим сиёсий капитали Ғарбий Виржиниядаги сайловчилар билан ўрнатган муносабатлари эди. Нью-Йоркда туғилган, дунёдаги энг машҳур бойлар сулоласига мансуб инсоннинг камбағал кончилар штатида ўнлаб йиллар давомида сиёсий ишонч қозониши ўзига хос ҳодиса эди.

2013 йилда Жей олтинчи марта сенаторликка номзодини қўймаслигини эълон қилди. 2015 йилда эса 30 йиллик сенаторлик фаолиятини якунлади. Ўша пайтда айтган гаплари унинг ҳаётдаги асосий мақсадини ифода этарди: «Энг кўп ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилиш – бутун ҳаётимнинг мазмуни бўлди. Мен ўзим учун қадрли бўлган одамлар ҳаётини яхшилаш йўлида курашишдан ҳеч қачон тўхтамайман».

Оиласи ва шахсий ҳаёти

Жей Рокфеллер 1967 йилда Шэрон Персига уйланган. Унинг рафиқаси Америка жамоатчилик телевидениеси соҳасида фаолият юритган таниқли раҳбарлардан бири эди. Шэрон кейинчалик WETA жамоатчилик телеканали президенти ва бош ижрочи директори бўлиб ишлади.

Улар 58 йилдан ортиқ умр йўлдоши бўлиб яшадилар. Тўрт нафар фарзанд ва тўққиз нафар набирани вояга етказдилар.

Жей Рокфеллер ҳаётидаги энг диққатга сазовор жиҳат шундаки, у дунёдаги энг бой оилалардан бирида туғилган бўлса-да, фаолиятининг катта қисмини камбағаллик, тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ва оддий инсонлар муаммоларига бағишлади. Унинг болалар тиббий суғуртаси, кончилар ҳуқуқлари, кекса инсонлар ва ҳарбий хизматчилар саломатлиги йўлидаги ишлари Америка ижтимоий сиёсатида из қолдирди.

Эҳтимол, Жей Рокфеллернинг энг катта ҳаётий сабоғи шундадир: инсоннинг қандай оилада туғилгани муҳим, аммо умри давомида кимлар учун хизмат қилгани ундан ҳам муҳимдир.

Усмонжон Каримов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг