Россия Павел Дуровга қарши жиноий иш очди. Тадбиркор кескин жавоб берди
Телеграм асосчиси Павел Дуров Россияда унга қарши гўёки террорчилик фаолиятига ёрдам бергани учун жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги хабарларга жавоб берди.
«Россия менга қарши «терроризмга ёрдам бериш» айблови билан жиноий иш қўзғатди. Ҳар куни расмийлар россияликларнинг Телеграмга киришини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топадилар, уларнинг шахсий ҳаётга ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларини бостиришга ҳаракат қиладилар. Бу ўз халқидан қўрқадиган давлатнинг ачинарли манзараси», деб ёзган у ўз каналида.
Аввалроқ «Российская газета» ва «Комсомолская правда» газеталари Павел Дуровнинг ҳаракатлари Россияда Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми (террорчилик фаолиятига ёрдам бериш) бўйича тергов қилинаётгани ҳақида хабар беришган эди.
«Комсомолская правда» хабар беришича, мессенжер маъмурияти Роскомнадзор талабларини бажармаган ва болалар порнографияси билан боғлиқ 1369 та канал, чат ва ботларни, шунингдек, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 3771 та, ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ 2666 та ва вояга етмаганларни ноқонуний фаолиятга жалб қилишга бағишланган 2124 та канални олиб ташламаган.
«Российская газета» маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери мессенжер 153 000 та жиноятда, жумладан, саботаж, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ 33 000 та жиноятда иштирок этган. Булар қаторига Крокус сити холл террористик ҳужуми ва Дария Дугина ва генерал Игор Кирилловнинг ўлдирилиши киради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter